“Ўзингиз айтинг, Ўзбекистоннинг чет элдаги элчиси бўлсаю ўзбек тилини билмаса, бу халқимизга хиёнат эмасми?”
Бу хитобни Президент Шавкат Мирзиёев 12 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналари фаолиятига бағишланган йиғилишда қилди.
“Ўзингиз айтинг, элчи деган одам ўзбек халқининг бой тарихини, маданиятини, миллий қадриятларини, ватандошларининг дарду ташвишларини яқиндан билмаса, уларни юрагидан ўтказмаса, қандай қилиб Ўзбекистонни дунёга танитиши мумкин? Дейлик, Алишер Навоийдан, Бобурдан, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовдан икки қатор шеър айта олмаса, энг ёмони, она тилимизни мукаммал билмаса, қандай қилиб ҳақиқий элчи бўлиши мумкин?” деди давлат раҳбари.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг давлат тепасига келганидан буён биринчи марта давлат тили ва унга муносабат ҳақида айтган гапидир.
Айни пайтда “Тафаккур” журнали давлат тили тўғрисидаги қонуннинг ижроси, кирилл-лотин муаммоси, кейинги йилларда авж олган имловий анархизм каби масалалар юзасидан ўз саволларини мутахассислар, журналист ва олимга берди.
Хўш, бир томондан мамлакат раҳбари, иккинчи томондан халқнинг фикрли қатлами минбари сифатида танилган “Тафаккур” журнали тил масаласига бир вақтнинг ўзида эътибор қаратиб қолгани бу масалада ҳам ислоҳот бошланаётганидан даракми?
Бу саволни Озодлик Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Тафаккур” журнали бош муҳаррири Эркин Аъзамовга берди.
Ёзувчи билан суҳбат ортидан у киши билан кўтарилган масаланинг нақадар долзарблигини ҳис қилишингиз учун тилшунос олим Элдор Асановнинг “Тафаккур” журнали саволларига берган жавобларидан каттароқ бир парчани келтиришни ўринли, деб билдик.
Келтирадиганимиз парчада тил билан боғлиқ жорий вазият, назаримизда, анча холис ва объектив баҳоланган.
Журналнинг “Сизнингча, давлат тили ҳақидаги қонун қандай бажариляпти? Бу борада яна нима ишлар қилинмоғи лозим деб ҳисоблайсиз?” деган саволига жавоб бераркан, Элдор Асанов бундай деган:
“Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонун жуда зарур, аммо эътибордан четда қолган расмий ҳужжатлардан биридир. Унинг ижроси учун масъул қилиб белгиланган тузилмалар — республика Олий Совети ҳамда унинг қошидаги Доимий тил комиссияси аллақачон ўз фаолиятини тугатган. Бошқа ижрочилар тайинланмаган, ҳарқалай, қонун матнига тегишли ўзгартиш киритилмаган. Қонуннинг 5, 6, 7, 8 ва ҳоказо моддаларида илгари сурилган талаблар (давлат ташкилотлари, турли шаклдаги корхоналарда, шунингдек, тадбирлар, ҳужжатлар, эълонлар, маҳсулотлар ёрлиқларида давлат тилидан фойдаланиш) етарли даражада бажарилмайди: жуда кўп давлат ташкилотлари ҳануз рус тилида ишлайди, нодавлат ташкилотлар ва хусусий корхоналарни-ку айтмаса ҳам бўлади.
Хўш, бу ҳолни қандай изоҳлаш мумкин? Назаримда, ўзбек халқи давлат тили тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши йўлида кўрсатган матонат ва бирдамликни эътироф этган ҳолда, бир парча қоғоз билан иш битмаслигини, ниҳоят, тушунмоғимиз лозим. Бугун муҳимроқ вазифа кун тартибига қўйилиши зарур: ютуқ ва камчиликларни баҳолаш, тарих ва бугуннинг тажрибасини эҳтиросга берилмай ўрганиш ҳамда тегишли хулосалар чиқариш”, деб ёзади Элдор Асанов.
“Тафаккур” журнали саволларидан яна бирига жавоб берар экан, мутахассис мана бу фикрни ҳам билдирган: “Агар ҳамма “х” ва “ҳ”ни адаштирса, унда эҳтимол муаммо “саводсиз” ва “масъулиятсиз” одамларда эмасдир? Ўзбек сўзлашув тилида бу икки товуш фарқланмайди, шундай экан, адабий тилга уларни зўрлаб сингдириш нечоғли тўғри?”
Умуман, “Тафаккур” бошлаган баҳсда тил масаласи йиллардан буён тортишувларга сабаб бўлаётган кирилл-лотин масаласидан кенгроқ эканлиги аён бўлди.
Бас, шундай экан, бугун кун тартибидаги масала ЁЗУВ ислоҳоти ҳақида эмас, ТИЛ ислоҳотига ўхшайди.
Кўтарилган мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларингизни ёритишга Озодлик доим тайёр.