Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:20

2023 йилнинг илм-фан ютуқлари: Сунъий интеллект, космик саёҳларнинг илк парвози, мРНК-вакциналар


Сунъий интеллект (СИ) кўплаб соҳаларда ҳаёт сифатини яхшилаш салоҳиятига эга.
Сунъий интеллект (СИ) кўплаб соҳаларда ҳаёт сифатини яхшилаш салоҳиятига эга.

2023 йил илм-фан учун жуда сермаҳсул келди. Кашфиётлар ва ихтиролар, космосни ўзлаштириш, тиббиёт, сунъий интеллект соҳаларида оламшумул янгиликлар кўп бўлди. “Озодлик” улардан энг муҳимларини санаб ўтади.

Космосни забт этишда янги давр

2023 йилда Virgin Galactic ширкати дастлабки тижорат сайёҳларини космосга йўллади. Кейша Шахафф ҳамда унинг қизи Анна Майерс космосга парвозни лотереяда ютиб олишди. 80 ёшли Жон Гудвин билетни 2005 йилдаёқ 250 минг долларга сотиб олганди. Найча ҳужайралар тадқиқотчиси Райяна Барнауи космосга йўл олган саудия арабистонилик биринчи аёл бўлди. Саёҳлар тушган фазовий кема – улар вазнсизлик ҳолатини ҳис этишлари ва Ер думалоқ эканига шахсан амин бўлишлари учун 88 км баландликка кўтарилди.

Қора материя асрори

2023 йилда Европа космик агентлигининг “Евклид” номли жуда муҳим телескопи ишга тушди. Бир ярим миллиард доллар турадиган ушбу телескоп бир ярим миллион километр учиб Ер билан Қуёш орасидаги Лагранж-2 нуқтасига етди: у ерда “Евклид” иккисининг ҳам тортиш кучидан холи бўлиб, ишлаш учун уникал шароитга эга бўлади. Космик обсерватория ўзининг асосий миссияси – Коинотнинг 95 фоизини ташкил этувчи қора материя мавжудлигига далиллар излашни аллақачон бошлаб юборган. Қора материя Коинот муттасил кенгайишига имкон берадиган қора энергия ва “космос елими” саналади. Шунингдек, “Евклид” космоснинг уч ўлчамли энг аниқ харитасини ҳам яратади. Еттинчи ноябрда телескоп илк тасвирларни Ерга юборди. Уларда Персей юлдузлар туркумидаги 100 мингга яқин галактика, От Боши туманлиги ва шу каби бошқа гўзал космик объектлар акс этган.

Тиббиётдаги кашфиётлар

Якунланган йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти безгакка қарши янги вакцинани амалиётда қўллашга рухсат берди.

Ҳар йили дунё бўйича 600 мингдан ортиқ киши безгакдан ўлади, уларнинг аксари – беш ёшгача болалардир. Касалликни организмга пашша ниши билан кириб олиб, қон ҳужайраларини емирувчи паразитлар қўзғатади. Паразитлар тузилиши шу қадар мураккабки, бу уларнинг узлуксиз мутация бўлиб, иммун тизимидан яширинишига имкон беради. Айнан шу жиҳат узоқ йиллар вакцина кашф этилишига халал берди.

Биринчи вакцина – Mosquirix икки йил муқаддам кенг қўллана бошланди. Ўшанда у чинакам сенсация бўлган эди. R21/Matrix-M номли янги вакцинанинг энг муҳим фарқи шундаки, уни кенг кўламда ишлаб чиқариш мумкин ва баҳоси арзон. Битта дозаси нархи уч долларга ҳам бормайди. Ишончли ҳимояланиш учун бир кишига тўрт доза керак. Mosquirix’нинг бир дозаси 10 доллар эди, ундан ҳам киши бошига тўрт доза керак бўларди.

Вакцина бошланишига 2024 йил ўрталаридан, безгак билан оғриш даражаси жуда юқори ва касалланганларнинг 90 фоизи вафот этаётган Африка мамлакатларига етказиб берилади.

мРНК-вакциналар

Устма-уст кашфиётлар қилинаётган яна бир соҳа бу – матрицали рибонуклеин кислоталар (мРНК) вакциналаридир. 2023 йилда тиббиёт бўйича Нобел мукофоти COVID-19 пандемиясида туб бурилиш ясаган мРНК-вакциналар муаллифларига топширилди. Олимлар ковидга қарши амалиёт билан чекланиб қолишгани йўқ: ИТВга қарши ҳамда инсон ўлимига олиб келувчи бактериал касалликларга қарши мРНК-вакциналар аллақачон синалмоқда, шунингдек саратон хасталигини ва инфаркт оқибатларини мРНК-терапия ёрдамида даволашга уринишмоқда.

Ген терапияси

Йил ген терапияси учун ҳам жуда муваффақиятли бўлди. Инсоният кўплаб оғир хасталикларга сабаб бўлувчи генетик мутацияларни тузатишни ўрганди. Ҳозирча олимлар фақат икки касаллик – ўроқсимон ҳужайра анемияси ва бета-талассемияни қўзғатувчи генетик бузилишлар оқибатларини бартараф этишни билишади.

Сунъий интеллектда катта сакраш

2023 йилдаги илмий ютуқларни санаб ўтар эканмиз, сунъий интеллект соҳасини тилга олмай илож йўқ. Тугаган йилда генератив сунъий интеллект жуда катта олға силжиди дейиш мумкин. Зеро, у аллақандай махфий лабораторияларда олимлар ва дастурчилар фойдаланадиган сирли нарсадан – ҳар ким ишлата оладиган маҳсулотга айланди. Сўнгги McKinsey глобал сўрови натижаларига кўра, сўров иштирокчиларининг 22 фоизи ҳозирда СИ инструментларидан мунтазам фойдаланмоқда. Табиийки, “ақлли машина” кўпчиликнинг ишини тортиб олади, деган қўрқув ҳам кучайиб бормоқда, аммо бир пайтлар буғ двигатели ихтиро қилинганида ҳам шундай дейишганди. СИ кўплаб соҳаларда ҳаёт сифатини яхшилаш салоҳиятига эга.

Сунъий интеллект
Сунъий интеллект

Чунончи, тиббиётда у янги вакцина ва дорилар, жумладан микроорганизмлар резистентлигига кўпроқ чидамли антибиотиклар кашф этиш суръатини тезлаштиради, зарарли шишларни янада самарали аниқлаш ва таҳлил қилишга ёрдам беради, шифокорларнинг кунлик ҳужжат тўлдириш ишларини кескин қисқартиради, қонуниятлар ва тенденцияларни аниқлашга, касалликларнинг олдини олишга ва персонал муолажа режаларини ишлаб чиқишга кўмаклашади.

Генератив сунъий интеллект шу қадар муҳим технологияки, Буюк Британияда уни хавфсиз бошқариш масалаларига бағишланган тарихда биринчи халқаро саммит ўтказилди. Инсониятнинг “машиналар исёни”дан қўрқуви ҳеч қаерга кетмаган.

Форум

XS
SM
MD
LG