Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:24

Миллиард долларлик пора жанжали ортидан МТС Ўзбекистондан чиқиб кетишга қарор қилди


Ўзбекистон ҳукумати билан халқаро арбитраж судларида олиб борилган икки йиллик тортишувдан сўнг¸ 2014 йил декабрида яна ўзбек мобил алоқа бозорига қайтишга муваффақ бўлган Россиянинг МТС ширкати жорий ойда бу бозорни ўз ихтиëри билан тарк этмоқда. МТС раҳбарияти бу қарорни тақозо қилган сабабларга изоҳ беришдан бош тортаëтган бир пайтда¸ кузатувчилар унинг АҚШда бораëтган тергов жараëни билаб боғлиқлигини тахмин қилмоқда.

"Тасдиқлайман!"

5 август куни Озодликнинг МТС бошқарувига яқин манбаси¸ "Мобильные телесистемы" - МТС ширкатининг август ойи охирига қадар Ўзбекистондаги ўз активларини сотиб¸ мамлакатни тарк этиши ҳақида хабарларни тасдиқлади.

“Бу жараëн тафсилотларини очиқлай олмайман¸ аммо МТСнинг Ўзбекистондан кетаëтганини тасдиқлайман”¸ деди Озодлик манбаси.

Россия ахборот агентликлари 4 август куни тарқатган хабарга кўра¸ Ўзбекистон ҳукумати Россия ширкати” бу масалада қатъий келишувга келиб бўлган ва август ойи охирига қадар МТС UMS таъсисчилари таркибидан чиқади”.

Чиқиш жараëнида юзага чиқиши мумкин ҳар хил нохушликлардан ҳимояланиш мақсадида¸ Россия нашрларига кўра¸ МТС аллақачон россиялик барча ходимларини Ўзбекистондан олиб чиққан¸ ҳозирда Тошкентда фақат UMS қўшма корхонаси бош директори Дмитрий Нагорных қолган.

2014 йил декабрида Ўзбекистонда Universal Mobile Systems – UMS бренди остида иш бошлаган янги ширкат акцияларининг 50¸01 фоизи МТСга¸ қолган 49¸99 фоизи Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига қарашли.

Ўзбекистон алоқа тизимидаги аноним манбаларнинг матбуотга билдиришича¸ МТС UMS акцияларининг ўз ихтиëридаги назорат пакетини рамзий нарх - 1 долларга “Узмобайл” миллий операторига сотишга рози бўлган.

"Ширкатнинг 500 миллион сўмлик қарзи бор. Келишувга кўра¸ бу қарзни тўлаш энди "Узмобайл"га ўтиши керак"¸ деди Озодликнинг жараëндан хабардор манбаси.

UMS фаолиятини давом эттиради

МТС нинг UMS таъсисчилари сафидан чиқиши ҳақида хабар чиққан айни кунда¸ ширкат бу янгиликка билвосита муносабат билдирди ва ўз мижозларини фаолияти ўзгаришсиз давом этажагига ишонтиришга уринди.

"Universal Mobile Systems" Mas'uliyati cheklangan jamiyati o’z faoliyatini 2029 yil yakunigacha berilgan uyali aloqa xizmatlarini ko’rsatish litsenziyasi asosida olib bormoqda.

Kompaniya mobil operatorning barcha xizmat va servislarini ko’rsatmoqda, yangi abonentlarni ulash va amaldagi mijozlarga xizmat ko’rsatish ishlarini amalga oshirmoqda.

Salmoqli salohiyatga ega UMS uzoq muddatli rivojlanish rejalarini barcha yo’nalishlar bo’yicha tatbiq etishni davom ettiradi va o‘z mijozlarining ehtiyojlarini qondirishga alohida e’tibor qaratadi"¸ дейилади ширкатнинг "UMS chinakam va uzoq muddatga" деб номланган баëнотида.

Айни пайтда¸ телекоммуникация мутахассислари МТСнинг Ўзбекистон мобиль алоқа майдонидан чиқиб кетиши ва UMSнинг тўлиғича маҳаллий оператор қўлига ўтиши айрим техник муаммолар¸ хусусан¸ мобиль алоқасидаги узилишларга сабаб бўлишини тахмин қилмоқда.

No comment

МТС матбуот хизмати вакили Дмитрий Солодовников Озодлик билан суҳбатда ширкатни Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур қилган сабаблар ҳақида изоҳ берилмаслигини билдирди:

- Матбуот ва жамоатчилик қизиқишини тушуниб турибмиз. Аммо компания позицияси бу жараëнга оид мутлақ изоҳ бермаслик. Шу боис¸ ҳамма саволингизга жавоб – no comment¸ деди Солодовников 5 август куни Озодлик билан телефон суҳбатида.

Нега қайтдию¸ нега кетмоқда?

МТСнинг Ўзбекистондаги фаолиятидан хабардор мутахассисларга кўра¸ икки йиллик легал тортишувлардан сўнг Ўзбекистонга қайтишга муваффақ бўлган Россия телеком ширкатини бу гал ўз қарори билан ими-жимида бу мамлакатни тарк этишга АҚШда бораëтган тергов жараëни мажбур қилган.

Акциялари АҚШ қимматбаҳо қоғозлар биржасида сотувга қўйилган МТС, қолаверса¸ VimpelCom ва Teliaнинг Ўзбекистондаги фаолияти¸ Тошкент биринчи оиласига элтувчи коррупция жанжали муносабати билан уч йилдан бери АҚШ терговчилари диққат-марказида қолмоқда.

Ана шу терговнинг дастлабки натижаси ўлароқ¸ 20 июль куни Ҳолландиянинг Амстердам шаҳри маҳкамаси "Ўзбекистон президентининг тўнғич қизига алоқадор Takilant Ltd. ширкатини VimpelCom Ltd. and Telia AB ширкатларидан симсиз частоталар учун катта миқдорда пора олишда айбдор", деб топди. Суд ҳукми билан Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant ширкатининг хориж банкларидаги 135 миллион доллар пули мусодара қилинди¸ Takilant ширкати 1¸6 миллион евро жарима тўлашга ҳукм қилинди.

VimpelCom АҚШ ва Ҳолландия адлия тизимлари билан маҳкама олди ярашув битими тузди ва Ўзбекистонга кириш учун пора берганини тан олиб¸ 835 миллион доллар жарима тўлашга рози бўлди.

“Бу жарима 835 миллиондан кўра анча катта бўларди. Аммо VimpelCom тергов билан ҳамкорлик қилгани ва жиноий масъулиятни тан олгани учун¸ унга “чегирма” берилди”¸ деб шарҳлаган эди VimpelComнинг АҚШ ва Ҳолландия адлия тизимлари билан тузган маҳкамагача ярашув битимини АҚШ бош прокурори ëрдамчиси Leslie Caldwell.

Тахминларга кўра¸ МТС ҳам АҚШ ва Европа адлия тизимларидан шу каби “чегирма” олиш ва маҳкамага чап бериш учун ярашув битими тузиш шартларидан бири сифатида¸ Ўзбекистонни тарк этишга қарор қилган.

Ҳозирча МТСнинг АҚШ ва Европа ҳуқуқ тизимлари билан музокаралари¸ хусусан¸ ширкатга солиниши мумкин жаримага оид маълумот Озодлик ихтиëрида йўқ.

АҚШ Адлия вазирлиги ихтиëридаги ҳужжатларда¸МТС 2004 йили “Ўздунробита” маҳаллий операторида улуш сотиб олиш учун исми келтирилмаган бир нуфузли шахс билан боғлиқ Swisdorn ширкатига асосланмаган тарзда катта маблағ тўлагани айтилади. МТСдан Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага алоқадор экани айтиладиган Takilant ҳам пора олган. Даъво аризасида кўрсатилишича, 2004-2009 йиллар мобайнида МТС Swisdorn ва Takilant ширкатларига 380 миллион доллар тўлаган.

Тергов тахминича¸ МТС¸ TeliaSonera ва VimpelCom ширкатларининг Гулнора Каримовага алоқадор деб кўрилган оффшор ширкатларга жами 1 миллиард доллардан ошиқ пора берган.

Бир миллиардлик пора жанжали ортидан МТС Ўзбекистонни бу гал ўзи ташлаб чиқишга қарор қилган бўлса¸ VimpelCom (Ўзбекистонда Beeline) ва Telia (Ўзбекистонда UCell)нинг ҳам Ўзбекистондаги бизнесини сотиш учун харидор қидираëтгани айтилмоқда.

"МТС каттароқ йўқотишлар олдини олиш учун ўзбек бозорига қўл силкитди"

Кузатувчиларга кўра¸ АҚШ тергов тизимлари билан маҳкамагача ярашув битимига эришиш баробарида¸ МТСни Ўзбекистонни тарк этишга мажбур қилган бошқа молиявий омиллар ҳам бор.

Халқаро молия бозорлари бўйича Wall Street таҳлилчиси Фарҳод Иноғомбоев¸ АҚШ биржаларида акциялари очиқ савдога қўйилган МТС ўз бозор қимматининг бутунлай қулашини тўхтатиш учун Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганини тахмин қилади:

- МТСнинг АҚШ биржаларидаги акциялари кейинги бир йил ичида ўз қимматини қарийб 50 фоизга йўқотди. Бу¸ 2 миллиард долларлик компания 1 миллиардга тушди¸ дегани. Бунинг сабаби Россиядаги инқироз билан ҳам боғлиқ¸ албатта. Лекин Ўзбекистондаги коррупция жанжалининг МТС акциялари тушиб кетиши таъсирини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Бу жанжал оқибатида МТС халқаро инвесторлар олдида ўз юзини йўқота бошлади. Коррупция жанжали доим инвесторда ваҳима уйғотади ва улар шубҳали компаниялар акцияларидан қутулишга ўтади. Компания акциялари қулашининг бундан кейин ҳам давом этишини тўхтатиш мақсадида МТСнинг мустақил бошқарув кенгаши ундан Ўзбекистондан воз кечишни сўраган бўлиши мумкин¸ дейди Фарҳод Иноғомбоев.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG