Тожикистонда “Ҳожи-пиёда” номи билан танилган Абдулазиз Ражабов дунёни яёв кезиб чиқиш ниятини билдирди. 70 яшар Абдулазиз Ражабов ҳозирга қадар Ҳаж фарзини адо этиш мақсадида Маккага тўрт марта пиёда борган.
Абдулазиз Ражабов Озодлик билан суҳбатда ҳозир Ер куррасини пиёда босиб ўтишга тайёргарлик кўраётганини айтди.
Халқ орасида Ҳожи-пиёда, деб танилган Абдулазиз Ражабов Маккага қилган охирги сафарини Хитою Япония орқали пиёда амалга оширганини айтди.
“Тожикистонинг тоғли Мурғоб тумани орқали Хитой ҳудудига ўтиб, кейин Хитойдан кема билан Японияга ўтдим. Бу мамлакатдан Шри Ланка, Ҳиндистон ва Араб Амирликларига бориб, Кавказ республикалари орқали ватанга қайтдим”, - деди Абдулазиз Ражабов.
У сўнгги саёҳатида фақат кема хизматидан фойдаланиш учун 2 минг АҚШ доллари сарфлаганини айтди.
“Ҳожи-пиёда” яёв юриб, палаткада яшайди.
Унинг таъкидлашича, ҳозир тожикистонлик Карим Рустам, Эшон Аҳлиддин ва бир чеченистонлик дўсти билан Европа, Америка ва Осиё давлатларига пиёда сафар қилишга тайёргарлик кўрмоқда.
Абдулазиз Ражабовга кўра, унинг бу галги саёҳати май ойининг иккинчи ярмида бошланади.
Гуруҳ аъзолари Душанбеда Шенген визасини олиб, пиёда Москвага йўл оладилар.
Режага кўра, тўртовлон Масквадан Белорусь-Польша-Германия-Португалия-Испанияга бориб, кейин кемада Америка қитъасига ўтади ва АҚШ, Канада, Бразилия, Аргентина ва Боливияни зиёрат қилади.
Сўнгра гуруҳ Жанубий Америкадан кема орқали Саудия Арабистонига йўл олиб, Осиё мамлакатларини кезиб, Тожикистонга қайтиш ниятида.
Абдулазиз Ражабов футбол ишқибози эканини айтади.
У курраи заминни кезиб чиқаркан Португалияда Криштиано Рональдо, Бразилияда Пеле ва Аргентинада Лионель Месси каби футбол юлдузлари билан мулоқот қилмоқчи.
Ҳожи-пиёда бурунги сафарларида Эрон президенти Маҳмуд Аҳамдинажод, Макка ҳокими Абдулло ал-Файз ва Ҳиндустон кино юлдузи Амитабҳ Баччан билан учрашганини айтади.
Абдулазиз Ражабов собиқ спортчи. У 1960-йилларда кураш бўйича уч карра Тожикистон чемпиони бўлган.
2005 йилда биринча марта пиёда Ҳажга сафар қилган.
Тожикистонлик таҳлилчи Сайфиддин Суннатий Ҳожи-пиёда аввалги саёҳатлари асносида халқаро жамоатчиликка Тожикистонни таништирганини айтади.
“Саудия Арабистони, Эрон, Афғонистон, Россия ва бошқа давлатлар телевидениелари дастурларида иштирок этиб, Тожикистон табиати, урф-одат ва маданияти ҳақида гапирган. Бу - Ҳожи-пиёданинг муҳим хизматларидан ҳисобланади,”- деди Сайфиддин Суннатий.
Абдулазиз Ражабов ҳозирга қадар дунёнинг 50 дан зиёд ўлкасини пиёда кезиб чиққан.