- 10 июнь куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида жойлашган “Ҳисорак” сув омборидан сув сизиб чиқиши омборнинг қуйи қисмида жойлашган шаҳар ва қишлоқлар аҳолисини саросимага солди.
- Ҳодисадан бир сутка ўтиб расмийлар бир-бирига зид баёнотларни бермоқда.
- Озодлик манбалари Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган илк баёнотдаги "сув сизиб чиқиш ҳолати" тўғонда ёриқ пайдо бўлиши натижасида юз берганини айтмоқда.
- Ҳодиса жойидаги мутахассиснинг айтишича, ҳозирда сув чиқаётган жой вақтинчалик ёпилган ва тўғонни тўлиқ таъмирлаш учун "уч-тўрт кун вақт керак бўлади".
- Расмий манбалар "Ҳисорак" сув омборининг "параметрлари ўзгармагани"ни таъкидламоқда, айни пайтда сув омборида "муҳандислик тадбирлари" ва "таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани" айтилади.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда сув омборидан катта ҳажмда сув чиқаётгани, одамлар яшаш жойларини шошилинч тарк этаётганини кўриш мумкин.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳодиса юзасидан илк баёноти орадан бир неча соат ўтиб пайдо бўлди:
“Бугун, 10-июн куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида жойлашган “Ҳисорак ГЭС” УК бошқармасига қарашли “Ҳисорак” сув омбори тўғонининг чап тарафидан қўшимча туннел очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик техник тадбирлари вақтида сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилган.
Авария оқибатини бартараф этиш мақсадида "Ўзбекгидроэнерго" АЖ бошқаруви раиси раҳбарлигида вилоят Ҳокими, ФВБ, ИИБ бошлиқлари ва бошқа мутасадди ташкилотлардан иборат тезкор штаб тузилиб, махсус техникалар ёрдамида барча зарур муҳандислик тадбирлар олиб борилмоқда”.
Аммо ФВВ баёноти, афтидан саросима ичида уйларини ташлаб чиқаётган одамларни тинчлантира олмаган. Тармоқларда ваҳима ичида машиналарга ўтириб қочаётган одамлар видеолари тарқалишда давом этди.
Бу манзарада аввалига бирин-кетин ҳокимият ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мулозимлари бевосита сув омбори яқинида туриб аҳолига мурожаат қилишди. Аммо уларнинг сув омборида нима юз бергани ҳақидаги талқинлари биринчи расмий баёнотдагидан фарқли эди.
Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов 10 июнь куни кечқурунги баёнотида, тўғонда ҳеч қандай авария бўлмагани, сув қишлоқ хўжалиги эҳтиёжи учун қўшимча равишда чиқарилгани ҳақида гапирди:
“Ҳисорак” сув омборидан ҳар йили пастдаги Қамаши туманидаги “Чимқўрғон” сув омборига сув йўналтирилади. Чунки бизнинг чўл ҳудудларимизда пахта ва ғалла кўпроқ экилади. Худди шундай тадбир ҳозир бошланган. Дарё ўзанларида сув бироз кўтарилгани аҳоли томонидан нотўғри тушунчаларга олиб келяпти. Бундан ташқари “Ҳисорак" сув омборида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳаммаси назоратда, сув омборининг тешилиши ёки туйнук пайдо бўлишига оид ваҳимали жойи йўқ. Аҳолидан ёлғон маълумотларга ишонмаслик сўралади”.
Ижтимоий тармоқларда кун бўйи расмийлар одамларни ваҳимага берилмаслик ва ўз уйларига қайтишга чақирган видеобаёнотлар тинмади.
“Ваҳимага ўрин йўқ, мана ўзимиз ҳам маҳаллада туриб хизматдамиз. Ҳеч ким уйини ташлаб кетмасин, ўғриликлар бўлиши мумкин. Сув омборидан озроқ сув сизиб чиққан экан, уни таъмирлаб ҳамма уйига қайтди”, дейди Телеграмдаги баёнотида профилактика инспектори Жаҳонгир Даминов.
Аммо маҳаллий расмийларнинг сув омбори ёрилмагани ва фавқулодда вазият юзага келмагани, ҳамма нарса назорат остида экани ҳақидаги қайта ва қайта ишонтиришларига қарамасдан аҳоли туни билан сув босиш эҳтимоли бўлган қишлоқлардан турнақатор машиналарда қоча бошлади.
11 июнь куни Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев шахсан баёнот бериб, сув омборида ҳеч қандай техноген ҳодиса юз бермагани, сув омбори одатий режимда ишлаётганини айтиб чиқди.
Сув омбори тўғони ёнида туриб гапирган вазирнинг баёноти "таҳрирланган" эди.
Унда вазирлик олдинроқ тарқатган “қўшимча туннел очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик техник тадбирлари вақтида сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилган”и ҳақида ҳеч гап йўқ эди.
“Ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, Ҳисорак сув омбори "штатний" режимда ишлаяпти. Бу йил об-ҳавонинг серёғин келганлиги ва кунларнинг исиб кетиб, тоғлардаги қорларнинг эриши тезлашганлиги Ҳисорак сув омборининг ён бағирларида жойлашган, ўзининг йўли билан келаётган сувларнинг бирмунча кўпайиши ҳолати сезилган. Лекин сув омборининг бирорта параметри ўзгармаган”, дейди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев.
Озодлик суҳбатлашган шаҳрисабзликларга кўра, ҳодисадан бир сутка ўтган бўлса-да, сув остида қолишдан қўрқиб уйларини тарк этган одамларнинг аксарияти ҳали ҳам уйларига қайтмаган.
Сув омборидан 30 километр узоқликда жойлашган Шаҳрисабз шаҳридаги бозорда эса одамлар одатдагидан кам, кўпгина дўконлар очилмаган.
Қашқадарё вилояти ҳокимиятига яқин, бир-биридан мустақил икки манбанинг Озодликка билдиришича, омбор тўғонида техноген ҳодиса юз берган.
Исми сир қолишини сўраган маҳаллий мулозимлардан бири ҳодисани мана бундай таърифлади:
“Кеча туман ҳокими пахтага сув ҳайдаяпмиз, деб ёлғон айтди. Ҳеч қачон Қамашидаги сув омборига бу омбордан сув ҳайдалмайди. Бу - халқ ваҳимага тушмаслиги учун ўйлаб топилган гап. Хитойликлар сув омборидан сув тушадиган яна бир туннел қуришаётган эди. Қурилиш ишлари учун улар тоғ жинсларини бир неча марта портлатган. Ўша портлашлардан тўғоннинг бетони дарз кетган ва сув ўша ердан оқиб чиққан. Айтишларича, ҳозир ўша сув чиқаётган жой вақтинчалик ёпилган, лекин уни бутунлай мустаҳкам ёпиш учун уч-тўрт кун вақт керак экан. Ҳозир, ҳамма катталару мутахассислар шу ерда”.
“Ҳисорак ГЭС” УК бошқармасига қарашли “Ҳисорак” сув омбори жойлашган Мираки қўрғончасининг исми сир қолишини сўраган яшовчисига кўра, туни билан қориштирилган цемент ортилган машиналарнинг қатнови тўхтамаган:
“Мен ўзим шу маҳаллада яшайман. Туни билан тайёр цемент қоришмаси бор, цистернаси айланиб турадиган мошиналар оқими тинмади. Менинг ўзим юзтадан ортиғини санадим. Билмадим, ичкарида нима қилишди, лекин бугун вазият тинчиди”.
Озодликка 11 июнь куни келган видеоларда туннел ичида панжара қураётган мутахассисларнинг ишлаётгани акс этган. Видеони тақдим этган “Ҳисорак” сув омбори ишчисининг сўзларига кўра, бу панжаралар бетон қуйиш ва шу жойни бутунлай бетонлаб ташлаб, "сувнинг йўлини тўсиш учун қилиняпти".
Ҳисоракнинг тўғон конструкцияси ядроли, тош-тупроқ тўкмали бўлиб, баландлиги 138,5 м, узунлиги 660 метр, тўғон усти эни 16 метрни ташкил этади. Тўғоннинг устки қисми темир-бетон плиталар билан қопланган.
Гарчи маҳаллий расмийлар аҳолини ваҳимага берилмасликка чақираётган бўлса-да, яқин ўтмишда сув иншоотларида юз берган техноген фалокатларни яхши эслайдиган ўзбекистонликлар, афтидан, расмийларнинг баёнотларига ишонқирамасдан қарашмоқда.
2020 йилнинг 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.
Тўғон ёрилиши оқибатида юз берган тошқин Ўзбекистон тарихидаги энг йирик аҳолини эвакуация қилиш амалиётига сабаб бўлди - юз минглаб одам хавфсиз ҳудудга кўчирилди.
2021 йил 10 май куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ёпиқ суд мажлисида «Сардоба иши» бўйича 17 кишига ҳукм ўқиган эди.
Тўрт йил аввалги тошқиндан жабр кўрган аҳоли вакиллари тошқин оқибатларини бартараф этишда маҳаллий ҳокимият томонидан коррупция ва зўравонлик ҳолатларидан шикоят қилган. Бу каби ҳолатлар ҳанузгача давом этаётгани айтилади.
Орадан икки йил ўтиб, 2020 йилнинг 22 июнь куни эрталаб Ўзбекистон жанубидаги Тўпаланг сув омборидаги авария оқибатида минглаб одам уй-жойларини ташлаб чиққан эди.
Форум