Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:56

Имтиëзлилар кўпайди - орган ходимлари болалари ҳам университетга имтиҳонсиз киради


Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 6 май куни имзолаган қарорга кўра, ички ишлар органлари ходимлари фарзандлари мамлакат олий ўқув юртларига имтиҳонсиз ўқишга киради.

Мудофаа вазирлиги, ИИВ, Миллий гвардия, Божхона қўмитаси ходимларига берилган бундай имтиёз¸ айни пайтда прокуратура ва ДХХга тааллуқли эмас.

Низомда ўқишга кирадиган орган ходимлари фарзандларининг билим савияси қайси андазада баҳоланиши ҳақида гап йўқ.

Ўзбекистон Давлат тест маркази ва Олий таълим вазирлиги мулозимлари Озодликнинг янги имтиëзларга оид саволларига жавоб бермади.

Бош вазир Абдулла Арипов имзолаган Низом Ўзбекистон президентининг “Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг ижроси сифатида кўрсатилади.

Бу Низом ички ишлар органларининг шаҳодатланган (хизмат кийимида бўлган, ёнида ҳужжати бор барча ходимлар – ИИВ матбуот хизмати изоҳи) ходимлари, терроризм ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ходимларнинг фарзандларига нисбатан тадбиқ этилади.

Орган ходимларининг фарзандларига ўқишга кириши учун тавсияномани ИИВнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари беради.

Бу тавсияномани ҳар йили 15 мартдан 1 апрелгача ИИВ ўринбосари раислигидаги комиссия кўриб чиқади.

Тавсияномада боланинг билим даражаси кўрсатилмайди

Комиссияга тақдим этиладиган ҳужжатларда таркибий ва ҳудудий бўлинма бошлиғи тавсияси, маълумотнома-объективка, автобиографик маълумотлар, хизмат фаолияти бўйича ҳисобот, ходим фарзандининг паспорти нусхаси, маълумоти тўғрисида ҳужжатлар нусхаси бўлиши шарт.

Комиссия ҳар йили 1 майгача тавсияномалар берилган ходимлар фарзандлари рўйхатини Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига тақдим этади.

Низомда орган ходимлари фарзандларининг билими ва савияси қандай андазада баҳоланиши ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган.

Тавсияномага кўра, Ўзбекистон ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимнинг фарзандига республиканинг барча давлат олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида кирида ажратилган қўшимча уч фоизли қабул квотаси доирасида танловда иштирок этиш имтиёзи берилади.

Ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ходимнинг фарзандига эса ўқишга киришда танловсиз, белгиланган қабул квотасидан ташқари давлат грантига асосан ўқишга кириш имтиёзи берилади.

Ўзбекистон президенти сайтининг ёзишича, республикадаги барча ҳарбий лицейлар – “Темурбеклар мактаби” битирувчилари ҳам олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз қабул қилинади.

Тавсиянома
Тавсиянома

“Зулфиячилардан кейин органчилар”

Бош вазир Абдулла Арипов бу Низомни тасдиқлаганидан сўнг, ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозара авж олди.

Facebbok фойдаланувчиси Комил Джалилов:

“Жа кўпайиб кетмадими ОТМга имтиҳонсиз кирадиганлар? Зулфиячилар, Ибратчилар, Темурбеклар ... ОТМга киришда ҳар қандай имтиёзни бекор қилиш керак. Билими бўлса, марҳамат, ҳалол рақобатда билимини кўрсатиб, ўқишга кирсин”, деб ëзган бўлса¸ Баҳодир Суяров:

“Имтиëзлар кўпайиб кетди,бу яхшиликки олиб келмайди,чунки ўта билимли болаларни институтларга киришига тўсқинлик қилади. Имтиëз берилса фақатгина ҳарбий институтларга тадбиқ қилса бўлади”¸ деб ëзди.

Facebook фойдаланувчиларидан яна бири Муслима Умарова:

“Порахўрликнинг кучайишига сабаб бўлади. Темурбеклар мактабига кириш учун катта ставкалар пайдо бўлади. Иқтидори бўлсаку майли, бу соҳага иқтидори йўқ кадрлар яна жамиятни орқага тортаверади . Шунчаси камдек”¸ деб ëзган бўлса¸ Khurshid Yuldoshev:

"Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт." (Конституция 18) Зўр бўлса, имтиёзсиз ҳам ўқишга кира олади. Демак зўр эмас экан”¸ деб ëзди.

“Органлар ўзлари жавоб берсин!”

Бундай имтиёзлар асосида ҳеч қандай имтиҳонсиз олий ўқув юрти талабасига айланаётган ички ишлар ходимлари фарзандларининг билими, саводлилик даражасини қандай аниқланиши, уларнинг талабаликка лойиқ ёки лойиқ эмаслигига ким жавоб бериши хусусидаги саволларга жавоб излаб, Озодлик Давлат тест маркази билан боғланди.

Марказнинг ўзини таништирмаган мулозими, бу саволларни ёзиб олгач, ярим соат вақт сўради ва орадан бу вақт ўтиб шундай жавоб берди:

“Имтиҳонларсиз ўқишга кираётган ҳарбийлар фарзандлари бўйича Мудофаа вазирлигига, ички ишлар органлари ва “Темурбеклар мактаби” бўйича Ички ишлар вазирлигига мурожаат қиласиз. Улар ўзлари жавоб берсин, бизнинг бунга алоқамиз йўқ”.

Олий таълим ва ўрта махсус таълим вазирининг Фан бўйича ўринбосари Узоқбой Бегимқулов қабулхонасига қўнғироқ қилди. Ўзини вазир ўринбосари ёрдамчиси деб таништирган мулозим, Озодлик саволларини Узоқбой Бегимқуловга етказиш ва жавоб учун кечроқ қўнғироқ қилишни сўради. Озодликнинг кун давомида қилинган бошқа қўнғироқлари жавобсиз қолди.

“Имтиёз билан талаба бўлган боладан мутахассис чиқмайди”

Психология фанлари доктори Маҳмуджон Йўлдошевнинг айтишича, имтиёз бериб ўқитилган талабдан ҳеч қачон яхши мутахассис чиқмайди:

- Ҳар қандай имтиёз бу шахснинг жамиятга нотўғри, қинғир йўл билан кириб келаётганини кўрсатади. Мана, бундан олдин ҳарбийлар ўқишга қоғоз кўтариб келарди, лекин уларда ҳарбийда хизмат қилдими ёки ўқишга тайёландими. Майли, шахсий имтиёз дейлик, лекин фан нима бўлади, тараққиёт нима бўлади? Имтиёз берилган одам бирор янгилик ўйлаб топадими, имтиёз билан илмий ихтиро қилинадими? Имтиёз билан ўқитувчи бўлган одамдан нима кутиш мумкин ёки имтиёз билан дўхтирликка ўқишга кирган одам бировни сўйиб қўядику. Имтиёз олган одам ўзининг устида ишламайди. Мен психолог сифатида айтаман, ҳар қандай имтиёз одамни бузади.

Ўзбекистонлик блогер Алимардон Аннаев эса бундай имтиёзлар дунёнинг бошқа давлатида йўқлигини айтади:

- Имтиёз билан ўқишга кириш ҳолатлари аввалги ҳукумат бошқарувида ҳам бор эди, бугунга келиб бу имтиёзлилар сафи ниҳоятда кенгайиб кетди. Ички ишлар органларида ишлайдиганларнинг фарзандлари шу даражада ақлли ва билимлики, гўё уларни ўқитмаса тараққиёт тўхтаб қоладигандай, хулоса чиқаяпти. Аммо, мен учратган бундай болалар орасида мен бундай зўрини кўрмадим. Йил бўйи ўқишга киришга тайёрланган, куни репетиторларнинг олдида ўтган ҳақиқий билимга, ўқишга чанқоқ йигит-қизлар ўрни мана бундай имтиёзлиларга ҳадя қилиб юборилаяпти. Бу ҳадянинг тагида нима бор? Раҳбарият нимадандир ҳадиксираяптими? Мана сизларга шунча имкониятлар яратдик, фарзандларингизни ўқишга имтиҳонсиз олиб кириб қўйдик, бизни янада қаттиқроқ ҳимоя қиласизлар, бизга янада содиқ бўласизлар, деяптими? Биз тўлаётган солиқлардан барча орган ишчилари яшаса, имтиёзлар олса, энди биз оддий солиқ тўловчилар уларнинг фарзандларини ҳам ўқитишимиз керакми? Ўзбекистондан бошқа ҳеч қаерда бунақа ахмоқона имтиёзлар йўқ”.

XS
SM
MD
LG