АҚШ Адлия вазирлиги қошидаги прокуратура идорасининг Нью Йорк жанубий ҳудуди бўйича прокурори 2019 йилнинг 7 март куни Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан расмий айбловларни эълон қилди.
Каримова қарийб 10 йил давомида турли молиявий схемалар орқали акциялари АҚШ биржасида сотувга қўйилган уч йирик халқаро телеком ширкати – TeliaSonera, VimpelCom ва МTCдан жами 865 миллион доллар пора олганликда айбланмоқда.
Адлия вазирлиги баëнотида таъкидланишича¸ Каримова АҚШнинг Foreign Corrupt Practices Act (“FCPA”) – Хориждаги коррупцияга қарши кураш ҳақидаги қонунига кўра¸ ҳозирга қадар энг катта пора олганликда айбланган шахсдир.
МТС Ўзбекистон собиқ директори¸ Каримованинг телеком соҳасидаги асосий одами бўлган Беҳзод Аҳмедов Гулнора Каримовага телеком ширкатларидан пора олишда ëрдам беришда айбланмоқда.
Каримова ва Аҳмедовнинг иккаласи ҳам порахўрлик схемасини яшириш мақсадида жуда кўп халқаро пул ўтказишлар орқали пул ювиш амалиëтида ҳам айбланмоқда.
Расмий баëнотда¸ ҳар иккала айбланувчининг АҚШда қўлга олинмагани ва бу айблар судда исботини топмагунча¸ Каримова ва Аҳмедовнинг айбсизлик презумпцияси остида экани айтилган.
Оддий арифметика
АҚШ прокурорлари йиллардан бери акциялари АҚШ қимматли қоғозлар бозорида сотувга қўйилган уч телекоммуникация ширкатининг Ўзбекистонга кириш ва сўнгра фаолият юритиш учун мамлакат президентига яқин шахсга миллионлаб доллар пора бергани бўйича тергов-текширув олиб борди.
Бу жараëнда¸ вазирлик эътирофича¸ Австрия¸ Бельгия¸ Қибрис¸ Франция¸ Ирландия¸ Isle of Man, Латвия¸ Люксембург¸ Норвегия¸ Ҳолландия¸ Швейцария¸ Швеция¸ Буюк Британия ҳуқуқ тизимлари фаол иштирок этган.
7 март куни АҚШ қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси Россиянинг энг йирик телеком ширкати МТС билан бу терговни якунлаш бўйича судгача келишувга эришилгани ва бу келишувга кўра МТС АҚШга 850 миллион доллар жарима тўлашга рози бўлганини эълон қилди.
Айни шу куни АҚШ Адлия вазирлиги МТС¸ ундан аввал эса¸ Ҳолландияда жойлашган VimpelCom, ва Швециянинг Teliа (TeliaSonera) ширкатлари билан эришилган шу каби келишувларда учала ширкатнинг порани Гулнора Каримовага берганини эътироф этгани ва учала ширкат тўлаган жами пора миқдорининг 865 миллион долларни ташкил қилишини эълон қилди.
Вазирлик расмий баëнотида ëзилишича¸ VimpelCom 2005-2012 йиллар давомида Гулнора Каримовага 114 миллион¸ Telia 2007-2010 йилларда 331 миллион¸ МТС эса¸ ўз фаолияти давомида 420 миллион доллардан кўпроқ пора берганини тан олган. Уч ширкатнинг расман тасдиқланган жами пора миқдори эса¸ 865 миллион долларга тенгдир.
Прокурорлар баëноти
Нью Йорк жанубий ҳудуди прокурори Geoffrey S. Berman 7 март кунги расмий баëнотда шундай деди:
“Бу Ўзбекистон ҳукуматининг энг юқори поғоналарига бориб етган ва дунëнинг айрим энг йирик телекоммуникация ширкатлари томонидан уюштирилган қарийб 1 миллиард долларлик пора схемасидан туғилган трилогиянинг учинчи қисмидир. АҚШ молия тизими орқали кўп миллион долларлик пора тўловларини ўтказиш билан ширкат ва шахслар глобал иқтисоддан ўз манфаатларига хизмат қилиш ва чўнтакларини қаппайтириш учун жинояткорона фойдаланишга уринди. Аммо бугунга келиб улар бу қилмиши учун ҳақ тўламоқда. Бугун мен тамсил қиладиган идора ва бизнинг ҳуқуқ тизимидаги ҳамкорларимиз АҚШ молия тизими хориждаги порахўрлик ва пул ювиш амалиëтлари хизматида эмаслиги ҳақида кескин ва қатъий мужда бераяпмиз. Прокуратура идораси дунëнинг қаерида бўлишидан қатъий назар хориждаги коппупцион амалиëтлар олдини олиш¸ тергов қилиш ва жазолашга тайëрдир”.
АҚШ Адлия вазири ëрдамчиси Brian A. Benczkowski:
“Гулнора Каримова ўз расмий мавқеидан фойдаланиб¸ акциялари очиқ савдода сотиладиган телеком ширкатларидан 865 миллион доллардан кўпроқ пора талаб қилиш ва олиш¸ сўнгра бу пулларни АҚШ молия тизими орқали ювишда айбланмоқда. Бугун эълон қилинган айблов ва корпорация билан эришилган келишув (МТС назарда тутилмоқда-таҳр.)¸ қолваерса бундан аввал Каримовага пора берганликда гумонланган бошқа икки корпорация (Telia ва VimpelCom -таҳр.) билан битим АҚШ Адлия вазирлигининг хориждаги коррупцияга нисбатан муносабатини яққол акс эттиради: биз хориж давлатларидаги порахўр расмийлар¸ айни пайтда¸ уларга ўз бизнеси учун имтиëз олиш мақсадида пора берувчи компания ва шахсларни қатъият билан таъқиб қиламиз ва АҚШ молия тизимини коррупция амалиëтларидан холи тутиш учун ҳамма ишни қиламиз.”
Гулнора Каримова ва Беҳзод Аҳмедов қаерда?
Ўзбекистон Бош прокуратураси 5 март куни эълон қилган расмий баëнотга кўра¸ Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Г.Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Аммо Каримова суд томонидан юклатилган мажбуриятларни бажармагани ортидан 2019 йил 5 мартда Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.
2017 йил 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси Бош прокуратура расмий сайтида "Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар" эълон қилган эди.
Бу баëнотда Гулнора Каримовага Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани айтилган эди.
Айни баëнотда¸ “Каримовага нисбатан уюшган жиноий гуруҳга қўйидаги жиноятларни содир этишга кўмаклашиш ҳолатлари бўйича алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилаëтгани ва унга нисбатан Жиноят кодексининг олтита моддаси бўйича айблов эълон қилиниб¸ қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани" ҳам айтилган эди.
2012 йил 6 июнь куни Гулнора Каримова билан кескинлашган зиддият ортидан Ўзбекистондан қочиб кетган Беҳзод Аҳмедов эса¸ ҳозирда Россияда бекиниб яшаб юрипти. У "шахсий хавфсизлигига нисбатан таҳдидлар" боис¸ Россия ҳуқуқ тизимлари ҳимояси остида яшамоқда.