Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:20

Андижонда газ портлаши оқибатида 10 яшар бола тириклайин ёнди


Андижон шаҳридаги хонадонлардан бирида рўй берган портлаш оқибатида 10 яшар бола тириклайин ёниб, танасининг 65 фоизи куйган аҳволда касалхонага ётқизилди. Портлашга газ сизиб чиқиши сабаб бўлган.

Портлаш рўй берган хонадон қўшнилари Озодликка қиш мавсумида газ узиб-узиб берилаётганини айтишди.

Андижон ҳуқуқ-тартибот органларининг Озодлик гаплашган мулозимига кўра, портлаш душанба куни маҳаллий вақт билан соат кечки 6.11 да рўй берган.

Андижоннинг 3-кичик даҳаси 34-уйда рўй берган портлашга газ сизиб чиқиши сабаб бўлган.

Портлаш рўй берган хонадон қўшниларидан бири Озодлик билан суҳбатда газнинг узиб-узиб берилиши оқибатида шундай фалокат содир бўлганини айтади:

- Ҳозир газ ва свет узиб-узиб берилаяпти. Газ очиқ қолган. Бола билмасдан светни ёққан, чақнаш рўй бериб, портлаш бўлган. Шу пайт уйда ҳеч ким бўлмаган. Болани исми Абдулазиз. Уни оғир куйиш жароҳати билан оғир аҳволда Андижон тиббиёт бирлашмасига олиб кетишди, - дейди портлаш рўй берган хонадон қўшниси.

Андижон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси ходимасининг Озодликка айтишича, Абдулазиз танасининг 65 фоизи куйган.

- Уни ҳаётини сақлаб қолиш учун курашаяпмиз, - деди Тиббиёт бирлашмаси ходимаси.

Қиш мавсумида Ўзбекистонда газ сизиб чиқиши оқибатида бахтсиз ҳодисалар тез-тез рўй беради.

15 февраль куни Тошкентнинг Шайхонтоҳур тумани, Боғ маҳалласида содир бўлган ёнғинда тўрт одам нобуд бўлган эди.

Ёнғинга табиий газнинг сизиб чиқиши сабаб бўлгани билдирилганди.

29 январь куни эса Фарғонанинг Қўқон шаҳридаги хонадонда йирик ёнғин рўй бериб, бир киши нобуд бўлди.

Аниқланишича, газ плитасига ўрнатилган пропан газ баллонига шланг уланган жойидан газ сизиб чиқиши сабабли хонада газ тўпланиб қолган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси расмийлари аҳолини айниқса қиш кунларида иситиш қурилмаларидан тўғри фойдаланишга чақирмоқда.

XS
SM
MD
LG