Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:54

Алимент тўловчиларнинг хорижга чиқишига рухсат берилиши кутилмоқда


Ўзбекистон Сенати алимент тўловчиларнинг чет элга чиқишига имкон берувчи қонун лойиҳасини тасдиқлади. Эндиликда алимент тўловчи гаров шартномасини имзолаши орқали унинг хорижга чиқишига қўйилган чеклов олиб ташланиши мумкин. Шу пайтгача суд алимент тўловчиларнинг хорижга чиқишига рухсат бермаган.

Ўзбек депутатлари таклиф қилаётган янги тартибга кўра, алимент тўловчи алимент пулларини олдиндан тўлаш ёки алиментни хорижга кетгач ҳам тўлаб туриш мажбуриятини олиб гаров шартномасини имзоласа, унинг чет элга кетишига рухсат берилиши мумкин.

Амалдаги тартибга кўра, суд ижрочилари алимент тўлаш рўйхатига тушган шахсни автоматик тарзда хорижга чиқишига тақиқ қўяди.

Шу пайтгача алимент тўловчи эркаклар фақат собиқ хотинларидан рухсат ололсагина хорижга чиқиш имконига эга бўлган.

Озодликка бўлган мурожаатларда алимент тўловчилар ўзларининг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқлари поймол қилинаётганидан шикоят қилиб келишган.

Жумладан, Бўстонлиқ туманида яшовчи, алимент тўловчи 31 яшар Шаҳриёр бир йилдан буён хорижга чиқа олмаяпти. Унинг айтишича, собиқ хотини чет элга чиқишига қаршилик қилиб келмоқда:

- Чет элга чиқа олмаяпман. Бир йилдан бери ҳаракат қиламан. Судга ҳам бердим. Суд рад жавобини берди. “Хотинингнинг ўзи билан келишгин” деяпти. Хотиним "на принцип" рухсат бермайман деяпти. Жуда ҳам ноҳақлик. Ҳеч қачон алиментдан қарз бўлмаганман. Ҳар доим вақтида тўлаб бораман. “Керак бўлса, бир йилга олдиндан тўлаб қўяман”, дедим, - дейди Шаҳриёр.

4 ойдан буён Бўстонлиқдаги фирмалардан бирида ҳайдовчи бўлиб ишлаётган Шаҳриёрнинг айтишича, у алимент тўлаш учун танишларидан қарз олган ва ўша қарзларни тўлаш учун хорижга чиқиб ишлаб келишни режалаштирган:

- Ҳозир ойлигим жуда кам, 370 минг сўм ойлик оламан. Қарзим ҳозир ҳам бор. Шунга чет давлатга чиқай десам, чиқа олмаяпман. Қозоғистонга Чернаявка орқали икки марта ҳаракат қилдим. “Ўзбекистоннинг любой точкасидан чиқа олмайсиз” дейишди. Судда судьядан сўрадим: “Одам ўлдирган киши чет давлатга чиқа оладими?” деб. Судя “Ҳа” деб жавоб берди. Лекин алиментчи чиқа олмайди. Бу нима деган гап? Биз одам ўлдиргандан баттар бўлиб қолдик, алимент тўлайдиганлар. Жуда ҳам кулгули ҳолат, - дейди Шаҳриёр Озодлик билан суҳбатда.

Марғилонлик 39 яшар Илҳом ҳам алимент тўловчи. Илҳом Россиядаги дўстлари таклифи билан у ерда қўшма корхона ташкил қилишни режалаштирган. Бироқ Илҳомга кўра, собиқ хотинининг қаршилиги боис 3 йилдан буён Россияга бора олмаяпти:

“Уч болам бор. Ойлик маошимнинг 50 фоизи- 150 минг сўмни алиментга тўлайман. Биламан бу пул етмайди. Болаларим катта бўлаяпти. Уларни узатиш керак, уйлантириш керак, бу учун пул керак. Улар барибир меннинг фарзандларим, улардан воз кечаётганим йўқку?! Шунинг учун Россияда фирма очиб, бизнес қилиб, болаларим учун ҳам пул йиғсам дегандим. Лекин собиқ хотиним қасддан чиқармаяпти. Агар тақиқни олсанг, бир йиллик алиментни олдиндан тўлайман десам ҳам рози бўлмади. Ишларим юришиб кетса, 150 долларга чиқараман алиментни дедим. Бунга ҳам рози бўлмади. Укаларимдан биттасини ўрнимга вакил қилиб тайинлаб кетаман дедим. Барибир рози бўлмаяпти”, дейди Илҳом Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Ўзбек депутатларининг алимент тўлаш билан боғлиқ янги ўзгартишлари ушбу тизимдаги қатор муаммоларни ҳал қилишига умид билдирилмоқда.

Янги тартибга кўра, қарздорнинг алимент мажбуриятлари бўйича тўлов қобилиятининг ёмонлашувига йўл қўймаслик мақсадида Жиноят кодексидан жарима тарзидаги санкция чиқариб ташланади.

Бундан ташқари, алиментлар тўланишини таъминлаш мақсадида Жиноят кодекси шахс моддий зарарни қоплаган тақдирда, уни жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги қоидалар билан тўлдирилади.

Оила кодексига қўшилган нормага мувофиқ вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар бола вояга етгунига қадар бўлган давр учун, шу жумладан кўчмас ёки кўчар мулк тарзида ёхуд бошқа қимматли ашёни бериш йўли билан олдиндан тўланиши мумкин.

Ушбу янги ўзгаришларни ўз ичига олган қонун лойиҳалари 2017 йил 20 - 21 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтган Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида тасдиқланди. Президент Мирзиёев ушбу қонунларни имзолаганига оид хабар ҳозирча Озодликда йўқ.

XS
SM
MD
LG