Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:15

OzodDayjest: Тошкент ҳокимлигига “совға қилинган” Mercedes Ортиқхўжаевнинг ўзига тегишли бўлиб чиқди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзига ўзи совға берган Ортиқхўжаев. Саводсизликка етаклаётган дарсликлар. Қорақалпоғистонда аниқланган янги қуш тури. Ортда қолган ҳафтада маҳаллий матбуотда мана шундай мавзулар ёритилди. Айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Тошкент ҳокимлигига “совға қилинган” қимматбаҳо Mercedes Ортиқхўжаевнинг ўзига тегишли бўлиб чиқди

Тошкент шаҳар ҳокимлигига яқинда фуқаро томонидан совға қилингани айтилган қимматбаҳо автоулов аслида Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзига тегишли экани маълум бўлди (www.gazeta.uz, 7 декабрь).

Ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев 30 ноябрь куни фуқаро Латипова Зиёда Баҳромовнага тегишли Mercedes-Benz S500 Hybrid русумли қора рангли енгил автотранспорт воситасини ҳокимликка ихтиёрий равишда беғараз (текинга) бериш таклифини қабул қилиш ҳақидаги қарорни имзолаган эди.

“Нашр манбаси маълумотларига кўра, автомобиль аслида Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзига тегишли. Эҳтимол, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги қарорида давлат хизматчиларининг хизмат автомобиллари қиймати чеклангани туфайли Mercedes-Benz S500 Hybrid автомобилини “беғараз бериш”га қарор қилингандир. Ҳокимият “Gazeta.uz”га вазият бўйича изоҳ беришни рад этди”, дейилади сайт хабарида.

2021 йилда ишлаб чиқарилган бундай автомобиль 295 минг доллар атрофида баҳоланмоқда. Ҳокимлар автомобиллари учун ҳукумат чеклов эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 2000 баравари (540 миллион сўм) этиб белгиланган.

Аввалроқ иқтисодий таҳлилчи ва блогер Отабек Бакиров ҳокимликка Mercedes Benz совға қилинишини Ж.Ортиқхўжаевнинг қиммат хизмат машинаси миниш орзусига алоқадор эканини ёзган эди.

“Шаҳар ҳокимияти ёки ҳоким бошқа битимлар ва муносабатлар орқали фуқаро Латипова Зиёда билан қандай боғланганлигини билмайман. Бунинг учун ваколатли органлар бор. Битим ҳатто совға ўлароқ тушунтирилса ҳам, саволлар ёпилмайди, чунки умумқабул қилинган практикага кўра 20 доллардан ортиқ қийматдаги совға ҳам пора ўрнига ўтади. Балки бу битим эртагаёқ ёпди-ёпди бўлиб, халқнинг хотирасидан ўчирилар. Лекин бу каби амалиётни узил-кесил тўхтатиш лозим”, деб ёзади О. Бакиров.

Сифатсиз дарсликлар ортида коррупция борлиги тахмин қилинмоқда

Бу йил чоп этилган ва биринчи синф ўқувчиларига берилган “Алифбе” дарслиги биринчи чорак якунланмай яроқсиз ҳолга келди (“Ишонч” газетаси, 4 декабрь).

“Жорий йилги “Алифбе” жуда сифатсиз экан. Болажонларга ҳарф ва сўзларни қалам билан бўғинлаб ўргатамиз. Кейинчалик қалам изини ўчирамиз десак, китобдаги ҳарфлар ҳам ўчиб кетяпти. Албатта, бу ўқитувчиларга ҳам, ўқувчиларга ҳам, ота-оналарга ҳам ноқулайлик туғдирмоқда”, дейди 15 йилдан буён Бухоро вилояти Жондор туманидаги 31-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаётган Маҳфуза Рўзиева.

Аслида саводни чиқариш мақсадида нашр этилган дарсликнинг сифатсизлиги саводсизликка сабаб бўлиши мумкин.

“Умид қиламизки, дарсликка масъул бўлган ноширлар ва мутасаддилар бу ҳақда жиддий ўйлаб, кейинги ўқув йилида “Алифбе”нинг титилишига ва қайта-қайта тикилишига йўл қўйишмайди. Масъул ташкилотлар эса ушбу масалани жиддий ўрганиб кўриши зарурга ўхшайди. Зеро, бу жараёнда коррупция унсурлари мавжудга ўхшайди”, деб ёзади газета.

Аввалроқ маҳаллий матбуот мактабларда кетма-кет учинчи йил дарсликлар етишмаётгани, 2021 йил якунланаётган бўлса-да, айрим мактабларга дарслик ва ўқув қўлланмалари ҳали ҳам етиб бормагани ҳақида ёзган эди.

Қорақалпоғистон ҳудудида янги қуш тури аниқланди

Қорақалпоғистонда Республикасида шамол электр станциясини қуриш бўйича лойиҳа доирасида баҳорги мониторинг чоғида янги қуш тури – чўл буқаси топилди (“Оила ва табиат” газетаси, 8 декабрь).

Ушбу қуш Энергетика вазирлиги лойиҳаларининг атроф-муҳитга таъсирини ўрганиш жараёнида аниқланган.

Қайд этилишича, вазирлик лойиҳаларнинг атроф-муҳитга таъсирини ўрганиш бўйича икки босқичли хавф таҳлилини ўтказади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ижтимоий таъсир соҳасида халқаро миқёсда тан олинган экспертлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижаларга кўра, ижобий хулоса бўлса, танланган майдонда электр станциясини қуришга рухсат берилади.

Ўтган йили Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти олимлари ҳудудда ўнлаб янги қуш турлари аниқланганини маълум қилган эди.

Биология фанлари доктори Света Мамбетуллаеванинг таъкидлашича, Оролбўйи минтақасида аввал учрамаган бегунок, шарқ клушаси, узун думли читтак, кичик балиқчи қуш, катта читтак, кичик чипор қизилиштон, кулранг каклик, снегир каби янги қуш турлари пайдо бўлган.

Қорақалпоғистон ҳудудидаги 40 та қуш тури Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби”га киритилган.

XS
SM
MD
LG