Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:48

Собиқ Миллий хавфсизлик хизмати генерали Ҳаёт Шарифхўжаев ушланди


Жума, 30 март, тушдан кейин Ўзбекистон собиқ Миллий хавфсизлик хизмати (ДХХ) генерали, шахсий таркиб хавфсизлигини таъминловчи назорат хизматини 2015 йилгача бошқарган Ҳаëт Шавкатович Шарифxўжаев ушланди.

51 яшар Ҳаёт Шарифхўжаев Бош прокуратура топшириғи билан Ички ишлар вазирлиги оператив гуруҳи аъзолари томонидан ҳибсга олингани тўғрисида Озодликка Шарифхўжаевни ҳибсга олиш амалиётида бевосита иштирок этган Ички ишлар вазирлигининг зобити исмини сир сақлаш шарти билан маълум қилди.

Айни хабарни Бош прокуратура терговчиларидан бири ҳам тасдиқлади.

Шу пайтгача айни мулозим берган маълумотлар¸ жумладан собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров ва собиқ президент маслаҳатчиси Жамшид Файзиевларнинг қўлга олингани ҳақидаги хабарлар кейинчалик расман тасдиғини топган эди.

Юқоридаги бир-биридан мустақил икки манбага кўра, ушбу мақола ёзилаётган соатларда (2 апрель кечга яқин) ДХХ генерали Ички ишлар вазирлиги биносининг ертўласида ушлаб турилибди.

Айни пайтда, 2 апрель куни Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ходими Ҳаёт Шарифхўжаевнинг ҳибсга олинганига оид саволга “бизда маълумот йўқ,” деб жавоб қайтарди.

“Криша”

51 яшар Ҳаёт Шарифхўжаев, унинг ушлангани тўғрисида хабар қилган Бош прокуратура терговчисининг билдиришича, мамлакат собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров ва Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари Мирағлам Мирзаев устидан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ҳибсга олинган.

Ички ишлар вазирлиги ходимининг айтишича, Ҳаёт Шарифхўжаев Тошкент шаҳар Чилонзор туман солиқ департаменти (СВЖЖДЛҚКД) собиқ бошлиғи Зиёдулла Иноғомовнинг берган кўрсатмаси асосида ҳибсга олинган.

Зиёдулла Иноғомов 20 март куни Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан ўтказилган махсус амалиёт пайтида ушланган 25 нафар шахсдан бири эди.

Ҳаёт Шарифхўжаев обнал қилганларга криша бўлган. Унга қарши Зиёдулла (Иноғомов – таҳр.) показание берган. Ана ўшандан кейин биз Ҳаётни ичкарига олдик,” деди Ички ишлар вазирлиги зобити.

Ҳаёт Шарифхўжаев ҳибсга олинган куннинг ўзида, Бош прокуратуранинг исми айтилмаслиги шарти билан гапирган ходимига кўра, ДХХ генералининг Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги ҳовлиси ва собиқ турмуш ўртоғининг Тошкентнинг Бешёғоч даҳасидаги квартирасида тинтув ўтказилган.

Лекин Озодликда тинтув ўтказилаётганига ашёвий далил бўла оладиган воқеа жойидан олинган фото ёки видеотасвирлар йўқ.

Қидирув

Бош прокуратура терговчисига кўра, Зиёдулла Иноғомов Тошкент шаҳридан чиқиб кетмаслик ва терговга қатнаш шарти билан, 20 март куни, яъни ушланган куни кечқурун қўйиб юборилган.

Бироқ, Бош прокуратура ходими терговга қатнаб юрган Зиёдулла Иноғомовнинг орадан бир неча кун ўтиб ғойиб бўлганини билдирди.

Зиёдуллани 20 март куни олиб келиб, ўша куни “под расписка” чиқариб юборишганди. Терговга қатнаб юрганди. Ҳозир қочиб юборибди. Қаттиқ қидираяпмиз,” деди у.

Зиёдулла Иноғомов Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари Мирағлам Мирзаевнинг хотини Муҳаббат Мирзаеванинг жиянидир.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 23 мартда тарқатган баёнотга кўра, Мирағлам Мирзаев, унинг аёли Муҳаббат Мирзаева ва уларнинг фарзанди Абдурашид Мирзаевлар устидан Бош прокуратура собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров бўйича ўрганилаётган жиноят иши тергови доирасида “жуда кўп миқдорда пора олиш, бошқа мансабдорлик жиноятларини содир этганлик ҳолатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.”

Генерал

ДХХ генерали Ҳаёт Шарифхўжаев сўнгги уч йил ичида иккинчи бор ҳибсга олинмоқда.

2015 йил баҳорида коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришда гумонланган Ҳаёт Шарифхўжаев устидан тергов иши қўзғатилган, ўша пайтда унинг ҳибсга олингани хабар қилинган, лекин қачон қўйиб юборилгани номаълум қолган эди. Кейинчалик - 2015 нинг ёзида Ҳаёт Шарифхўжаев эгаллаб турган лавозимдан олинган эди.

Генерал Шарифхўжаев ва унинг укаси, эндиликда МХХ собиқ полковниги Жавдат Шарифхўжаев Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовани "жазолаш маъракаси" бошида турган мулозимлар сифатида кўрилади.

2013 декабрида Ўзбекистон собиқ президентининг қизи, Гулнора Каримова, Туркиянинг “Ҳуррият” нашрига берган интервьюсида Ҳаёт ва Жавдат Шарифхўжаевларнинг коррупцияга арлашганини ҳақида гапирган эди.

Сал ўтиб Гулнора Каримова Bilan журналига берган интервьюсининг тўлиқ варианти деб тақдим қилинган матн ҳам МХХ раисининг ўринбосари Ҳаёт Шарифхўжаевнинг коррупцион олди-бердиларини “фош қилади”.

Ҳаëт Шарифхўжаевнинг укаси Жавдат Шарифхўжаев айни йилда мансаб вазифаларини суиистеъмол қилиш, коррупция ва яна қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ҳаëт Шарифхўжаев Ўзбекистон мустақиллигининг 16 йиллиги муносабати билан “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган. Икки оиласидан тўрт ўғли ва бир қизи бор.

XS
SM
MD
LG