Ўзбекистон ҳукумати 2025 йил 1 июлдан эътиборан гўшт маҳсулотлари, буғдой, гуруч, шунингдек, табиий газ, пахта толаси каби стратегик хомашё маҳсулотларига экспорт божлари жорий этади.
Президентнинг “Маҳсулотлар экспорти тартиб-таомилларини такомиллаштириш ва қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 47-сонли фармонида ушбу чора экспорт тартиб-таомилларини ЖСТ қоидаларига мувофиқлаштириш мақсади билан изоҳланган.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, чарм хомашёси ва ярим тайёр чарм маҳсулоти, ипак хомашёси, пахта ип-калаваси ва трикотаж мато товарларига ҳам экспорт божлари белгиланмоқда.
Қўшилган қиймат яратиш, қайта ишлаш саноатини қўллаб-қувватлаш мақсадида республикада ишлаб чиқариладиган стратегик хомашё маҳсулотларига (табиий газ, пахта толаси, пахта линти, минерал ўғитлар, полиэтилен, полипропилен, полистерол, полиэтилентерефталат, ПВХ, мис хомашёси) ҳам ушбу тартиб татбиқ этилади.
Қатор ҳолатларда 10 фоиздан 100 фоизгача миқдордаги экспорт божлари бекор қилинаётган йиғимлар ўрнини эгаллайди.
Божхона қўмитаси матбуот хизмати қайдича, янги фармон экспорт тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш, маҳаллий хомашё асосида қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва қайта ишлаш саноатининг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров 86 турдаги товарларга экспорт божлари жорий этилаётганини “маданиятли ташқи савдо қоидалари томон олдинга ташланган навбатдаги қадам” деб баҳолаган. Айни пайтда эксперт табиий газ учун экспорт божини 20 фоиздан 100 фоизга оширишни таклиф этган.
“Шундай экан, агар миллий иқтисодиётимизни, халқимизни, бизнеслар манфаатини ўйласак, газ экспорти учун бизга 100%лик, яъни тақиқловчи экспорт божлари керак”, деб ёзган О.Бакиров.