Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:19

Саудиялик ўзбеклар ҳаж ҳаражатининг бир қисмини кўтарадиган бўлди


Нуриймон Абулҳасан Мовароуннаҳр вақфи мутасаддилари билан
Нуриймон Абулҳасан Мовароуннаҳр вақфи мутасаддилари билан

Ўтган аср бошида Туркистондан Саудияга кўчиб келган ўзбеклар асос солган Мовароуннаҳр вақфлар қўмитаси (Жидда шаҳри) 2019 йилда минглаб ўзбек ҳожисининг ҳаж пайтидаги меҳмонхона ҳаражатларини тўлаб беради.

Бу ҳақда Озодликка билдирган Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси мулозимига кўра, “Бу қарор Мовароуннаҳр вақфлар қўмитаси раиси доктор Ҳабиб Мирза Бухорийнинг Ҳаж-2018 мавсумининг ишчи гуруҳи раҳбари Нуриймон Абулҳасан билан 2 сентябрь кунги учрашуви пайтида” эълон қилинган.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур 3 август куни Озодлик билан суҳбатда “Бу - ўзбек мусулмонлари учун хушхабар” деди.

Ўзини "Дин ишлари қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Аброр Пўлатовнинг ëрдамчиси" деб таништирган мулозимга кўра¸ “Мустақил Ўзбекистон тарихида илк мартаба Саудиядаги Мовароуннаҳр вақфлар қўмитаси маблағларининг Ўзбекистон ватандошлари учун сарфланиши масаласида оғзаки келишувга эришилган”:

- Бу келишувга кўра¸ келаси йилдан бошлаб минглаб ҳожи (3 минг билан 5 минг орасидаги рақам ҳақида гап кетади ва бу рақам кўпайиш тарафга қараб ўзгариши мумкин-тахр) Макка шаҳридаги шинам ва замонавий меҳмонхоналарда бепул туриши таъминланади. Шу пайтгача мазкур вақф даромади Марказий Осиëдаги Ўзбекистондан бошқа давлатлар ватандошлари учун сарфланиб келинган эди. Холбуки бу вақф тузилганидаги васиятда ўзбек ҳожиларига моддий кўмак бериш таъкидланган.

Дин ишлари қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Аброр Пўлатовнинг ëрдамчисига кўра¸ Ўзбекистонда келаси йил “Арзон Ҳаж” дастурига кирган ватандошлар Моварауннахр вақфи ëрдамидан фойдаланиши мумкин.

"Арзон ҳаж"

Озодлик “Арзон ҳаж” дастури нима деган савол билан Дин ишлари қўмитаси мулозимига мурожаат қилди. Мулозимга кўра¸ хажга масаласини Ўзбекистон президенти кўтарганидан кейин бу масала ечими қидирилган.

Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашининг жорий йил майида бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳаж зиёратига юбориш масаласига ҳам тўхталиб ўтган эди. «Энди ҳажга қандайдир тижоратчилар эмас, қалби тоза одамлар юборилади. Бундайлар кам бўлса, ҳаж квотаси ҳам камаяди», деган эди давлат раҳбари.

- Бу гапдан келиб чиқиб, дин ишлари қўмитаси ҳаж ҳаражатларини камайтириш йўлларини излашди ва Саудиядаги вақфлар кўмагида бунга қисман эришилди¸ - деди Дин ишлари қўмитаси мулозими.

Унга кўра¸ “Йўлдан адашганларни кафилликка олган ва маҳалла аҳолиси маънавиятини кўтариш учун хизмат қилганлар арзон ҳаж дастуридан фойдаланиши мумкин".

Ўзбеклар васияти

Шу кунларда Жидда шахрида яшаб¸ ҳаж қилишга имкони бўлмаган ўзбекстонликларга “ҳаж бадал” қилиб бериш билан шуғулланадиган 31 яшар наманганлик йигитнинг айтишича¸ Саудияда “1920 йилларда шўро режимидан қочиб келган ўзбекларнинг мулкларидан таркиб топган ўнлаб вақфлар бор”:

- Бу вақфлар ўша пайтда кўчиб келган ўзбеклар мулкидан ташкил топган. Қизиллардан қочиб келган ўзбеклар тижорат билан шуғулланиб бойиб кетган. Улар ўзларининг уй-жой ëки бойлигидан бир қисмини вақфларга васият қилишган. Тоиф¸ Макка ва Мадинада ватандош оталаримиз томонидан вақф қилинган 300 дан зиёд мадраса ва масжидлар бор. Бу вақфлар Моваруннахр вақфлар қўмитасига бирлашган.

Ўзбекстонликларга “ҳаж бадал” қилиб бериш билан шуғулланадиган 31 яшар наманганлик йигитга кўра¸ кейинги 20 йилдан кўпроқ вақт давомида¸ Ўзбекистондан келган ҳожиларга бу вақфлар билан алоқа қилиш тақиқлаб қўйилган:

- Шу боис бу вақфлар асосан Қирғизистон ва Қозоғистондан келадиган ҳожиларга ҳомийлик қилди¸ ўша мамлакатлардан келган талабаларга стипендия ажратди. Энди келаси йилдан бошлаб ўзбекларга ҳам ëрдам беришини эшитиб қувондим. Чунки қизиллардан қочиб келган оталаримиз ўз мулкини ўзбекларга атаб васият қилишган эди.

Бу йил 7200 нафар ўзбекистонлик ҳаж қилди.

XS
SM
MD
LG