Линклар

Шошилинч хабар
13 апрел 2025, Тошкент вақти: 19:16

Уран, орден ва ўзбек томони тилга олмаган сўз эркинлиги. Мирзиёевнинг Парижга ташрифи


Шавкат Мирзиёев, Париж, Франция. 12 март, 2025
Шавкат Мирзиёев, Париж, Франция. 12 март, 2025

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи Стратегик шерикликка доир қўшма декларация, икки томонлама ҳамкорликка доир қатор битимлар, жумладан, 6,5 миллиард евролик ҳамкорлик дастурини имзолаш билан якунланди.

Ташрифнинг энг тантанали қисми Шавкат Мирзиёевнинг Франция олий мукофоти - Фахрий легион ордени билан тақдирланиши эди.

Француз матбуоти Мирзиёев ва Макрон ўртасидаги музокараларнинг асосий мавзуси энергетика соҳасидаги ҳамкорлик экани ҳақида ёзди.

Жумладан, Le Figaro нашрига кўра, Франция дунёга очилаётган Ўзбекистоннинг энергетика бозорида Россия, Хитой ва Форз кўрфази давлатлари билан бир қаторда ўз улушига эга бўлишни истайди.

Нашр Ўзбекистоннинг мамлакатдаги энергия тақчиллиги учун энг кўп танқид қилинадиган энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг "француз компаниялари нафақат инвестор, балки технологик ҳамкор ҳамдир" деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Аммо Россиянинг Газпром ширкати билан имзоланган ва шаффоф эмас деб баҳоланган энергетика келишувларида жаноб Мирзамаҳмудовнинг имзоси турибди.

Озодлик суриштирувлари газга бой Ўзбекистоннинг миллардлаб заҳиралари шубҳали келишувлар орқали Кремлга яқин олигархларга бериб юборилганини ўртага чиқарган.

Кремль чангалидаги ўзбек гази
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:19:16 0:00

Елисей саройи тарқатган хабарларда ўзбек томони тилга олмаган икки жиҳат - инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги масаласи ҳам урғуланди.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Париж ва Тошкент муносабатларида геосиёсат ва энергетика билан боғлиқ манфаатлар устун келаётганидан таассуф билдиришган.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлар ваъдаси

Елисей саройи тарқатган хабарда стратегик шериклик даражасидаги ўзаро ҳамкорлик келишувидан, ўзбек томони тилга олмаган ва Ўзбекистон йиллардан бери ўнглай олмаётган муҳим масалалар, жумладан инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини таъминлаш, коррупцияга қарши кураш аҳди ҳам ўрин олгани айтилди:

“5. Франция ва Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти асосий рол ўйнайдиган кўп томонлама муносабатларнинг муҳим ролини таъкидлаб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига содиқлигини, хусусан, ҳар бир мамлакат тараққиёти, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди…

34. Aхборот манипуляциясига қарши курашиш мақсадида ҳар икки томон ҳам ахборотнинг яхлитлиги ва сўз эркинлигига содиқлигини таъкидлайди. Франция ва Ўзбекистон медиа-таълим соҳасида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқади ҳамда мустақил журналистлар ва оммавий ахборот воситалари салоҳиятини оширишга кўмаклашади”.


Ўзбекистон матбуоти ёки президент матбуот хизмати, Европа Иттифоқининг етакчи давлати билан имзоланган стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги декларацияга киритилган ва Мирзиёев ҳукумати ўз зиммасига олган бу мажбуриятлар ҳақида лом-мим демади.

Аммо Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (AHRCA), Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR) ва Норвегия Хельсинки қўмитаси (NHC) томонидан 11 март куни ёйинланган қўшма мурожаатида ҳозир томонлар ўртасида ҳал қилиниши керак бўлган бирламчи масала - айнан инсон ҳуқуқлари ва фундаментал эркинликларни таъминлаш эканини урғулайди.

Бу ташкилот вакиллари бир овоздан - Ўзбекистондаги сўз эркинлиги вазияти хавотирли тарзда ёмонлашмоқда ва ижтимоий тармоқларда мустақил шарҳловчилар таъқиб этилмоқда, деган хулосада:

“Ислоҳотлар ўтказиш борасидаги расмий мажбуриятларга қарамай, Ўзбекистон расмийлари режим танқидчиларининг овозини ўчиришга мажбур қилиш учун жиноий таъқиб ва ҳатто мажбурий психиатрик муолажадан фойдаланган ҳолда, сўз эркинлигига босим ўтказишни давом эттиришмоқда. Коррупция, непотизм ёки сиёсий жиҳатдан долзарб бўлган бошқа масалаларни ёритаётган мустақил журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқлардаги шарҳловчилар таъқиб-тазйиқ, ҳибсга олиниш ва қамалиш хатари қаршисида қолишлари мумкин”.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаеванинг айтишича, Париж ёки Тошкент расмийлари фаолларнинг бу чақириқларига кутилган жавобни бермаётир.

Аксинча, Франция инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишига олиб келган ҳаракатни содир этди - Ўзбекистонлик қочқинни ҳануз қийноқлардан воз кечолмаган ва адолатли судни таъминлай олмаган Тошкентга берди.

“Охирги 8 йил ичида қийноқ амалиётида иштирок этганларнинг жазога тортилишига оид бирорта ҳолат маълум эмас. Бу борада мустақил инсон ҳуқуқлари фаоллари мониторинг ўтказа олмаслиги учун ҳукумат қўлидан келган барча ишни қилмоқда. Ўз фикрини эркин ифода қилишга уринган қарийб барча танқидчилар махсус хизматларнинг назорати остида. Фуқаролик жамияти вакилларининг ёппасига обрўсизлантирилиши, сиёсий мухолифларнинг бостирилиши, нодавлат ташкилотлар ва мухолиф партияларнинг рўйхатга олинишига имконият берилмаётган бир паллада, Эммануэл Макрон Ўзбекистон президентини олий мукофот билан тақдирлаяпти. Ваҳоланки, президентликка ҳам Шавкат Мирзиёев конституцияга зид равишда келган эди”, дейди Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева.

Фаоллар Париж сафари олдидан Мирзиёевга ваъдаларини эслатди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:25 0:00

Уран келишуви

Француз матбуоти ҳамда халқаро экспертларга кўра, томонлар ўртасида стратегик шерикликка оид келишувнинг асосий сабабларидан бири - энергетик ҳамкорликдир.

Маълумки, Францияда 18та йирик атом электр станциялари электр энергиянинг 65 фоизини уран ёқиб, ишлаб чиқаради.

Франция шу пайтгача зарур ураннинг бешдан бир қисмини Нигердаги "Орано" конидан оларди. Бу ерда давлат тўнтариши бўлгач, кон хунта қўлига ўтди ва шундан бери Париж ўзбек урани харидорига айланди.

Франция матбуотининг хабар қилишича, 2023 йилда Ўзбекистон Францияга зарур ураннинг 8 фоизини етказиб берган. “Бу 1730 тоннага тенг, яъни 93 миллион евро қийматида”, деб ёзмоқда жумладан Радио Франс.

Шунингдек томонлар 2019 йилдан буён французларнинг "Орано" ва “Навоийуран” давлат ташкилоти ўртасида уран заҳираларини ўрганиш ишлари олиб борилаётганини ҳам алоҳида урғуламоқда.

“Нодир қазилма металлари ёки Ўзбекистондаги минерал конларига ошиб бораётган қизиқиш – қайсидир маънода АҚШ ва Украина ўртасида ҳозирланаётган келишув боис юзага чиқди. Ҳозир бу масала кескинлашиб бормоқда. Европа Иттифоқи ҳам Украинадаги нодир қазилма манбаларига қизиқмоқда. Афтидан яна Францияни, ўтган йили Ўзбекистон билан Буюк Британия ва АҚШ ўртасида нодир минераллар ва металларни қазиб олиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳам хавотирга солган кўринади”, дейди сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов.

Бутунжаҳон ядро ассоциацияси (WNA) маълумотларига кўра, Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича дунёда бешинчи ўринда туради. Дунёда қазиб олинадиган ураннинг 3 ярим минг тоннаси Ўзбекистонга тўғри келади. Захира бўйича эса Ўзбекистон 11-ўринда туради.

Ўзбекистонда қазиб олинган уран қайта ишланмайди, балки тўлиқ бошқа мамлакатларга экспорт қилинади.

Сармоя ва яна кўпроқ сармоя

Албатта, расмий Тошкент уран бериш эвазига Франция томонидан нималарни олишга умид қилмоқда, деган муҳим савол ўртага чиқади.

Расмий баёнотлар мазмунига қаралса, яна сармоя ва имкон қадар кўпроқ сармоя олиш истаги.

Маълумки, Ўзбекистонда йиллардан буён энергетик таъминотнинг асоси бўлиб қолаётган табиий газни қазиб олиш ҳажми йилдан йилга қисқармоқда. Ҳозир ҳукумат энергиянинг муқобил йўлларини қидиришга зўр бериб интилмоқда. Бу эса катта маблағ талаб қилади.

Мирзиёев ҳукумати жами энергиянинг 16 фоизи қайта тикланувчи манбалар, жумладан шамол, қуёшдан олинаётганини айтиб келади ва 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 50 фоиздан оширилишини ваъда қилади.

У Францияга аввалги ташрифларида ҳам йирик француз ширкатларини муқобил энергия манбалари бўйича лойиҳаларга сармоя киритишга чақирган.

Бу гал ҳам икки томондан 60 дан ортиқ етакчи компания, инвестиция ва банк-молия институти раҳбарлари ва вакиллари қатнашган форумда Франция компаниялари билан 2027 йилгача бўлган даврга мўлжалланган умумий қиймати 6,5 миллиард евролик лойиҳалар тақдим қилинди.

12 март кунги музокараларда Франциянинг Voltalia компанияси Ўзбекистонда қуёш, шамол станциялари ва энергия сақлаш тизимларидан иборат гибрид кластер учун электр энергияси сотиш бўйича 25 йиллик шартномани имзолагани расман хабар қилинди.

Бу комплекс 126 МВт қувватга эга қуёш электр станцияси, 300 МВт қувватга эга шамол станцияси ва 100 МВт / 200 МВт/соат қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизимини ўз ичига олиши айтилмоқда.

Расмий хабарда айтилишича, бу гибрид кластер йилига қарийб 2,5 миллион ўзбекистонликни электр энергияси билан таъминлаш қувватига эга бўлади.

Коррупция ва непотизм айбловлари

Мирзиёевнинг хориж сафарларида имзоланаётган миллиардлаб долларлик келишувларга қарамасдан Ўзбекистон энергетика соҳаси абгорлигича қолмоқда. Ҳукумат ҳар йили қишда газга бой мамлакат аҳолисининг энг тамал эхтиёжларини қондиришга қодир эмас.

Фаоллар бунинг асосий сабаби мамлакатдаги коррупция ҳамда шаффофлик ва ҳисобдорликнинг йўқлиги эканини айтишади.

Эксклюзив: “Ҳукумат қонунни бузса жазоланиши керак” - Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:54 0:00

“Ақл бовар қилмайдиган даражада коррупция авж олди. Президент оиласининг аъзолари ҳам коррупциявий схемаларда очиқ иштирок этмоқда ҳамда уларнинг ҳаммаси жазосиз қолмоқда. Яъни, Ўзбекистондан ташқарида яшаётган фуқаролик жамияти вакилларининг айтадиган гаплари бор. Шунинг учун, бу учрашувга, ҳам Ўзбекистон ва афсуски, ҳам Франция томонидан мана шундай яширин, зимдан ҳозирлик кўрилиши - инсон ҳуқуқлари масаласи Ўзбекистонга нисбатан Макроннинг ташқи сиёсатида кутилгани каби муҳим эмаслигини кўрсатмоқда. Бу эса жуда афсусланарли ҳол”, дейди жумладан Надежда Атаева.

Украина масаласи

Мирзиёевнинг Парижга сафари арафасида француз матбуоти музокараларда Украина ва Афғонистон масаласи ҳам муҳокама қилинишини ёзган эди.

Аммо, томонлар расмий баёнотларида Украинадаги бугунги вазият, яъни Россиянинг 2022 йилдан бери давом этаётган босқини музокараларда тилга олингани ҳақида ҳеч қандай хабар берилмади.

Мирзиёевнинг 2022 йил Парижда ўтган учрашувларида ҳам Украина масаласи муҳокама қилинган, ўшанда бу ҳақда Ўзбекистон расмийлари Озодликка айтган эди.

Озодлик бу музокараларни Париждан ёритган ва Озодликка микрофонсиз гапирган мулозимлар, Украина масаласи учрашувларда тилга олингани, томонлар Ўзбекистон томони сўрови билан бу масалада сукут сақлаганини билдирган эди.

Ўзбек расмийларига кўра, Тошкент ўша музокараларда Ғарбнинг мислсиз санкциялари орстида қолган Россиянинг Марказий Осиёга ортиб бораётган босимини урғулаган. Кремлнинг исталган пайтда, Россияда юрган миллионлаб меҳнат муҳожири ёки энергетик ресурслар устидан Тошкентни қисувга олиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Озодликка аноним шаклда маълумот берган расмийлар, Париж раҳбарияти бу вазиятга тушуниш билан ёндашганини айтган эди.

2023 якуни: Мирзиёевга қучоқ очган Европа
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:39 0:00

2023 йил ноябрь ойида Франция президенти Эммануэль Макрон расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди ва ўшанда икки давлат раҳбарлари орасида ўзаро илиқ кўринган учрашувлар Париж ҳануз Тошкентга чуқур англашув билан ёндашаётганини кўрсатди.

2025 йилдаги давлат ташрифи давомида Макрон Мирзиёев кўксига қадаган орден эса ўзаро чуқур алоқаларнинг рамзий тимсоли сифатида тарихга муҳрланди.

“Бу Ўзбекистон учун қайсидир маънода Россиянинг таъсиридан чиқиш, кўп векторли ташқи сиёсат юритиш имконини беради. Бундай вазиятда шу каби алоқалар катта рол ўйнайди. Шунингдек, мамлакатга киритилаётган 8 миллиард доллардан ошиқроқ сармоя ҳам Ўзбекистон иқтисодий манфаатлари учун қувонарли ҳол. Бу ерда Ўзбекистон GSP+ умумлаштирилган имтиёзлар тизимидан ҳам фойдаланишга уринмоқда. Бу - Европа иттифоқи айрим ривожланаётган ва иттифоққа экспорт қилишга уринган давлатларга нисбатан бож тўловидан тўлиқ ёки қисман озод қилиш учун қўллаётган тизим”, дея умид билдиради Алишер Илҳомов.

Айни пайтда Ўзбекистон Франция ва умумиятла Европа Иттифоқи билан алоқаларини илгарилатадиган иккита муҳим тадбирга ҳозирланмоқда. Бири апрель ойида Ўзбекистонда бўладиган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё илк саммити.

Яна бири эса жорий йил кузида Самарқандда ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси. Бу сўнгги 40 йил ичида биринчи марта ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги қароргоҳидан бошқа жойда ўтказилган сессияси бўлади ва бу ташкилотнинг 80 йиллигига тўғри келади.

Форум

XS
SM
MD
LG