Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:42

Кристиан Ласслет: Ортиқхўжаев бир сўм олмагандир, лекин юзлаб миллионлик контрактларни қўлга киритгани бор гап


Криминология бўйича британиялик профессор, халқаро майдондаги давлат ва хусусий бизнес манфаатлари тўқнашувига оид қатор китоблар муаллифи Кристиан Ласслет Озодлик билан суҳбатда Тошкент ҳокимининг "давлатнинг бир сўмига ҳам ҳиёнат қилмадим", дея айтган баëнотини жамоатчиликни чалғитиш уриниши деб баҳолади.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 16 февраль куни журналистлар билан учрашувда ҳокимлик фаолияти давомида давлатнинг бир сўмига ҳам хиёнат қилмагани, қайтанга ўзига алоқадор ширкатлар шаҳарга ҳомийлик қилиб келаётганини айтиб ўтган эди.

Ортиқхўжаевнинг "бизнес салтанати" ҳақида изланишлар олиб борган Кристиан Ласслет Тошкент ҳокимининг бу баёноти ҳақида Озодликка бундай деди:

“Ортиқхўжаев ҳокимлик фаолияти давомида давлатдан бир сўм олмагандир. Лекин, у ҳоким лавозимида экан, унга боғлиқ ўнлаб ширкатларнинг ҳеч қандай тендерсиз давлатнинг, нафақат давлатнинг, уни ўзи бошқараётган шаҳар ҳокимиятининг юз миллион долларлик контрактларини қўлга киритгани бор гап.

Бу кўплаб ҳужжатлар билан исботланган. Тошкентдаги йўл, кўприк, мактаб қурилишларидан тортиб Tashkent city каби йирик қурилишларда қатнашаётган ширкатлар ҳужжатларини текширсангиз, уларнинг изи айнан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга олиб боради. Бу далиллар эса Ортиқхўжаевнинг ҳоким лавозимидан ўзига тегишли ширкатларнинг бойиши йўлида фойдаланаётганини кўрсатади”, - дейди Ласслет.

Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаев пойтахтнинг Навоий шоҳкўчасини унга алоқадор ширкат реконструкция қилиши, бу пиёдалар учун ноқулайликларни келтириб чиқариши борасидаги эътирозлар ортидан 16 февраль куни журналистлар билан учрашувда ҳоким бўлишидан аввал 35 та машинаси бўлгани, ҳозир олтитаси қолганини айтди:

"Шаҳар ҳокими бўлишимдан аввал 35 та машинам бор эди. Жудаям машиналарни яхши кўраман. Ҳозир эса олтита қолди. Яқинда яна битта машинамни аукционга қўяман, унинг пулига эса юрагида нуқсони бор болаларни операция қилдирамиз", деди Ортиқхўжаев.

Ортиқхўжаев журналистлар билан учрашувда, шунингдек, ўзининг ширкатлари камбағалларга ёрдам бериб, шаҳардаги ҳайрия ишларига ҳомийлик қилиб келганини ҳам қўшимча қилди.

Британиялик тадқиқотчи Кристиан Ласслет Тошкент ҳокимининг саҳоватпешалиги борасида айтган гапини изоҳларкан, ўтмишда Ўзбекистоннинг марҳум президенти қизи Гулнора Каримова ҳам ҳайрия ишлари билан шуғуллангани, лекин бу уни жавобгарликдан қутқариб қолмаганини эслатди:

“Гулнора Каримова ҳам камбағалларга пул берган. Камбағал ва етим болаларнинг суннат тўйларини ўтказган. Алишер Усмонов ҳам йўқсилларга ёрдам берган. Италияда ўтмишда мафия етакчилари ҳам черковларга ҳайрия бериб келгани бор гап. Коррупция ёки бошқа осон йўллар билан бойиган одамлар кўпинча шундай йўл тутади. Лекин, бу шу пулларнинг қандай орттирилганига, яъни ўғирлик ёки ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ҳолатларига кўз юмиш кераклигини англатмайди".

Тўрт йил аввал Ортиқхўжаев амалга оширган 1 миллиард долларлик Tashkent City лойиҳаси пул ювишга доир халқаро текширувлар марказига тушган эди.

Лондондаги Open Democracy гуруҳи Ортиқхўжаев ҳоким лавозимидан ўзига тегишли ширкатларнинг бойиши йўлида фойдаланаётган бўлиши ва Tashkent City лойиҳаси "пул ювиш ўчоғи"га айланиши эҳтимолидан хавотир билдириб чиққан.

Ортиқхўжаевнинг ўзи ҳам Tashkent City лойиҳаси "шубҳали инвесторлар"га берилганини инкор этмаган. 2018 йил, декабрь ойида у бу ҳолатни хорижий инвесторларнинг Тошкентга сармоя киритишга тайёр эмаслиги билан тушунтиришга уринган эди.

У лойиҳа юзасидан 700 дан ортиқ инвесторлар билан музокаралар олиб боргани, аммо улар сармоя киритишга рози бўлмаганини айтганди ўшанда.

Тошкент ҳокими ва сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаев асос солган Akfa ва Artel ширкатлари қурилиш ва маиший техника соҳасида Ўзбекистондаги монопол ширкатлардан саналади.

Аммо, Ортиқхўжаевнинг бойлиги қанча экани маълум эмас.

Тошкент ҳокимининг ўтмишда маҳаллий журналистлардан салбий хабарларни тарқатмасликни сўраб, уларга таҳдидлар қилгани эса кўп бора шов-шув бўлган.

Ижтимоий тармоқларда икки кун олдин тарқалган видеолардан бирида Ортиқхўжаев “Кун.уз” журналистига матбуотдан кўра, шаҳар аҳолиси истаклари устун эканини айтиб, минглаб ташкилотлар очилиб, ёпилиб кетишини эслатди.

“Kun.uz бугун бор, эртага йўқ. Тўғрими? Сизлар битта МЧЖми? Бир кунда 3 минг МЧЖ ёпилиб, 3 мингтаси очиляпти. Лекин миллат мана шу ерда яшайди”, - дейди Ортиқхўжаев.

Ортиқхўжаев бундан олдин ҳам журналистларни таҳдид қилган сўзлари ёзилган аудио ёзув билан боғлиқ можаро марказида қолганди.

XS
SM
MD
LG