Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:28

Ўзбекистон банк тизимининг соядаги “хўжайини” Алишер Акмалов устидан иш очилди


Алишер Акмаловнинг кейинги 25 йил давомида Ўзбекистон банк тизимининг соядаги хўжайинига айлангани айтилмоқда.
Алишер Акмаловнинг кейинги 25 йил давомида Ўзбекистон банк тизимининг соядаги хўжайинига айлангани айтилмоқда.

Ўтган бир ҳафта давомида Озодликка бир-биридан мустақил мулозимларнинг хабар беришича¸ мамлакат Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура ҳамкорликда ўтказаëтган коррупцияга қарши махсус амалиëтлар доирасида Ўзбекистон Марказий банки раисининг собиқ ўринбосари Алишер Акмалов ҳам қўлга олинган.

1997 йилдан 2018 йилнинг 13 февралига қадар Марказий банк раиси ўринбосари бўлиб ишлаган 56 яшар Алишер Акмалов¸ банк тизими мулозимларининг Озодликка айтишича¸ Миллий хавфсизлик хизматининг Ўзбекистон банк системаси устидан назоратини амалга ошириб келган асосий шахс бўлган.

Ўзбекистон ҳуқуқ¸ банк ва ҳокимият тизимида ишловчи мулозимларга кўра¸ Акмалов 17 март куни Тошкентда ҳибсга олинган.

Озодлик кейинги бир неча кун давомида бу воқеага бевосита алоқадор мулозимлар билан боғланиб¸ воқеа тафсилотларини ўрганишга ҳаракат қилди.

23 март куни воқеа тафсилотларига яқин мулозимлардан бири “Марказий банк раиси ўринбосари - МХХ куратори¸ банк кадрларининг бошини еган Акмалов Алишер ҳам 7 суткадан бери ҳибсда”¸ деб ëзган бўлса¸ бевосита ҳукумат таркибида ишловчи мулозим¸ Акмаловнинг Қодиров иши доирасида қўлга олинган собиқ амалдорлардан бири эканини билдирди.

Собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров иши доирасида яна 25 кишининг ушланганини хабар қилдингизлар. Улар орасида Алишер Акмалов ҳам бор. Банк соҳасидаги асосий эсенбешник. Зампремъер Қаҳрамон Акмаловнинг акаси. Уни ҳибсга олишди¸ сўроқ қилишаяпти. Дело тайëр”¸ деб хабар юборди Озодликка Тошкент ҳукуматидаги яна бир мулозим ҳам 24 март куни.

Ҳуқуқ тизимларида ишловчи расмий эса 23 март куни Озодликка Алишер Акмаловнинг ушланганини тасдиқлаган¸ аммо унинг ҳибсда қанча сақланиши аниқ эмаслигини билдирган эди.

Қамалди, лекин чиқариб юборишлари мумкин. Ҳеч нарса гапирмаяпти¸ показания ҳам конкретний бермаяпти»¸ деб билдирган Акмалов ишига бевосита алоқадор мулозим¸ Акмаловнинг «режим бўйича Муллажоновнинг биринчи зами бўлгани» ва «пул-кредит¸ конвертацияни назорат қилган асосий шахс» эканини қўшимча қилди.

Акмалов иши бўйича Озодликка маълумот йўллаган Ички ишлар вазирлиги мулозими 23 март куни ҳали унинг ҳибсда экани ва «3 миллион доллар иск пули» тўлаганини билдирди.

26 март куни Озодлик қайта боғланган бу мулозим Алишер Акмаловнинг душанба куни ҳам ҳибсда қолаëтганини билдирди.

«Ҳозир вокзалнинг олдидаги республика транспорт милицияси подвалида сақланмоқда. Апрелда Зангиотага кўчган вақтинчалик сақлаш изоляторига чиқаришса керак»¸ деди бу мулозим.

(Собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров ва Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари Мирағлам Мирзаевнинг ҳибсга олингани ҳақида айни шу манба хабар берган ва кўп ўтмай бу маълумот ўз расмий тасдиғини топган эди – таҳр.)

26 март куни Алишер Акмаловнинг айнан қаерда экани¸ уни эҳтиëт чораси сифатида ҳибсда сақлаш бўйича маҳкама ажрим чиқарган-чиқармагани ҳақида Озодлик расмий идоралардан аниқ маълумот ола олмади.

26 март куни Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг Озодлик боғланган расмийси Алишер Акмаловнинг ҳибсга олинган-олинмагани юзасидан “маълумот йўқлиги”ни билдирди.

Марказий банкнинг 26 март куни Озодлик мурожаат қилган расмийлари ҳам “февраль ойида лавозимидан бўшаган Акмалов” тақдирига оид сўнгги тафсилотлардан бехабарликларини билдирдилар.

Банк тизиминиг “серий кардинали”

Озодлик билан исми очиқланмаслиги шарти билан гаплашган Ўзбекистон банк тизими мутасаддиларидан бири¸ Алишер Акмаловни шундай таърифлади.

Акмаловнинг кабинети МХХнинг Марказий банкдаги офисига айланган эди. Қанчалаб банк ходимлари, тижорат банклари филиалларининг бошқарувчилари, ҳатто Марказий банк раисининг ўринбосарларидан бири унинг кабинетидан қўлига кишан солиниб, банк ходимларининг кўз ўнгида намойишкорона олиб кетилганди. МХХ ходимларининг ҳар қандай илтимоси - лавозим дейсизми, конвертация дейсизми, кредит дейсизми... унинг кабинетида, бир қўнғироқ орқали ҳал этиларди”¸ дея иддао қилди Акмаловнинг шахси очиқланмаслигини сўраган собиқ ҳамкасбларидан бири .

Бу банкирга кўра¸ Ўзбекистон банк тизимидаги энг қуйи лавозимдан то энг тепасигача кимнинг қайси лавозимга тайинланиши¸ кимнинг қачон ишдан олиниши¸ қайси банкка лизенция берилиб¸ қайсисидан олинишини ҳам¸ қай бирига текширув юборилиб¸ қай бирига юборилмаслигини ҳам” кейинги 25 йил давомида айнан Алишер Акмалов ҳал қилиб келган.

Тошкент тижорат банкларидан бирида ишловчи менежер Озодликка “биргина кадрлар тайинловидан топилган пулларнинг ўзи миллионлаб долларга боришини” айтади.

Бунинг устига¸ ноқонуний пулларни банк тизими орқали ювиб¸ хорижга чиқариш¸ конвертация учун хизмат ҳақи¸ қора бозорни қўшсангиз¸ Акмалов хўжайинлик қилган молиявий ҳудуднинг қанчалик кенглиги ва у ерда айланган пулларнинг қанчалик катталигини тасаввур қиласиз”¸ дейди тижорат банкларидан бири менежери.

“Иноятов-Парпиевнинг одами”

Ўзбекистон банк тизимидаги мутасаддилардан бири Озодлик билан суҳбатда¸ Алишер Акмаловни мамлакатнинг катта бойларидан бири сифатида таърифлаб¸ унинг МХХ собиқ раиси Рустам Иноятов ва ҳамон Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси лавозимида қолаëтган Ботир Парпиевлар ҳимоясидаги “тегиб бўлмас” шахс мақомида иш тутиб келганини иддао қилди.

Иноятов-Парпиев тандемида яратилган бир-нечта банклар фаолиятига (Бу банклар рўйхати Озодликда бор) кўз қорачиғидай қарарди. Бу банкларни инспекторлар номига текшириб келарди, уларга нисбатан оғир мажбуриятлар белгилатмасди. Уларга мумкин қадар хос имтиёзлар яратиб берарди. Давлат банклари мижозларининг ойлик иш ҳақини беришга қийналиб ётганда, бу банклар катта банкларга нақд пул сотарди. Бу чўнтак банклар пулни пулга уриштириб пул қиларди. МХХчи бизнесменларнинг оффшорларга чиқариб юбораётган пулларига ҳеч ким ҳеч нарса демасди. Ваҳоланки, Акмалов ана шу пуллар учун биринчи навбатда жавоб берадиган раҳбар эди”¸ дейди шахси очиқланишини истамаган банкир.

Озодлик ихтиëрида ҳозирча¸ Алишер Акмаловнинг ноқонуний фаолиятини тасдиқловчи ҳужжат-далиллар йўқ. (Сизда шундай ҳужжатлар бўлса¸ Озодликка юборишингиз мумкин.)

“Лондонда ўринлашган оила”

Айтилишича¸ Ўзбекистон Марказий банки ўринбосари сифатидаги расмий лавозимдан бошқа бизнеси қайдга олинмаган Алишер Акмаловнинг аксар оила аъзолари хорижда қимматбаҳо кўчмас мулк сотиб олиб¸ шу ерда муқим яшайди.

Хусусан¸ кенжа ўғли Саидолимхон Акмалов¸ унинг Facebook саҳифасида келтирилган маълумотга кўра¸ Лондонда яшайди ва Англиянинг энг қиммат мактабларидан бири Hurtwood House хусусий мактабида ўқиган. (Бу мактабнинг бир йиллик нархи 40 минг фунт стерлинг атрофидадир.)

Акмаловни Ўзбекистон банк ва молия тизимидаги қудратли шахсга айлантирган жиҳатлардан яна бири¸ унинг собиқ Иқтисодиëт вазири Галина Саидова билан қудалиги экани айтилади.

Айтилишича¸ Саидованинг ўғли Артур Шодибоев Алишер Акмаловнинг қизи Азизага уйланган ва бу оила ҳам Лондонда муқим ўрнашган.

Озодлик суҳбатлашган тергов амалиëтларига яқин мулозимлар¸ Акмалов бойлигининг энг камтар ҳисоб-китоб бўйича¸ 400-500 миллион АҚШ долларини ташкил этиши тахмин этилаëтгани ва сўроқнинг асосан “хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш” воситаси қўлга киритилган деб таснифланаëтган бу бойликни давлатга қайтаришга қаратилганини билдирдилар.

Сиз Алишер Акмалов, шунингдек бошка шов-шувли жиноят ишлари тафсилотларини билсангиз, маълумотларни Озодликка юборишингиз мумкин. Шахсингиз сир тутилиши кафолатланади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG