Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:51

OzodDayjest: “Ўзбек тилига ҳурматсизлик қабристонгача кириб борди”


Ўзбек матбуоти қабртошлардаги майит исмлари ҳам русча ёзилаётганини танқид қилмоқда. Қибрайда милиция мулозимининг оғзаки топшириғи боис маҳаллий журналист пропискага туролмаяпти. Хонанда Феруза Жуманиёзова 9 йиллик тақиқдан кейин санъатга қайтди.

________________________________________________

Давлат тили мақомидаги ўзбек тили кўмакка муҳтож

Тинимсиз мақолалар ёзилаётгани, танқидлар қилинаётганига қарамай ўзбек тилига ҳурматсизлик давом этмоқда, хор бўлаётган тил эса халқнинг эътибор ва меҳрига муҳтож (“Оила даврасида”, 19 октябрь). Давлат тили мақомига эга ўзбек тили қоидаларини бузаётганлар эса ҳали бирор марта жазога тортилгани йўқ. Аслида давлат тили қоидаларини бузишнинг ижтимоий хавфи, дейлик, йўл қоидаларини бузишдан каттадир. Тилга ҳурматсизлик ҳатто қабристонларгача кириб борди. “Ажаб, баъзан айрим қабристонларда ҳатто қабртошларда ҳам “Джуракулов”, “Чариев”, “Ровшан” каби исм-фамилияларга кўзимиз тугади. Билгичлардан сўрасангиз, паспорт бўйича ёзилган-да, дейди. Ҳеч ақлим етмайди: одамзод тириклигида исм-шарифини паспорт бўйича ёзишини, бу ҳужжатбозликда зарурлигини тушуниш мумкиндир. Бироқ у оламдан ўтгач, сўнгги манзилга етгач, бир умр ҳужжатида хато қайд этилган исм-фамилиясини ҳеч бўлмаса қабртошига тўғри ёзишса бўлмасмикан? Ё бирорким қабртоши билан паспорт нусхасини солиштириб, бир хил бўлса, дуои фотиҳа қилармикан?” деб ёзади газета.

Қибрайда оғзаки топшириқ қонундан устунлиги боис журналист доимий прописка қилолмаяпти

Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси Тошкент вилояти бўлими бошлиғининг оғзаки топшириғи боис журналист Жамшид Ниёзовнинг қонуний ҳуқуқи бузилди (“Жамият”, 13 октябрь). Журналист Чирчиқ шаҳридан доимий пропискадан ўчган ва Қибрайдаги ўзи тегишли уйга пропискага кирмоқчи бўлган. Аммо Қибрай паспорт бўлинмаси раҳбари юқоридан доимий пропискани тўхтатиб туриш бўйича оғзаки топшириқ берилганини айтиб, журналистни доимий рўйхатга қўйишдан бош тортган. Қайд этилишича, доимий пропискани тўхтатиш ҳақидаги оғзаки буйруқ мамлакат парламенти қабул қилган қонунга зиддир.

Тақиқдан санъатга қайтган хонанда Феруза Жуманиёзова рейтинги тушиб кетганини тан олди

“Ниҳол” мукофоти совриндори, хонанда Феруза Жуманиёзова 9 йиллик тақиқдан кейин яна санъатга қайтди (“Даракчи”, 19 октябрь). Хонанда кўп йиллик танаффусдан кейин рейтинги анча тушиб кетгани, ҳозир 5-синфда ўқийдиган болалар уни санъаткор сифатида танимаслиги, шу боис санъат оламида яна ўрин эгаллаш учун кўп меҳнат қилиши лозимлигини айтган. Қайд этилишича, хонанда икки янги клип суратга олиб телевидение бадиий кенгашига топширган. “Бегим”, “Игнадан ип”, “Ялла ҳабиби” каби қўшиқлари билан машҳур бўлган Феруза Жуманиёзова бир неча йиллар олдин лицензиядан маҳрум этилиб, қўшиқлари телерадиоканаллардан берилмай қўйган. Хонанданинг норасмий қора рўйхатга тиркалганига эса унинг “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасини огоҳлантирмай Тожикистонда концертлар бергани сабаб бўлгани айтилади. “Санъат ортидан кўп ёмонликлар кўрдим. Шу боис юрагимдаги ўтим сўниб қолган”, дея бугунги кайфиятини ифодалаган хонанда.

XS
SM
MD
LG