Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:27

Ҳаводан сув тўпловчи мослама, Ерга ўхшаш 7 сайёра ва йилнинг бошқа кашфиётлари


2017 йил янги илмий кашфиёт ва силжишларга бой бўлди. Қуйида уларнинг айримлари билан танишишингиз мумкин.

Ҳаводан сув тўпловчи мослама ихтиро қилинди

Массачусетс технология институти ҳамда Калифорния университети тадқиқотчилари ҳаводаги намликдан сув тўплаш йўлини ўйлаб топди. Қуёшдан энергия оладиган мослама ҳавода намлик атиги 20% бўлганда ҳам сув тўплай олади. Мослама прототипи 12 соат ичида намлик 20-30% бўлган жойда 3 литрга яқин сув тўплаган.

Водород металлга айлантирилди

Ҳарвард университети олимлари энг енгил элемент бўлмиш водородни металлга айлантириш йўлини топди. Буни амалга ошириш учун олимлар 100 йил изланган. Мутахассислар бу янгилик илм-фан учун катта қадам эканлигини айтмоқда. Металл водород кучли компьютерларда ҳамда ракетасозликда ишлатилиши мумкин. Аммо бунинг учун водородни катта миқдорда металлга айлантириш керак бўлади. Ҳозирча олимлар буни уддалагани йўқ.

Гравитацион тўлқинлар Эйнштейннинг нисбийлик назариясини тасдиқлади

Жорий йилнинг сентябрида бирданига уч лабораторияда коинотдаги гравитацион тўлқинлар тўғридан-тўғри кузатилди. Бу эса Альберт Эйнштейн бир аср муқаддам қилган башоратни тасдиқлайди. Эйнштейннинг нисбийлик назариясига кўра, ҳар қандай жисм ҳаракатланар экан, фазо ва вақтни эгади. Йирик жисмлар гравитацион тўлқинларининг тўғридан-тўғри кузатилгани буни тасдиқлади.

АҚШда олимлар илк марта инсон эмбриони генини ўзгартирди

Америкалик олимлар муваффақиятли равишда инсон муртаги генларини таҳрир қилди. Генларни ўзгартириш учун CRISPR деб атаувчи янги усулдан фойдаланилди. Тадқиқотларга Орегон соғлиқ ва фан университети ходими, қозоғистонлик уйғур олим Шуҳрат Миталипов етакчилик қилган. Бу тажриба генетик хасталиклар олдини олиш учун генларни муваффақиятли равишда ўзгартириш мумкинлигини кўрсатди. Инсон эмбриони генлари илк маротаба 2015 йилда Хитойда таҳрир қилинган эди. Хитойда ўтазилган тажриба натижалари ҳам ижобий, ҳам салбий бўлган.

Далв юлдуз туркумида еттита Ерга ўхшаш сайёра бор

Олимлар Далв юлдуз туркумида Ер катталигидаги еттита сайёра борлигини аниқлади. Уларнинг ҳажми ва улардан ўз юлдузларигача бўлган масофа ушбу сайёраларда ҳаёт бор бўлиши мумкинлигини англатади. Сайёралар биздан 39 ёруғлик йили масофада жойлашган. Олимлар кейинги ўн йил ичида ушбу сайёраларда ҳаёт бор ёки йўқлигини аниқлашга умид қилмоқда.

Аргентинада илк флуоресцент бақа топилди

Олимлар жорий йилда Hypsiboas punctatus бақаси тунда ялтираб кўринишини аниқлашди. Бундан аввал флуоресцент амфибилиялар ҳақида ҳеч ким билмас эди. Авваллари бу ҳолат айрим балиқларда, тошбақаларда ҳамда қушларда кузатилган эди. Hypsiboas punctatus танаси чиқарган кимёвий моддалар оддий нурларни ўзига олади ва уларни узунроқ тўлқинли ёруғлик сифатида қайта чиқаради.

Астрономлар нейтрон юлдузлар тўқнашувини кузатди

Бу йил олимлар илк маротаба икки нейтрон юлдуз тўқнашувини тўғридан-тўғри кузатишга муваффақ бўлди. Тўқнашув олимларнинг олтин ва платина каби оғир элементлар қандай юзага келиши ҳақидаги тахминларидан бирини тасдиқлади. Тўқнашув яна олимларнинг яна бир саволига жавоб берди: катта энергияга эга гамма нурлар нейтрон юлдузлар тўқнашувидан кейин ҳам ҳосил бўлиши мумкин экан. 17 август куни кузатилган гамма-нурланиш, шунингдек, олам қандай суратда кенгаётгани ҳақидаги тахминларни тасдиқлашда қўл келади.

Чўчқаларда одам органларини ўстириш сари яна бир қадам ташланди

Солк биология институти олимлари чўчқалар танасида одамлар органларини ўстиришга яна бир қадам яқинлашганларини билдиришди. Улар чўчқа эмбриони ичида инсон ҳужайраларини ўстиришга муваффақ бўлганлар. Бундай изланишдан мақсад касалликларни ўрганиш ҳамда янги дори турларини ўйлаб топишдир. Қолаверса, бу донорлик амалиётларида қўл келиши мумкин.

Янги дори ичкиликка муккасидан кетганларга ёрдам бериши мумкин

Техас университети Жануби-ғарбий тиббий маркази изланувчилари сурункали ичувчиларга ёрдам бера оладиган дори тайёрлашди. Улар оз спиртли ичимлик истеъмол қиладиган шахслардаги муайян гендаги фарқни аниқлаб, унинг асосида дори ишлаб чиқишган. Ушбу таблетка ашаддий ичувчиларга ёрдам бериши мумкин.

Янги аниқланган ҳомиладорлик олдини олиш воситаси маймунларда 100% натижа кўрсатди

Францияда изланувчилар эркаклар учун ҳомила олдини олувчи янги восита ишлаб чиқди. Vasalgel деб аталувчи гель сперманинг маний йўлига тушишига йўл қўймайди. Гель тухумдонлар ва олат ўртасидаги йўлга киритилади. Вазэктомиядан фарқли ўлароқ, бу муолажа бир умрлик эмасдир.

Янги изланиш натижалари туфайли менструация олдидан бошланадиган синдром аломатларини енгиллатиш мумкин

АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институти ходимлари кескин менструация олди синдромига олиб келувчи молекуляр механизмни аниқладилар. Бундай синдромга чалинадиган аёлларда жинсий гормонларни бошқарувчи молекуляр фарқлар борлиги аниқланган. Изланувчилар эндиликда симптомларни енгиллатиш услубларини ишлаб чиқиш устида ишламоқдалар.

Йўлларда автоуловлар ўлдирган жониворлар тиббий изланишларда қўл келиши мумкин

Оклаҳома университетининг бир гуруҳ изланувчиси йўлда автомобиллар уриб ўлдирган ҳайвонлар ва улар ичидаги микроорганизмларни ўрганиб келади. Улар бактерия ва организмларнинг инсон соғлиғига бўлган таъсирини аниқлашга бел боғлаган. Олимлар январь ойида бундай изланишларни автомобиллар қурбони бўлган ҳайвонларда ўтказаётганларини билдирдилар. Бу услубнинг яхши томони синовлар учун тирик ҳайвонлар қурбон қилинмайди.

XS
SM
MD
LG