Самарқандда 3-4 апрель кунлари ўтадиган бирини Марказий Осиё-Европа Иттифоқи саммити арафасида Euronews канали Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан интервью эълон қилди.
Эксклюзив дея тақдим қилинган интервью қаерда ва ким томонидан ёзиб олингани маълум эмас.
1 апрель куни Euronews.com сайтида пайдо бўлган ва савол-жавоб (Q&A) форматидаги интервьюнинг видео версияси бор-йўқлиги ҳам номаълум.
Саволлар ва жавоблардан интервью жонли олиб борилмагани, балки Euronews аввалдан тақдим этган саволларга Ўзбекистон раҳбарининг жавоблари эканини тахмин қилиш мумкин.
Бир томонлама мулоқот
2023 йил апрелидаги конституцияга ўзгартиришлар ортидан амалда умрбод президент бўлиш ҳуқуқини қўлга киритган Шавкат Мирзиёев ҳозирга қадар на маҳаллий ва на хорижий матбуотга бирон марта тўғридан-тўғри интервью бермаган.
Мирзиёев 61 ёшга тўлган 2018 йилда унинг Фейсбукдаги саҳифаси орқали «Жаноб Президент» номли ҳужжатли фильм эфирга узатилган эди.
Ўша пайтда Ўзбекистон президентининг матбуот котиби бўлиб ишлаган Комил Алламжонов муаллифлигида ишланган ушбу фильм «Миллий» ТВ орқали ҳам эфирга узатилган.
Президент вилоятларга ташрифлари чоғида ўзига ҳамроҳлик қилган маҳаллий журналист ва блогерларнинг кичик бир гуруҳи билан мулоқот қилади, аммо бу мулоқотларда журналистлар президентни саволга тутмайди.
Мирзиёев хорижий сафарларида ҳам бирон марта журналистларнинг саволларига жавоб бермаган, хорижий раҳбарларнинг Ўзбекистонга ташрифлари чоғида ҳам ҳозирга қадар журналистларга на меҳмон ва на мезбон давлат раҳбарини саволга тутиш имкони тақдим этилган эмас.
Euronews эълон қилган суҳбатда президент Мирзиёев "Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик кун тартиби бўйича аниқ тасаввурга эга" эканликларини таъкидлаган.
У Марказий Осиё – Европа Иттифоқи форматидаги ҳамкорликни "ноёб платформа" деб атаган.
"Бу ўз кўлами ва институционал қамрови жиҳатидан тенгсиз ҳисобланади. Европа Иттифоқи – бу 27 давлатни, жумладан, учта “Еттилик” аъзоларини (Германия, Франция ва Италия) бирлаштирувчи энг йирик интеграцион бирлашмадир, у Марказий Осиё билан тизимли ҳамкорликни минтақаларо даражада олиб бормоқда", деб айтган Ўзбекистон раҳбари.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ЕИ билан ҳамкорлик иқтисодиёт ва инвестициялардан тортиб, барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва рақамли трансформациягача бўлган кўплаб йўналишларни қамраб олади ва узоқ муддатли стратегик устуворликларга асосланади.
Сўнгги етти йилда Марказий Осиё мамлакатлари ва ЕИ ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми тўрт баробарга ошиб 54 миллиард еврога етганини айтган Мирзиёев Европа бизнесининг Ўзбекистон ва минтақа давлатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик имкониятларига қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, минтақада кузатилаётган ижобий жараёнлар Марказий Осиёга бўлган қизиқишни оширган.
Самарқанд саммити Россиянинг Украинадаги уруши ва бу уруш сабаб ЕИ-АҚШ алоқаларида юзага келган инқироз фонида бўлиб ўтади.
Президент Мирзиёевнинг Euronews га жавобларида бу мавзулар четлаб ўтилган.
Расмий Тошкент Украинадаги уруш борасида "нейтрал" позицияни эгаллаган, аммо таҳлилчилар ва Ғарб дипломатлари назарида бу позиция Россиядан кўра Украинага нисбатан "нейтралроқ"дир.
Президент Мирзиёев Россиянинг Украинага уруши борасида расман ҳеч қандай баёнот бермаган ва уруш бошланганидан буён бирон марта Украина номини тилга олмаган.
У Ўзбекистоннинг МДҲдаги йирик савдо ҳамкорларидан ва ўтмишда муҳим сиёсий иттифоқчиларидан саналган Украина президенти Владимир Зеленский билан бирон марта ҳам мулоқот қилмаган.
Украинадаги уруш бошланганидан бир неча ҳафта ўтиб Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаш борасида баёнот берган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов истеъфога чиқарилганди.
Толибонга дастак
Президент Мирзиёев Euronews саволларига жавобларида Афғонистондаги Толибон билан ҳамкорлик сиёсатини ҳимоя қилган.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан ёндашуви ҳар доим прагматик бўлган.
"Биз қўшнимиздан ҳеч қачон юз ўгирмаганмиз ва уни яккалатмаганмиз", деган Мирзиёев.
Унга кўра, Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича олиб борган сиёсатига "аввал бошда рози бўлмаган кўпчилик бугун унинг тўғри ва муқаррар эканини тан олишга мажбур бўлмоқда".
Мирзиёев Толибонни мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва кўкнор етиштиришни қисқартиришга муваффақ бўлгани учун мақтабгина қолмаган, балки Афғонистонда Толибондан олдинги ҳокимиятни бошқарувдаги "ноқобил"лиги учун танқид ҳам қилган.
Унинг сўзларига кўра, Афғонистонда 2021 йил августида президент Ашраф Ғани ҳукуматининг қулашига олиб келган омиллардан бири, жумладан, унинг "мухолифат билан мулоқотга киришмагани ҳамда бутун маъмурият бўйлаб илдиз отган коррупция" бўлган.
Президент Мирзиёевнинг ўзи ислоҳотлар ҳақидаги баландпарвоз баёнотларига қарамасдан ҳақиқий мухолифатга йўл бермаётгани ва бошқарувдаги коррупция учун танқид қилинади.
Самарқанддаги саммит арафасида Европа Иттифоқи раҳбарларига мурожаат билан чиққан Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти инсон ҳақлари Марказий Осиёнинг авторитар президентлари билан мулоқотларнингн марказида бўлиши кераклигини таъкидлаган.
Ўзбекистонда бир неча блогер «президентни интернетда ҳақорат қилганлик» айби билан таъқибга учраганини айтган ташкилот, Мирзиёев ҳукуматини мустақил ҳуқуқ фаолларига қарши сохта жиноят ишларини қўзғатишда айблаган.
HRW ҳукуматга қарши танқидий чиқишлари ортидан руҳий шифохонага ташланган фаол Валижон Калонов ҳамда қамоқдаги блогерлар Дилдора Ҳакимова ҳамда Наргиза Келдиёрова лар тақдирига эътибор қаратган.
Ташкилотга кўра, инсон ҳуқуқларининг ҳурмат қилиниши ва қонун устуворлиги Европа Иттифоқининг Марказий Осиё давлатлари билан ҳар қандай ҳамкорликда ўз манфаатларини илгари сура олиши учун муҳимдир.
Форум