Жорий йилнинг 29 февраль - 1 март кунлари Хитойда бўлган Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Хитой билан янги сармоявий келишувларга эришолмади, деб ёзмоқда Eurasianet нашри.
Маҳаллий матбуот ташрифдан мақсад савдо ва сармояни жонлантириш экани ҳақида ёзганди.
Бу Ўзбекистон бош вазирининг мусулмон уйғурлар яшайдиган Шинжон минтақасига биринчи ташрифи бўлган. Ўзбекистон Хитойнинг уйғур ва бошқа миллий ва диний озчиликлар борасидаги сиёсатини сўзсиз дастаклаб келади. Расмий Тошкент ўтмишда камида бир уйғур фаолини Хитойга топширгани маълум.
Тошкент ва Гуанжоудаги инвестициявий форумлар ўзбек матбуотида қизғин ёритилган бўлса-да, бу тадбирларда сезиларли натижалар қайд этилмади.
Бош вазир матбуот хизматининг Телеграм-канали Арипов Хитойга ташрифи ортидан инвестицияларга бағишланган "танқидий руҳдаги йиғилиш" ўтказгани ҳақида хабар берди.
7 март куни вазирлар ва ҳокимлар иштирокида ўтган видеоселекторда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирига янги ўринбосари тайинлангани ҳам эълон қилинди.
Хитой сармояси учун кураш
Eurasianet нашрининг Евроосиё тараққиёт банки рақамларига таяниб ёзишича, 2016 йилдан 2023 йилнинг биринчи ярмигача бўлган даврда Хитойнинг собиқ иттифоқ давлатларига киритган умумий сармояси 80 миллиард долларга етган.
Хитойнинг хорижий сармояга бўлган иштиёқи бирмунча пасайган.
Қозоғистон етти ярим йил давомида Хитой Евроосиёга киритган сармоянинг 52 фоизи ёки тахминан 41,9 миллиард долларини ўзлаштирган, Россия эса Хитой инвестицияларнинг тахминан 24 фоизини (19,2 млрд. долларини) ўзлаштирган.
Сармояларнинг катта қисми нефть газ секторига йўналтирилган.
Хитойнинг давлат томонидан назорат қилинадиган CNPC энергетика конгломерати асосий инвестор бўлиб келмоқда.
Пекиннинг энергия ва қувурларга эътибор қаратаётгани ҳисобга олинса, Туркманистон Хитойнинг 2016-2023 йилларда Евроосиёга йўналтирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларини ўзлаштиришда 9,4 миллиард доллар билан учинчи ўринни эгаллаши ажабланарли эмас.
Россия EТБдаги энг йирик инвестор ҳисобланади. Банк собиқ совет давлатларига киритилган сармояни ҳисоблашда ҳозирда Европа Иттифоқига аъзо Эстония, Латвия ва Литвани ҳисобга олмаган.
EТБ ҳисоботида шунингдек, 2023 йилнинг сўнгги ярмидаги рақамлар қайд этилмаган. Бу даврда Хитой иқтисодиёти ишсизлик даражаси ортиши, ўсиб бораётган муниципал қарзлар ва дефляция каби турли хил тенденцияларни бошдан кечирган.
Хитойнинг ички молиявий муаммоларининг кучайиб бораётгани ва ҳукуматнинг бу муаммоларга суст муносабатда бўлиши Пекиннинг тўғридан-тўғри инвестициялари оқими камайишига сабаб бўлмоқда.
Март ойи бошида Шинжонда Қирғизистон ҳукумати раҳбари Оқилбек Жапаров, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Хитой расмийлари иштирокида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Лойиҳа ҳозирда Хитойнинг қўшимча молиялаштиришни хоҳламаслиги туфайли тўхтаб қолган. Охирги музокаралардан сўнг ҳам лойиҳанинг бориши бўйича олдинга силжиш бўлмади, деб ёзди Eurasianet.
Форум