Избоскан туманидаги “Пойтуғ цемент савдо” МЧЖга қарашли майдони 278 квадрат метрли қурилиш моллари омбори, суд қарори кучга кирмасдан туриб, туман ҳокими буйруғи билан бузила бошлади.
Бу ҳақда Озодликка арз қилган тадбиркор Зубайр Султоновнинг айтишича, унинг 2009 йилда туман ҳокимининг қарори билан қурган омборхонасини Избоскан туманлараро Иқтисодий суди 29 январь куни ноқонуний деб топган.
Суд қарори ижроси учун бир ой вақт борлиги ва бу қарор устидан юқори турувчи судга апелляция муддати тугамаган бўлишига қарамасдан, туман ҳокими омборнинг томини бузишга ўзи бош-қош бўлмоқда.
Тадбиркорнинг омбордаги бир ярим минг тоннадан ортиқ цементи эса, ёмғирда яроқсиз ҳолга келиш хавфи остида қолди.
Туман ҳокими Серобиддин Исмоилов Озодлик билан бу ҳақда гаплашишдан бош тортди.
Избоскан туманидаги “Пойтуғ цемент савдо” МЧЖга қарашли қурилиш моллари омборининг бузилиши акс этган видео ва суратларни Озодликка тадбиркор Зубайр Султонов тақдим этди.
"Мен президентнинг командасидаман, ҳаммасини ёпиштираман"
15 февралда суратга олинган видеода кўринишича, туман ҳокими Серобиддин Исмоилов прокуратура ва ички ишлар бўлими ходимлари ҳамроҳлигида омбор бузилишига бош-қош бўлади.
Тадбиркорнинг ҳали суд қарори кучга кирмагани, қарор устидан апелляция берганлиги ҳақидаги гапларига туман ҳокими ҳеч кимдан қўрқмаслигини, ўзи қилаётган ишга ўзи жавоб беришини айтади:
“Мени яхши биласизлар, қаерга ёзсанг, қанча запис қилсанг ҳам жавоб бераман, тамом. Мана прокурор, беш юз фоиз булар ноҳақ деяпти. Мен ноҳақ бўлсам, пулини тўлайман”.
(Видеода ҳоким сифатида гапираётган одамнинг Серобиддин Исмоилов эканлигини Озодлик унинг аввалги суратларига қараб аниқлади)
Тадбиркор, “ўша пайт бизга ҳаммасига ҳужжат қилиб беришганку, кадастр қилиб беришганку, қандай ноҳақ бўламиз, деган саволига ҳоким:
“Билмадим. Уни ҳам ёпиштиривораман, ҳаммасини ёпиштираман”, - дейди.
Ҳоким суд қарорига ёзилган апелляцияни ҳам кутмаслигини, барибир омборни буздириб юборишини айтади.
Воқеа жойига етиб келган “Пойтуғ цемент савдо” МЧЖ юристи Азизбек Қорахўжаев ҳокимга унинг бу хатти-ҳаракати президент чиқарган қарорга зид эканлигини айтганда, ҳоким:
“Мен президентнинг командасидаги одамман”, - дейди.
Видеода ҳокимнинг бақир-чақири билан қурилиш кийимидаги одамлар омбор тепасига чиқиб, шиферларни кўчира бошлагани акс этган.
"Омбор ва дўкон қонуний қурилган!"
“Пойтуғ цемент савдо” МЧЖ раҳбари Зубайр Султоновнинг айтишича, у омбор ва омборнинг таркибида бўлган қурилиш моллари дўконини 2009 йилда туман ҳокимининг қарори асосида қурган эди:
- 2009 йилда темирйўл ёқасида бўлгани учун, темирйўл идорасидан рухсат олиб келганмиз. Кейин ҳоким қарор чиқариб берган. Кўчмас мулк сифатида кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган. Ҳаммаси қонуний бўлган. Лекин, туманимизга келган янги ҳоким Серобиддин Исмоилов буздиришга тушди. Шуниси қизиқки, худди мени омборимдек термирйўл ёқасида бўлган бошқа дўконларни буздирмаяпти. Иқтисодий суд ҳам ҳоким томонини олиб қарор чиқарди. Лекин ҳали апелляция муддатимиз тугамасидан ижрога киришиб кетди.
"Ҳоким суд қарори кучга кирмасдан бузишга киришди"
“Пойтуғ цемент савдо” МЧЖ юристи Азизбек Қорахўжаевнинг айтишича, ҳоким президентнинг тадбиркорларни қўллаб қувватлаш ҳақидаги қарорини писанд ҳам қилмаяпти:
- Биринчидан, Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги 33/36 қарори билан темирйўлнинг муҳофаза зонасига тушган объектлар кўчирилганда, улар жой билан таъминланиши ва қурилган объектларга компенсация тўланиши назарда тутилган. Лекин ҳоким бу қарорни назар-писанд қилмаяпти. Гап шундаки, бу ер ўзбошимчалик билан қурилган эмас, балки қарор асосида қурилган. Ҳоким бу омборни буздиришдан олдин, қарорга кўра, ҳоким тенг миқдорда ер ажратиши ва бузилган объект учун компенсация тўлаши шарт эди. Ҳозир омборнинг ичида минг тоннадан ортиқ цемент турибди, бу 15 вагон дегани. Буни тадбиркор қаерга олиб чиқиб кетади, аввал ерни берсин, тадбиркор янги омборини қурсин, кейин марҳамат, бузаверсин.
Иккинчидан, шу йил 29 январда Избоскан туманлараро Иқтисодий судида бу масала кўрилди. Прокурор ўзбошимчалик билан қурган деган даъво киритган, суд эса бузиш ҳақида қарор чиқарган. Қонун бўйича бу қарор бир ойдан сўнг кучга киради. Ижро ҳужжатини ҳам кўрганимиз йўқ. Лекин, ҳоким ўзбошимчалик билан буздиришга киришди. Ўзим жавоб бераман, ноҳақ бўлсам ўзим тўлайман, деяпти. Биз апелляция аризасини тайёрлаб қўйганмиз, шу кунларда топширмоқчимиз. Бундан ташқари Маъмурий судга қонун қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида ариза ҳам таёрлаганмиз. Уни ҳам топширамиз, -деди ҳуқуқшунос Азизбек Қорахўжаев.
Ҳоким гаплашишдан бош тортди
Озодлик Избоскан тумани ҳокими Серобиддин Исмоилов билан боғланиб, унинг бу воқеаларга муносабатини олмоқчи бўлди.
Ҳоким телефонда Озодлик мухбири билан гаплашаётганини эшитганидан сўнг, алоқани узиб қўйди ва у билан боғланишнинг бошқа иложи бўлмади.
"Президент сиёсатига қарши ҳоким"
Тадбиркор Зубайр Султоновнинг айтишича,омборхона томини қўпориш ишлари 14 февралда бошланиб, 15 февраль куни ҳам давом этган. Майдалаб ёғаётган ёмғир омборхона ичидаги бир ярим минг тоннадан ортиқ цементни яроқсиз ҳолга келтирмоқда:
- Президентимиз тадбиркорни қўллаб-қувватла деб турганларида, ҳоким тадбиркорларни қақшатмоқда. Биз ўн йилдан буён тадбиркорлик қиламиз, 15 одамни иш билан таъминлаганмиз, ҳамма солиқларни ўз вақтида тўлаймиз. Давлатдан 500 миллион сўм кредит олиб, дўкон ва омборхонани туман ҳокими қарори асосида қурганмиз. Ҳеч қандай ўзбошимчалик йўқ, бу ерда. Майли ер ҳокимга керак бўлса, бошқа жойдан тенг ер берсин, товон пули тўласин. Мен президентнинг командасиданман дейди. Лекин, президентга қарши иш қилиб, тадбиркорларни норози қиляпти.