Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:20

"МТС-Ўзбекистон янги йилдан ўз фаолиятини қайта бошлайди"


Тошкентда ўтган Ўзбекистон-Россия ҳукуматларо комиссиялари учрашувини кузатган журналистлар ёпиқ эшиклар ортидаги муҳокамаларда МТС ишини қайта тиклаш ҳақида қарор қабул қилинганини айтмоқда.

Россия Федерацияси ҳукумати раиси ўринбосари Дмитрий Козак етакчилигида 13 декабр куни Тошкентга сафар қилган делегация куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашди.

Тошкентлик мустақил журналист ва Uzmetronom интернет газетаси муҳаррири Сергей Ежковнинг айтишича, Ўзбекистон-Россия ҳукуматларо комиссиялари ўртасида бўлаётган музокаралардаги муҳим масалалардан бири МТСнинг Ўзбекистондаги филиали "Ўздунробита" ширкати фаолиятини қайта тиклаш бўлган.

- Бугун (13 декабр куни - Таҳр.) кечки пайт соат 5 да Россия делегацияси раҳбари Дмитрий Козакни президент Каримов қабул қилди. Кейин иккала ҳукумат комиссияси ўртасида музокаралар бўлди ва кечки соат 7 да матбуот анжумани бўлиши керак эди. Аммо, анжуман бўлмади ва бунга умид қилган журналистларнинг: "Ширкат ишини қайта тиклаши ҳақида келишувга эришилгани ростми?" қабилидаги саволларига жавобан МТС мулозими жилмайиб: "Ҳозир бу борада ҳеч нарса деёлмайман", деб жавоб берган, деди музокараларни билвосита кузатган Сергей Ежков.



Журналист ҳукумат доираларидаги ўта ишончли манбаларига таяниб, МТС ширкати янги йилдан ишини қайта тиклашига келишилган, дея яна бир карра таъкидлади.

Ўзбекистон расмий телевидениесининг "Ахборот" дастурида берилган хабарга кўра, Россия ҳукумат комиссияси билан Тошкентда ўтган учрашувларда жуда муҳим ҳужжатлар имзоланган.

Улардан бири иккала давлат ҳудудидаги сармоялар хавфсизлигини таъминлашга оид ҳужжатдир.

Маълумки, Ўзбекистонда айни пайтда Россиянинг МТС, "Газпром", "LUKoil" каби ширкатлари катта миқдордаги сармояларига эга ва МТС ширкатига нисбатан Тошкент ҳукумати 2012 йилда қилган муносабат россиялик сармоядорларни жиддий хавотирга солиб қўйган.

Айни пайтда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Москвадаги нархи 10 миллион долларга баҳоланаётган уч қаватли квартираси ҳибс қилинган ва бу МТС билан боғлиқ можаронинг давоми ўлароқ баҳоланган эди.

Сергей Ежков 13 декабр куни Тошкентда ўтган ҳукуматлараро учрашувда ана шу "мол-мулк можароси" бўйича келишувга эришилгани акс этган ҳужжатлар имзоланганини таъкидламоқда.

Шунингдек, Озодлик мухбири 13 декабр куни "Ўздунробита" ширкатининг Тошкент ва Ўзбекистоннинг турли вилоятлардаги бўлимларига боғлангач, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ва Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги ширкат бўлинмалари очилганига амин бўлди.

Бир неча ҳафта муқаддам идорага қайтганини айтган ширкат ходимлари ҳали иш бошламаганликлари, аммо январ ойидан иш бошлашга ҳозирлик бораётганини айтди.

- Бизга мол-мулкмизни суд қайтиб берганидан кейин оффисни очганмиз. Ҳозир фақат бухгалтерия очиқ. Лекин январдан иш бошлаймиз, деган гап бор. Январдан ишга тушамиз, бу аниқ, деди "Ўздунробита" ширкатининг исмини ошкор қилмаган ҳисобчиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Шунингдек, ширкатнинг Сирдарё бўлимидаги филиалининг ўзини Техник таъминот бўлими раҳбари, деб тақдим қилган, аммо исмини айтишни истамаган ходими ҳам ишхонага қайтганини таъкидлади:

- Ҳали иш бошламадик. Мулкимизга урилган тамға олинганидан кейин офисга келиб-кетиб юрибмиз. Бизга юқоридан: "Кутинглар, иш бошлаймиз, деган вақтдан ишга тушасиз!" дейишган. Шуни кутиб турибмиз, деди "Ўздунробита"нинг Сирдарё вилоятидаги бўлими ходими.

МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси бўлган "Ўздунробита"нинг қайта иш бошлашига шу вақтга қадар ҳам шубҳа қилмаган журналист Сергей Ежков ҳам очиқ тарзда бўлмаса-да, ширкатнинг собиқ ходимлари ишни январдан бошлашга шайланишаётганидан хабардор эканини айтди.

20 ноябр куни Ўзбекистон Олий Хўжалик суди “Ўздунробита”нинг лицензиясини қайта тиклаш мақсадида Тошкент шаҳар Хўжалик суди ҳукми устидан киритилган даъво аризасини кўриш жараёнини номаълум муддатга тўхтатган эди.

- Лицензияни қайта тиклаш бўйича маҳкаманинг номаълум муддатга тўхтатилгани бежиз эмас эди. Ўшанда ҳам айтган эдим. Лекин ширкатнинг жазога тортилган 7 менежери бўйича суд ҳукми ўзгаришсиз қолса керак. Зеро, уларнинг бирортаси қамоққа ташлангани йўқ, деди Ежков.

Озодлик Тошкентдаги ҳукуматларо учрашувларни якуний натижасига оид маълумотларни аниқлаш ва бу маълумотлардан сизни хабардор қилиб боришга ҳаракат қилади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:01 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG