Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:50

Ўзбекистонликлар ҳаж сафари учун қўшниларидан 40% кўп пул тўламоқда


Минода шайтонга тош отиш маросими.
Минода шайтонга тош отиш маросими.

Ўзбекистонда 2018 йилги ҳаж сафари сарф-ҳаражатлари 38 млн. сўм қилиб белгиланди. Бу ўтган йилгидан 14 млн. сўмга кўпдир.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бу ўсишни сафар давомида ҳожиларга кўрсатиладиган хизматларнинг “энг юқори даражада эканлиги” ҳамда хорижий валюталарнинг эркин конвертация қилинаётгани билан изоҳлади.

Айни пайтда қўшни давлат ҳожилари сафар учун ўзбекистонликлардан тақрибан 40 фоиз оз пул тўламоқда.

“2018 йилги Ҳаж мавсуми учун сарф харажатлари энг юқори даражада кўрсатиладиган барча хизматларни эътиборга олган ҳолда ҳамда Жамоатчилик кенгашининг қарорига асосан 38 000 000 сўм этиб белгиланди. Бунда албатта Ўзбекистон Республикасида хорижий валютанинг эркин конвертация қилиниши ҳам эътиборга олинган”.

"Онам пенсиясидан 8 йил йиққан пул ҳажга етмаяпти"

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати бу хабарни эълон қилганидан буён ўтган қарийб бир ой ичида Озодликка нарх ошиб кетганидан норозилик битилган қатор шикоятлар келди.

Улардан бири будир:

“Ассалому алайкум, Тошкент туманидан мурожаат қиляпмиз, ҳаж сафари миқдори 38 млн. деб эълон килинган экан. Онам ҳаж фарзини адо қилишни ният қилиб 8 йилдан бери нафақаларини йиғиб келадилар. 3 йилдан бери навбатлари сурилиб келди. Энди бу йил насиб бўлганда тўлов нархи баландлаб кетибди. Ўтган йили 25 млн. атрофида бўлган экан. Бу йилгиси анча баланд, кўпчилик зиёратчиларнинг боши гаранг бўлса керак”.

"Курс бошқа эди"

“Ҳожилар элликбошиси” аталмиш андижонлик ҳожибошилардан бири Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик ҳожилардан ҳаж пули аввалги йилларда "долларнинг давлат курсига чақиб олинганини", у вақтларда эса, давлат курси ҳозиргидан икки баробар паст бўлгани учун ҳаж нархи қиммат кўринмаганлигини тушунтирган бўлди.

"Лекин кўрсатиладиган хизматлар зўр"

Андижонлик ҳожибоши ўзбекистонлик ҳожилар учун сафар бошланиши, давоми ва адоғида "энг юқори даражада хизмат кўрсатилишини" мақтаниб айтди.

Исми сир тутилиши шарти билан гаплашган ҳожибошининг айтишича, ўзбекистонлик ҳожилар сафар олдидан эҳром сотиб олиш, дўхтирдан ўтиш, суратга тушиш учунгина ўз чўнтагидан пул тўлайди.

Сафар учун тўлайдиган пули (Марказий банкнинг 3 май кунги курси бўйича 38 000 000 сўм = 4723 доллар) эвазига эса, қуйидаги ашёлар билан таъминланади:

барча ҳожилар учун бир хил кийим-бош; сумка; сафар билан боғлиқ керакли маълумотлар битилган китоб ва диск.

Ҳожиларга қуйидаги хизматлар кўрсатилади:

қайси туманда яшамасин, Тошкент аэропортигача транспорт хизмати; Саудиягача ва ортга самолётда парвоз; меҳмонхонада жой; меҳмонхонада 3 маҳал овқат; дўхтир хизмати; Макка ва Мадинада автобус хизмати.

Қирғизистонлик ҳожи неча пул тўлайди?

Қирғизистонлик 64 яшар Дадахон Умархонов Озодликка бу йил ҳажга бормоқчи эканлиги ва сафар пулини тўлаб қўйганини айтди. Бўлажак ҳожининг айтишича, 2890 АҚШ доллари ва 1000 қирғиз сўми (тақрибан 14 доллар), ҳаммаси бўлиб 2904 доллар тўлаган.

- Дастлаб, хоҳловчилар рўйхатига ёзилаётганимизда 500 доллар тўладим, кейин ҳаммасини тўланг, дейишганда 2390 доллару 1000 қирғиз сўми тўладим. Ҳаммаси 2904 доллар бўлди,- деди ўшлик Дадахон Умархонов.

Бўлажак ҳожининг айтишича, у тўлаган пули эвазига қандай хизматлар кўрсатилишини, сафар неча кун давом этишини билмайди. Бу хусусдаги саволга у “Шуни сўрамабман, ҳамма бир ойга яқин бўладию Маккада, биз ҳам шунча бўлсак керак-да...”, деб жавоб берди.

Қирғизистонлик ҳожига кўрсатиладиган хизматлар

Бошқа бир ўшлик 2016 йили ҳаж қилган. Ўзини Исмоилжон ҳожи, деб таништирган бу суҳбатдошимизнинг айтишича, икки йил олдин у сафар учун 2650 доллар тўлаган. Сафар давомида ҳожиларга кўрсатилган хизматлар тўғрисида Исмоилжон ҳожи буларни айтди:

- Берган пулимиз ҳисобида самолёт ҳақи, уч маҳал иссиқ овқат, меҳмонхона бор. Меҳмонхонадаги энг катта хонада биз – 7 киши ётдик. Одатда 2 ва 4 кишилик хоналар,- деди ўзлик ҳожи.

Андижонлик ҳожибоши ҳам меҳмонхоналар тўғрисида худди шундай гапни айтган эди. Яъни ўзбекистонлик ҳожилар ҳам 2 ёки 4 кишилик хоналарда яшаган.

Орадаги деярли ягона тафовут

Андижонлик ҳожибошининг айтишича, ўзбекистонлик ҳожи тўлайдиган пулдан унинг номидан сўйиладиган қурбонликка ҳам сарфланадики,, икки қўшни мамлакат ҳожиларининг сарф-ҳаражатлари орасидаги деярли ягона фарқ шунда кўринди.

- Қурбонликка алоҳида пул тўладик, - деди Исмоилжон ҳожи.

Қолган нарсаларда фарқ деярли кўринмади:

- Бир хилда кийим ҳам беришди – қирғизистонлик ҳамма ҳожиларнинг кийими бир хилда бўлди. Ўша пулнинг ичида. Китоблар ҳам беришди. Берган пулимизнинг ҳисобидан, - деди қирғизистонлик Исмоилжон ҳожи.

Нима учун тафовут деярли $2000?

Ўзбекистонлик ва қирғизистонлик ҳожиларга сафар учун тўлаган пуллари эвазига бериладиган ашёлар ва кўрсатиладиган хизматлар деярли бир хил экан, нима учун сафар нархидаги тафовут бу қадар катта? (Орадаги фарқ 1819 доллар)

Бу саволни бериш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг айнан ҳаж масалалари бўйича мутахассислари билан боғландик.

Ҳар иккала идора вакиллари “ҳаж нархи”, деган иборани эшитиши биланоқ, хушмуомалалик билан “хат орқали расман мурожаат” қилишни тавсия қилди ва телефонни қўйиб қўйди.

Россияда қандай?

Қиёслаш учун яна бир маълумот. Ҳаж сафарини уюштириш билан шуғулланувчи Россиядаги ташкилотлардан бири ўзининг расмий сайтида қуйидаги нархларни эълон қилган:

Эконом класс: сафар 20 кундан 25 кунгача, нархи 2600 доллар.

Комфорт класс: сафар 20 кундан 25 кунгача, нархи 3900 доллар.

Люкс класс: сафар 13 кундан 16 кунгача, нархи 6200 доллар.

Пенсиясини 8 йил йиққан она ҳажга борадиган бўлди

Мақолани тайёрлаш жараёнида Тошкент туманидан келган хат муаллифи билан боғландик.

- Пулни тўладик, 38 миллионни. Онам ҳажга борадиган бўлдилар, масала ҳал бўлди,- деди хат муаллифи.

XS
SM
MD
LG