Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:47

Россияда ҳайитга қурбонликларни асосан муҳожир қассоблар сўйди


Россия расмийларининг маълум қилишларича, бу йилги Қурбон ҳайити муносабати билан Москва вилоятида қурбонлик учун 14 та кушхона ташкил этилди. Москва вилоятидаги кичик ферма ва кушхоналарида ишларни, асосан, ўзбек, тожик ва қирғиз муҳожирлари бажаришади. Москва шаҳри ҳудудида эса қорамол сўйиш 2010 йилдан бошлаб тақиқланган.

Қирғизистонлик 27 яшар Умарбек беш йилдан буён Москва вилояти Одинцово туманидаги кичик фермаларнинг бирида қассоблик қилади. Унинг айтишича, қўй сотиб олишга келадиганлар сони айниқса байрам пайтида кескин ортади:

Москва кушхонасида
Москва кушхонасида

- Иш қийин эмас, ўрганиб қолганман. Қассобчиликни шу ерда ўргандим. Келаётган мижозлар қурбонлик учун қўйни кўпинча тирик олиб кетишади. Лекин шароити йўқлиги учун қўйларни бизга сўйдириб, олиб кетаётганлар ҳам кам эмас. Ўзим байрам кунлари кунига 100тадан қўй сўяман. 8 та қассоб, ўрта ҳисобда, кунига 80 тадан то 100 тагача қўй сўяди, деди Умарбек.

Ўзбекистонлик Салим фермага яқинда ишга келган. У асосан ферма кўйларини боқади, кушхонада қассобларга ёрдам беради.

- Қўйлар фермага асосан Доғистондан келтирилади. Биз машиналардан туширамиз. Тарозидан ўтказиб, вазнини ўлчаймиз. Сўйиладигани сўйилади, қолганини далага чиқариб боқамиз. Қурбонлик қилиш учун мижозлар бир неча кун олдин ҳам келиб, қўйни танлаб, белги қўйиб кетишади. Ҳайит куни келиб, тириклай ёки сўйдириб олиб кетишади. Умуман иши оғир эмас. Мен Ўзбекистонда ҳам бир фермерда чўпонлик қилгандим. Россияга олдин умуман келмаганман. Танишларим телефон қилишди. Яхши иш дейишганига келдим. Ҳозирча ёмон эмас, деди Салим.

Москвага қўйлар асосан Шимолий Кавказдан келтирилади
Москвага қўйлар асосан Шимолий Кавказдан келтирилади

Қурбон ҳайити кунлари Москва минтақасига қўйлар юк машиналарида асосан Доғистон, Чеченистон, Қалмиқ республикаси, Ставропол каби ўлкалардан келтирилади.

50 ёшли асли доғистонлик Муҳаммад, қўйларини Воронеж ва Тула вилоятларидаги фермаларидан келтирган. Унинг айтишича, Қурбон байрамида ўзига ўхшаган ўртаҳол фермер 500дан то 1000 тагача қўй сотиши мумкин:

- Шу тариқа пул топамиз. Лекин Москва минтақасида қўйларни келтириш, Қурбон ҳайити учун сўйиш учун етарли шароит яратилмаган. Жониворларни сўйиб сотишга мўлжалланган замонавий, яхши қурилган кушхоналар йўқ. Бу иш яхши тартибга солинмаган. Москвада қурбонлик қилишга, умуман ҳалол қўй гўштига талаб ниҳоятда катта, деди Муҳаммад.

Россияда қассобчилик ва чорвачиликка асосан ўзбекистонлик муҳожирлар ёлланади
Россияда қассобчилик ва чорвачиликка асосан ўзбекистонлик муҳожирлар ёлланади

Доғистонлик Муҳаммаднинг айтишича, Россияда чорвачилик билан шуғулланадиган ишбилармонлар кўпроқ марказий осиёлик муҳожирларни ишга ёллашга ҳаракат қилишади.

Қурбон ҳайити Россиянинг Шимолий Кавказ республикаларида ҳам катта тантана билан нишонланди.

Чеченистон президенти Рамзан Қадиров Instagram саҳифасида ёзишича, унинг марҳум отаси Аҳмад Қодиров номидаги жамғарма четдан харид қилган 60 мингдан ортиқ қўй ва 100 туя қўшни Доғистон, Ингушетия, Шимолий Осетия, Қорачой-Черкес, Қабардин-Болқор каби ўлкалардаги камбағал оилаларига тарқатган.

XS
SM
MD
LG