Ўзбекистон Марказий банки берган маълумотга кўра, жорий йил 1 апрель ҳолатига кўра мамлакатнинг соф ташқи қарзи $35,3 млрд.ни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,1 миллиард долларга кўп.
Ташқи қарзнинг ЯИМдаги улуши 36,4%ни ташкил этган.
Халқаро Валюта Жамғармаси таҳлиллари эса Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 60 миллиард доллардан ошган деган хулосага етакламоқда.
Ташкилотга кўра, мамлакат ташқи қарзининг ЯИМдаги улуши 60,9 фоизни ташкил этмоқда. ХЖВ Ўзбекистон ҳукумати берган статистика ҳамда ўз экспертлари баҳосига таянган.
“Ўзбекистон Ялпи ички маҳсулоти бу йил 6.4 фоизга ошиб 101 миллиард долларни ташкил этди, деяпти. Халқаро Валюта Жамғармасига кўра, мана шу 101 миллиарднинг 60 фоизи қарз. Агар бу рақамлар тўғри бўлса, демак мамлакат ташқи қарзи 60 миллиард доллардан кўп”, дейди ўзбекистонлик иқтисодчи профессор Хидирназар Аллақулов.
Юқори суръатда ўсаётган қарз
Ташқи қарзнинг ҳозирги даражаси марҳум президент Ислом Каримовнинг 27 йиллик ҳукмронлиги давридаги ташқи қарздан уч баравар кўп.
Агар Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 60 миллиарддан кўп деган хулоса тўғри бўлса, мамлакат Мирзиёев президентлиги даврида 50 миллиард долларга яқин қарз олган.
Давлат ташқи қарзлари 2016 йилда март ҳолатига 13,1 миллиард ёки ЯИМнинг 20 фоизини ташкил этган.
Аммо Ўзбекистоннинг ташқи қарзи билан боғлиқ рақамлар турлича. Айрим халқаро молия ташкилотлари ҳисоботларида бу рақам 40-45 миллиард атрофида экани айтилади.
“Гап шундаки, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки каби ташкилотлар ташқи қарзни ҳисоблаганда ҳусусий банклар, ҳусусий корхоналар олган қарзларни ҳам қўшиб ҳисоблайди. Аслида бу ҳам ташқи қарз. Ўзбекистон ҳукумати эса, фақат давлат олган қарзни ҳисоблаб, 35 миллиард қарзимиз бор, деяпти. Шунинг учун рақамлар турлича бўлиши мумкин”, дейди иқтисодий шарҳловчи Алишер Таксанов.
Ташқи қарз борасида Ўзбекистон молия идоралари бераётган рақамлар ҳам бир-бирига зид.
2021 йилда Марказий банк ташқи қарз ЯИМнинг 57 фоизига етганини айтган бўлса, Молия вазирлиги расмий йиллик ҳисоботида 2021 йил якуни бўйича Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 41 миллиард 600 миллион долларни ташкил қилганини билдирган эди.
Молия вазирлиги Марказий банкдан фарқли ўлароқ 2021 йилда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 2020 йилга нисбатан 12,7 фоизга кўпайгани ва ялпи ички маҳсулотнинг 60,1 фоизини ташкил қилганини айтган.
Ўзбек расмийлари ташқи қарз ҳажми мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли сонига нисбатан катта эмаслигини таъкидлаб келадилар.
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат ташқи қарзининг ўсиши билан боғлиқ хавотирларни рад этган ва бюджет ходимларининг маошлари қисман ташқ қарз ҳисобидан қопланаётганини айтган эди.
“Авваламбор бизнинг ҳамма қарзимиз қонун нуқтаи назаридан… Агар бу бўлмаганида ойлик ҳам, метро ҳам бўлмас эди. Тиббиёт ходимлари ёки муаллимларнинг ойликлари ошмас эди. Ўтираверар эдик, аввалгидек қарсак чалиб, баландпарвоз гап гапириб. Бу эса менга ёқмайди”, — деган Мирзиёев 2022 йилнинг 20 февралида Тошкентнинг Янгиҳаёт туманига ташрифи чоғида.
Айни пайтда фаоллар коррупция авж олган Ўзбекистоннинг тобора кўпроқ қарзга ботаётгани хавотирли эканини айтишади.
"Ўзбекистон кўп қарз олаётгани борасидаги хавотирларида асос бор. Бу мамлакатни дефолтга етаклаши турган гап. Чунки бу миллиардлаб долларлик қарзлар олиняпти, лекин мамлакатнинг уни тўлаш қурби жуда кам", - дейди Алишер Таксанов.
Ташқи қарзи - мамлакатнинг маълум бир муддатда хорижий кредиторларга қайтарилиши керак бўлган пул маблағлари. Ташқи давлат қарзи - давлатнинг халқаро банклар, бошқа мамлакатлар ҳукуматлари ва хусусий хорижий банклар олдидаги умумий қарзидир.
Ўзбекистон Молия вазирлиги маълумотига кўра, олинган ташқи қарзнинг 33 фоизи давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга ишлатилган.
Қолгани энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси, уй-жой коммунал хўжалиги, тадбиркорлик ва саноат, таълим, соғлиқни сақлаш, телекоммуникация соҳаларига сарфланган.
Аммо шунга қарамай олинган қарз ҳажми билан аҳоли турмуш тарзи ўртасида тафовут катта бўлиб қолмоқда.
"Оддий қилиб айтганда суюнчи пулини ҳам бекор қилиб ташлашди. Ялпи ички маҳсулот ҳажми ошди дейишади, шунча қарз олиняпти, лекин буни одамлар ўз турмушида ҳис қилмаяпти", дейди професоор Хидирназар Аллақулов.
Халқаро валюта жамғармаси ташқи қарзнинг хавфсиз чегарасини 55 фоиз қилиб белгилаган.
“Бу қарз маълум шарт эвазига берилади.Йил сайин фоиз миниб туради. Қанча узоқ муддат бўлса, шунча устига фоиз минади. Лекин бундан ҳам хавотирлиси бу қарзнинг ишлатилиши устидан назоратнинг йўқлиги. Тўғри, ҳозир Мирзиёев мамлакатни ташқи дунёга очяпти. Пуллар оқиб келяпти мамлакатга. Каримов даврида Ўзбекистонга ишончсизлик бор эди. Лекин, ҳозир ҳам коррупция аввалгидай. Олинган қарзни яна ўша монополистик структуралар оляпти”, - дейди иқтисодчи Алишер Таксанов.
Озодлик ўтказган суриштирувлар чет элдан олинган қарз маблағларнинг катта қисми президент қарорлари билан ҳокимиятга яқин олигархлар ва амалдорлар назоратидаги монополиячи ширкатларга берилганини ўртага чиқарган.
Жаҳон банкининг Халқаро қарз статистикасига кўра, сўнгги ўн йилликда Марказий Осиёда Туркманистондан ташқари барча давлатларнинг ташқи қарзи ўсгани кузатилади.
Қозоғистоннинг умумий ташқи қарзи (162, 5 миллиард доллар) бошқа минтақа давлатларининг умумий кўрсаткичларидан сезиларли даражада юқори.
Қирғизистон ва Тожикистон кўрсаткичлари мос равишда 4, 6 миллиард доллар ва $3,6 млрд, долларга тенг.
Минтақада ташқи қарзи энг кам бўлган давлат Туркманистон. Бу давлат ташқи қарзи $2,8 млрд. ташкил этади.
Мутахассисларнинг фикрича, минтақадаги қарз билан боғлиқ иқтисодий муаммоларни тушуниш учун таҳлилда биринчи навбатда давлат томонидан кафолатланган қарз динамикасига эътибор қаратиш лозим.
Ўзбекистондан фарқли Қозоғистонда ташқи қарзнинг 80 фоизи ҳусусий секторга тегишли.
Шу йилнинг майида S&P халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистонда ташқи қарз ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича кутилаётган натижаларга эришилмаслиги туфайли фискал ва тўлов баланси бўйича хатарлар юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.
Агентлик ҳисоботида айтилишича, умумий ташқи қарз ва давлат қарзининг юқори суръатлар билан ўсишда давом этмоқда.
Форум