Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:39

"Улкан чангқозон". Дарахтларига қирон келтирилган Тошкентнинг ҳавоси қанчалик ифлос?


Ўзбекистон пой тахти Тошкентда сўнгги бир йил ичида учинчи марта ҳавонинг ҳаддан ташқари ифлосланиши кузатилмоқда.
Ўзбекистон пой тахти Тошкентда сўнгги бир йил ичида учинчи марта ҳавонинг ҳаддан ташқари ифлосланиши кузатилмоқда.

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда сўнгги бир йил ичида учинчи марта ҳавонинг ҳаддан ташқари ифлосланиши кузатилди.

Ҳаво сифатини кузатувчи AQAir индексига биноан, 18 октябрь куннинг иккинчи ярмида Тошкентда ҳавонинг ифлосланиши 101-150 орасида, яъни “муайян гуруҳлар учун хавфли” даражани ташкил қилган.

Бир кун аввал шаҳарда ҳаво сифати "хавфли" ва "ўта хавфли" кўрсаткичлари орасида эди.

“Ўзгидромет” 17 октябрь куни ҳавода инсон ўпкасини бўғиб қўйишга қодир чанг миқдори хавфсизлик кўрсаткичларидан ошиб кетганини айтиб, пойтахт аҳолисини имкони борича уйдан чиқмасликка, кўчада бўлганда, албатта тиббий ниқоб тақиш ва уни ҳар бир соатда алмаштириш лозимлиги ҳақида огоҳлантирганди.

“Ўзгидромет” матбуот котиби Муниса Асалхўжаева Озодлик билан суҳбатда 18 октябрь куни ёғингарчилик ҳисобига ҳавода чанг заррачалари анча камайганини айтди.

“Яна кечаси билан ёмғир ёғадиган бўлса, эрталабга чангимиз қолмайди”, деди Асалхўжаева 19 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда.

Тошкент ва яқин ҳудудларда ҳавонинг ифлосланиши ва чанг бўронлари сўнгги йилларда тез-тез кузатилмоқда.

"Улкан чангқозон"

Мутахассисларга кўра, Тошкентдаги ҳавонинг ҳаддан ташқари ифлосланиши ортидан табиий омиллар билан бирга, инсон омили турибди.

"Бу кўпроқ, чанг, турли жинсларнинг зарралари. Лекин, айрим шаҳарларнинг ҳавоси, буларнинг рўйхати маълум, кимёвий жиҳатдан кучли заҳарланган", деб ёзди биолог олим Бахтиёр Абдуғафур ўзининг Фейсбук саҳифасида.

Унинг ишонишича, Тошкент шаҳри мисолида Ўзбекистонни оғир келажак кутмоқда.

"Бу олис эмас, жуда яқин. Кейинги беш йилликнинг оғир ўтиш эҳтимоллиги жуда юқори. Ҳавонинг нисбий намлиги камайиши, дарахтлар ҳисобидаги яшил биомассанинг ўрни тўлдирилмагани, табиий тўсиқларнинг йўқлиги бу муаммонинг улғайиб боришига олиб келади.

Биз улкан чангқозон ичида яшаймиз, шуни унутмаслик керак. Инновацион ечимларни қидириш, уларга пул сарфлаш, муҳокама қилиш, сон-саноқсиз тадбирлару кўргазмалар эмас, тайёр, лабораториялардан чиқмаётган, қалин-қалин ҳисоботларда сиёҳи ўчаётган ишланмалардан фойдаланиш керак", дейди олим.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари пойтахт ҳавосининг нафас олиб бўлмайдиган даражада ифлосланишида сўнгги йилларда дарахтларнинг оммавий кесиб ташланиши ва Тошкент экотизимига зарар етказаётган пала-партиш қурилишларни айблашади.

“Дарахтлар оммавий равишда, биринчи навбатда қурувчилар томонидан кесиляпти. Энг сўнгги холат яқинда Чилонзорда шов-шувга сабаб бўлди. ОАВ ва блогерлар туфайли Dream House Stroy МЧЖ компанияси “Сеул” турар-жой мажмуасида юзлаб дарахтларни кесиб ташлагани маълум бўлди. Тошкентда дарахлар ҳозир ҳам кесиляпти, кесилаверса ифлосланишдан ҳеч қачон қутулмаймиз”, - деб ёзди тошкентлик фаол ва блогер Никита Макаренко ўзининг Телеграм-каналида.

“Ўзгидромет” матбуот котиби Мунисахон Асалхўжаева ҳам пойтахт ҳавосида чанг заррачалари кўпайишини дарахтлар кесилиши ва қурилишларга боғлайди.

“Нимага бунақа чангли бўронлар кўтариляпти, қумли бўронлар кўтарилаётгани ҳақида бонг уриб гапиряпмиз. Бу узлуксиз қурилишлар, дарахтларнинг кесиб ташланиши. Бунақа ҳолатлар чангли бўронларни кўпайтиради. Бу ҳақда бир йилдан бери айтиб келяпмиз”, - дейди Озодлик билан суҳбатда Асалхўжаева.

Жаҳон бўйлаб ҳаво тозалигини баҳолайдиган IQAir индексида Тошкент шаҳри дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлардан бири сифатида тилга олинади.

Ташкилотнинг ўтган йилги ҳисоботида шаҳардаги ҳаво даражаси "ўта носоғлом" дея баҳоланган.

Тошкент ҳавосидаги PM2.5, яъни нозик заррачалар даражаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг кўрсатмасидагидан 34,4 марта юқоридир.

Ташкилотга кўра, Тошкент ҳавосининг ифлослигига энг катта сабаб эскирган автомобилларнинг кўплигидир.

Дарахтларга қирон келтирган қурилишлар

"Тошкент бу кетишда 2-3 йил ичида умуман яшаб бўлмайдиган шаҳарга айланади", деб ёзди ўтган ҳафта Тошкентга сафар қилган Би-би-си журналисти Ибрат Сафо. Унинг Фейсбук саҳифасида ёзишича, "ҳаво шу қадар ифлоски, ҳаводаги заҳар ҳатто жигаррангда кўзга кўриниб туради. Уни нафас йўлларингда ва таъм қабулгичларингда сезасан. Палапартиш қурувчи компаниялар занжирини узган қутурган итдек, қурилишлардаги чанг-тўзон машиналардан чиққан карбонат ангидрид, азот оксиди ва метан билан қўшилиб ўпкангни емиради", дейди журналист.

Тошкентдаги қатор йирик қурилиш лойиҳаларини амалга ошираётган ширкатлар билан афилланган пойтахтнинг тадбиркор ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўтган йили фаоллар билан учрашувда "шаҳарда бирон дарахт кесилса, ўша куни ариза ёзиб ишдан кетиши"ни айтган, аммо ўтган вақт мобайнида эълон қилинган мораторийга қарамасдан дарахт кесишлар давом этди.

Президент Шавкат Мирзиёев олдинроқ йилига 200 миллион туп дарахт экиш кераклиги, бу билан мамлакатдаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режаланаётганини айтган эди.

Аммо Озодликка келаётган хабарларда жойларда режани бажариш учун экилаётган кўчатларнинг қуриб қолаётгани айтилади.

Экологларнинг айтишларича, чанг шаҳар ичидан, хусусан, қурилиш майдончаларидан ҳам ҳосил бўлади. Қурилиш иншоотлари муҳофаза филтр пардалари билан ўраб олиниши шарт.

Сариқ чанг, шунингдек, вируслар, замбуруғлар, бактериялар ва ҳатто оғир металларни олиб юради, улар инсон саломатлиги учун ўта таҳликали.

Жумладан, асбест чанги таъсиридан ўлим ҳоллари кўпайиши аниқланиши ортидан ўтган асрда кўпгина мамлакатлар асбестдан тайёрланган конструкцияларни қурилишларда ишлатишни тақиқлаган.

Ўзбекистонда эса, асбестдан тайёрланган материаллар ва шиферлар соғлиқ учун зарарли бўлишига қарамасдан, қурилишларда ҳамон кенг ишлатиб келинади.

Эколог Руслан Ҳаирнуров ҳаво ифлосланишига сабаб бўлаётган яна бир омилга эътибор қаратади.

“Қурилишлар, дарахтлар кесилиши ҳақида кўп айтиляпти. Бу катта муаммо. Мен буларга қўшимча сифатида шаҳарда ариқлар камайиб кетганини ҳам айтган бўлардим. Дарахтлар билан бир қаторда ариқдаги сувлар ҳам чангни ўзига тортади”, - дейди Хаирнуров.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, чанг ўзи билан ўлимга сабаб бўлувчи касалликларни олиб келади.

Ўлимга сабаб бўлувчи чанг

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, чанг ўзи билан ўлимга сабаб бўлувчи касалликларни олиб келади.

Чанг бактерия ва вирусларни олиб юриши мумкин. Шунингдек, турли хил нафас олиш ва қон айланиш касалликларини келтириб чиқаради.

Ҳавонинг ифлосланиши дунёдаги ҳар олтинчи ўлимнинг сабаби экани маълум.

Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистонда ҳаво ифлосланишидан ўлим ҳолатлари ҳар юз минг кишига 81 нафарни ташкил қилади.

Форум

XS
SM
MD
LG