Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:55

Афғонистонда ўзбек жангарилари ЎИҲни тирилтираётгани даъво қилинмоқда


Афғонистондаги бир гуруҳ ўзбек жангарилар Ўзбекистон Исломий ҳаракатини қайта оёққа қўяётганини даъво қилмоқда. Бу ҳақда қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Foundation for Defense of Democracies жамғармаси нашри - Long War Journal хабар қилди. Ўзбекистон Исломий ҳаракати ўтган йили кузда Толиблар билан ўзаро жангларда тор-мор этилгани хабар қилинган эди.

Бу Афғонистондаги марказий осиёлик жангариларининг ЎИҲ номи остида яна бирлашишга уринаётганига оид илк иддаоли хабардир.

Хабар расман тасдиқланса, террорчи ИШИД қаторида ЎИҲ ҳам минтақа хавфсизлигига таҳдид ўлароқ яна майдонга қайтиши мумкин, деган хавотирларни кучайтиради.

Афғонистон ҳукумат кучлари эса ЎИҲ собиқ жангариларининг кичик гуруҳлари Туркманистон билан чегарадош Фарёб ва Жузжон вилоятлари, Тожикистон билан чегарадош Таҳҳор ва Қундуз вилоятларида Толиблар сафида жанг қилаётганини қайд этмоқда. Аммо, ҳозирга қадар уларнинг бирлашаётганига оид маълумотлар кузатилмаган.

10 июнь куни Telegram ва Twitter тармоқларида тарқалган баёнотда эса ўзини ИШИДга байъат бермаган ЎИҲ фракцияси, деб даъво қилган гуруҳ Толибон ва Ал-Қойда террор тармоғини қувватлашини билдирди.

The Long War Journal нашрининг ёзишича, ижтимоий тармоқларда тарқатилган баёнотда ЎИҲ жангарилари сони аввалгидан озайган бўлса-да, Афғонистон толиблари сафида жанг ҳаракатларини тўхтатмагани иддао қилинган. Ҳозирча бу гуруҳ қаерда ва улар сафида қанча жангари бор - бу ҳақда Озодликда маълумот йўқ.

Маълумки, ҳаракатнинг сўнгги амири Усмон Ғозий 2015 йилнинг июнь ойида - Толибоннинг аввалги етакчиси мулла Умар ўлгани ва унинг ўлими 2 йил сир сақлангани тан олганидан сўнг, янги амир Ахтар Мансурни тан олмаслиги ва ЎИҲ "Исломий давлат"га қўшилганини эълон қилган эди.

Сўнгра Толибон қўмондонлари ўртасида ўтган йили кузда Зобулда бўлган ўзаро жангларда Усмон Ғозий янги амирга қарши бўлган Толибон қўмондонлари тарафида жанг қилгани ва жангларда ЎИҲ тор-мор этилгани хабар қилинган.

Ўша кездаёқ, ЎИҲнинг "Исломий давлат"га қўшилмаган каттагина бир гуруҳи Фарёбда қолгани маълум бўлган.

Фарёблик манбалар, хусусан, ЎИҲга қарши 30 йилдан ошиқ жанг қилган маҳаллий ўзбек оқсоқоли Раҳмат Раис, тахминан, 50-60 нафар атрофидаги ўзбек жангариси оиласи билан вилоятнинг Қайсор, Алмор ва Давлатобод туманларида жон сақлаётганини айтган.

Ҳозирги пайтда Фарёбдаги Озодлик афғон хизмати журналистлари ўзбек жангарилари кичик гуруҳларга бўлиниб, Афғонистоннинг Фарёб, Қундуз, Таҳҳор, Жузжон вилоятларга ёйилиб кетгани ва уларнинг нисбатан каттароқ гуруҳи Форёбнинг Қайсор туманида эканини хабар қилмоқда.

Манбаларга кўра, бу ўзбеклар Толибон сафида туриб, ҳукумат кучларига қарши жанг қилмоқда. Хусусан, Фарёб вилояти ҳукумат кучлари 3 кун муқаддам тарқатган расмий баёнотда Қайсор туманидаги амалиётлар вақтида маҳаллий толибларнинг 12 жангариси ўлдирилгани, улар орасида нуфузга эга бўлган Паҳлавон Тоҳир ва Мавлавий Нурилло исмли дала қўмондонлари борлиги айтилди.

Маҳаллий журналистлар Паҳлавон Тоҳир ўзбек жангарилари кичик гуруҳларидан бирининг етакчиси эканини айтмоқда. Аммо, Озодликда бу шахснинг ким экани ва унинг ортида қанча жангари борлиги ҳақида маълумот йўқ.

АҚШ, Европа давлатлари, Россия ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан "террорчи ташкилот" деб эълон қилинган Ўзбекистон Исломий ҳаракати эса 1996 йилда тузилганди.

2001 йилда АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция Афғонистонда амирлик эълон қилган толибларга қарши кураш бошлаган кезларда, ЎИҲ Толибон сафига ўтган. Ўша кездаёқ Тоҳир Йўлдош Пентагон томонидан террорчи ташкилот етакчилари рўйхатига киритилган ва 2009 йилнинг 27 августида АҚШ дронидан отилган ракетадан яраланиб, ўлган эди.

Унинг ўлими 2010 йилда ҳаракат томонидан тасдиқланди ва ўша йили ҳаракатга куёви Усмон Одил раҳбар этиб тайинланди. 2012 йилда у ҳам ўлдирилди ва шундан сўнг ЎИҲга Усмон Ғозий раҳбарлик қилди ва у ўтган йили июнь ойида ҳаракат тугатилиб, "Исломий давлат"га бирлашганини эълон қилган. ​

Ўтган йили 10 декабрда Толибларга оид Интернет тармоқларида Ғозийнинг ўлгани иддао қилинган суратлар тарқатилган. Ўшанда ЎИҲ тор-мор этилганини тасдиқлаган Афғонистон хавфсизлик кучлари қочиб юрган Усмон Ғозийнинг жасади кейинроқ Зобулда топилганига оид Толибон иддаоларини тасдиқламаган эди.

Аммо, ЎИҲнинг тор-мор этилиши билан қарийб 20 йил давомида Марказий Осиё ҳукуматлари, хусусан Ўзбекистон ҳукумати томонидан минтақада жиддий таҳдид манбаи сифатида кўрилган куч йўқ бўлган эди.

XS
SM
MD
LG