Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:45

Электр токи билан балиқ овлаш оқибатида сувдаги жонзотлар қирилиб кетмоқда (ВИДЕО)


Тошкентдаги “Ҳаваскор балиқчилар клуби” аъзолари Озодликка Чирчиқ шаҳри чеккасидаги зовурда ноқонуний балиқ овлаш жараёни акс этган видеони тақдим этишди.
Тошкентдаги “Ҳаваскор балиқчилар клуби” аъзолари Озодликка Чирчиқ шаҳри чеккасидаги зовурда ноқонуний балиқ овлаш жараёни акс этган видеони тақдим этишди.

Ўзбекистондаги балиқчилар уюшмалари фаоллари мамлакат сув ҳавзаларида ноқонуний усуллар билан балиқ овлаш авж олгани, бунинг оқибатида сувдаги жонзотлар қирилиб кетаётганидан ташвиш билдирди.

Бундай ҳолатлар Ўзбекистонда 1 мартдан 28 майгача балиқларнинг увулдириқ қўйиш мавсуми​ сабаб балиқ овлашга тақиқ қўйилган бир пайтда кузатиляпти.

Тошкентдаги “Ҳаваскор балиқчилар клуби” аъзолари Озодликка бу ҳақда шикоят қилиб, Чирчиқ шаҳри чеккасидаги зовурда ноқонуний балиқ овлаш жараёни акс этган видеони тақдим этди.

Чирчиқда зовурга ток юбориб, балиқ овлаш авж олган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:48 0:00

Видеода браконьерлар экани гумонланаётган шахслар балиқни движок орқали электр токи юбориб овлаётганини, сув юзида ўнлаб оқ амур балиқлари ўлиб ётганини кўриш мумкин.

“Ҳаваскор балиқчилар клуби” аъзоси Ғайрат Акбаров ток юбориб овлаш сўнгги йилларда сув ҳавзаларида авж олгани, оқибатида минглаб балиқлар қирилиб кетаётганини айтади.

- Электроудочка деган бало бор. Шу билан овлаш оҳирги пайтда кўпайиб кетди. Ток электрқармоқ ёрдамида зовурга юборилади. Ток урилганда сув юзасига юзлаб балиқ қалқиб чиқади. Браконьерлар балиқларнинг фақат катталарини териб олади. Ваҳоланки, ток юборилганидан кейин 15 метр радиусдаги минглаб кичик балиқчалар қирилиб кетади, - дейди Ғайрат Акаров.

Балиқ овлашнинг бундай ғайриқонуний усули Ўзбекистоннинг бошқа сув ҳавзаларида ҳам кенг тарқалганини Сирдарёдаги “Грачок-Рибачок” балиқчилар клуби аъзоси Игорь Нестеров ҳам тасдиқлайди.

- Бу бизни ҳам жиддий ташвишга соляпти. Чунки ҳавзаларда балиқ қолмаяпти. Афсуски, ҳеч ким эътибор бермаяпти бунга. Ҳозир мана увулдириқ мавсуми, балиқ овлаш умуман мумкин эмас. Лекин браконьерлар ток юбориб балиқ овлашяпти. Ток юборилганидан кейин балиқнинг уруғи ҳам ўлади, ўзи ҳам ўлади. Афсуски, ҳеч ким эътибор бермаяпти бунга, - дейди Нестеров.

Озодлик балиқчиларнинг бу хавотири юзасидан изоҳ олиш учун Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига боғланди.

Қўмитанинг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланишини истамаган расмийси балиқ овлашнинг бундай ноқонуний усули учраб туриши, лекин бундай ноқонуний балиқ овлаш ҳолатларига қарши назорат рейдлари мунтазам ўтказиб келинаётганини айтди.

- Ўзбекистонда электр қармоқдан фойдаланиш умуман тақиқланган. Давлат бионазорат инспекторлари ички ишлар ходимлари билан биргаликда ҳар куни рейдлар ўтказмоқда. Қўлга олинганлар йирик жарималар, ҳатто жиноий жавобгариккача бўлган жазога тортилади, жиноят кодексининг 202-моддаси, браконерлик чоралар қўлланилади, - деди Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раймийси.

Ўзбекистонда балиқчилик 1997 йилда қабул қилинган “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги 545-I-сонли Қонун асосида тартибга солинади.

Шу қонунга биноан Ўзбекистон сув ҳавзаларида махсус рухсатномаларсиз балиқ овлаш тақиқланади.

Балиқ овлашни амалга ошириш чоғида ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қоидаларда тақиқланган қуролларни ҳамда овлаш усулларини қўллашга йўл қўйилмаслиги қонунда айтилган.

XS
SM
MD
LG