Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:40

Эски раҳбарлари қамалиб, ишончли бошқарувчига ўтган "Ўзметкомбинат" яна текширилмоқда


Бекободдаги Ўзбек металлургия комбинати
Бекободдаги Ўзбек металлургия комбинати

"Ўзметкомбинат"нинг олти раҳбар ходими "давлат мулкини талон-тарож қилишда" айбланиб 2018 нинг кузида қамалгани ортидан комбинатнинг ишончли бошқарувини амалга ошираётган SFI Management Group ходими ҳам растратада айбланиб, жорий ой бошида ишдан четлатилди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси вакили "шу кунларда "Ўзметкобинатда" камомад ва ўғирлик факти юзасидан жиноят иши буйича тергов олиб борилаëтганини" Озодликка билдирди.

Комбинат ходимларидан бирининг айтишича, сотиб олиш бўйича бошқарма бошлиғи О. Р. 2019 йил январи бошида ўта катта миқдордаги камомад ва давлат мулкини ўзлаштиришда айбланиб, ишдан олинган. Бу маълумотни, ўз манбаларига таянган ҳолда, тошкентлик журналист Сергей Ежков ҳам Озодликка тасдиқлади. Айни пайтда комбинат кадрлар бўлими ходими О. Р. нинг ишдан четлатилганини билдирди.

Касал тузатаман деб келганлар ҳам айни касалга чалинди

"Ўзметкомбинат"нинг Озодлик 9 январь куни суҳбатлашган инженерига кўра¸ комбинатни таназзулдан қутқариш учун жалб қилиниб, ишончли бошқарувчилик ваколати берилган SFI Management Group "яратилган барча шароитларга қарамасдан мавжуд аҳволни ўнглай олмаган":

- О. Р. ўша янги бошқарув вакили. У ҳозир растрата ва ўғирликда айбланиб ишдан четлаштирилди. Акахонлари кўмагида жиноят иши очилмайдиган кўринади. У "начальник управления по закупкам" деган лавозимда ишларди. У ўзидан олдинги бошлиқлар хатосини такрорлагани комбинатда жиноятчиликка мойил муҳитга тўла барҳам берилмаганидан дарак.

Ўзбекистон Бош прокуратураси вакили "шу кунларда "Ўзметкобинат"да камомад ва ўғирлик факти юзасидан жиноят иши буйича тергов олиб борилаëтгани" ва бу жиноят иши Бош прокуратура назорати остида эканлигини билдирди.

Прокуратура маълумотномасида шу кунларда "Ўзметкомбинат" бўйича олиб борилаëтган жиноят иши фигурантлари орасида О. Р. исмли шахс йўқлиги айтилди.

"Ўзметкобинат"нинг кадрлар масалалари бўйича мулозими Озодлик билан суҳбатда сотиб-олиш бўйича бошқарма бошлиғи О. Р. январь ойида ишдан четлатилганини айтиш билан кифояланди.

О. Р. вакили бўлган SFI Management Group ортида икки қудратли ўзбек турибдими?

Ўзбекистондаги gazeta.uz нашрига кўра, Россиядаги «USM Holding» ширкати раҳбари Алишер Усмонов 2017 йилда SFI Management Group ширкатини "Ўзметкомбинат" бошқарувига жалб қилган.

Шотландиядаги нуфузли The Herald газетаси ўтган йил ноябрда эълон қилган мақоласида SFI Management Group ўзининг ягона акциядори Шотландияда регистрация қилинган ширкат - Quality Trade Supplies эканини кўрсатган.

2018 йилнинг 22 августида давлатга қарашли “Ўзбекистон 24” канали намойиш қилган “Дахлдорлик туйғуси” деб номланган махсус кўрсатувда SFI Management Groupнинг россиялик миллиардер Алишер Усмоновга алоқадорлиги айтилган.

Шотландияда чиқадиган газетада 13 ноябрь куни босилган мақолага кўра¸ асли ўзбекистонлик яна бир миллиардер - Бельгия ватандоши Фаттоҳ Шодиевнинг ҳам SFI Management Groupга алоқадорлиги айтилади.

Ишончли бошқарувчига берилган имтиëзлар

Ўзбекистон президентининг 2017 йил 15 сентябридаги №ПП-3277 қарорига кўра «Ўзметкомбинат»нинг давлатга оид улуши SFI Management Groupга ишончли бошқарувга берилган.

Айни қарор асосида ¸ SFI Management Groupга солиқ ва кредит имтиëзлари берилган. Шунингдек, президентнинг №ПП-3277 қарорига биноан мамлакатдаги иккиламчи рангли ва қора металл чиқиндиларни қайта ишлаш ҳуқуқи ҳам SFI Management Groupга бериб қўйилган.

«Комбинатни жиноий гуруҳ бошқарган»

Озодлик тасарруфидаги суд-тергов ҳужжатларида "Ўзметкобинат"ни 2017 йилга қадар бошқарган ва ўша йил 25 августда ҳибсга олинган раҳбарлар "жиноий гуруҳ тузиб комбинат мол-мулкини кенг кўламда талон-тарож қилгани" ëзилган.

"Ўзметкомбинат" собиқ директори Алик Нуриддинов
"Ўзметкомбинат" собиқ директори Алик Нуриддинов

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят, Бекобод шаҳар суди 2018 йилнинг 5 ноябрида чиқарган ҳукмга кўра¸ комбинат собиқ директори Алик Нуритдинов "ташкил қилган жиноий уюшманинг тизим раҳбарлари М. Саркисьянс¸ Б. Каримжонов¸ Х. Аҳмедов¸ Р. Мирзажонов¸ М. Каримов ўзларига бўйсунадиган 49 субъектнинг мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктириб давлатга 810¸ 7 миллиард сўм зарарни қасддан етказишган".

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди котиби Озодликка тақдим қилган ҳужжатга кўра¸ "Ўзметкомбинат"нинг 6 нафар собиқ ходими Ўзбекистон Жиноят кодекси 167- моддаси бўйича (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) айбдор деб топилиб 5 йилгача бўлган муддатда озодликдан маҳрум қилинган.​

Жиноят иши таркибидаги бир эпизод: "Олма иши"

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят, Бекобод шаҳар судидан "Ўзбметкомбинат"га 2018 йилнинг 27 ноябрида келган хусусий ажримда (Озодликда нусхаси мавжуд)¸ эски раҳбарият тендер ўтказмай, откатлар эвазига Германиядан қиммат эҳтиёт қисмлар олиб келиш, комбинатнинг Низом жамғармасидаги пулларни ўзлаштириш, комбинатнинг профилига хос бўлмаган маҳсулот олди-сотдиси билан шуғулланиш каби жиноятларни қасддан содир этгани.

“Жиноятнинг сабаблари ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида”, деб номланган суд ажрими «Ўзметкомбинат» ҳудудида айни тарздаги жиноят қайта содир бўлишининг олдини олиш мақсадида комбинат раҳбариятига жўнатилган.

Хусусий ажримда айтилишича, эски раҳбарият, масалан, олма олди-сотдисидан камида 700 минг доллар ўзлаштиган.

Ажримда, жумладан, бундай дейилган:

«Ўзметкобинат» раҳбарияти «Fruit Dance” МЧЖ таъсисчиси Ғанишер Қучқунов билан “давлат манфаатларига зид тарзда жиноий бойиш мақсадида олдиндан тил бириктириб 2 минг тонна олмани сотиш ҳақида сохта шартнома тузиб 18 миллиард 710 миллион 332 минг сўмни ўзлаштиришган”.

Ҳужжатга кўра¸ бу сумманинг 5 миллиард 450 миллион сўми “Олой бозоридаги валюта қора бозорида 700 минг АҚШ долларига алмаштирилган ва ëнига яна 3 миллиард сўм қўшиб улуш сифатида комбинат (ҳозирда собиқ - таҳр.) раҳбари Алик Нуритдионов ва комбинат ҳисобчиси (ҳозирда собиқ - таҳр.) Тоҳир Бобоназаровга берилган".

Суднинг хусусий ажрими муҳокама қилинди

Озодлик тасарруфида мавжуд ҳужжатга кўра, ўтган йилнинг 21 декабрида "Ўзметкомбинат"нинг янги раҳбарияти Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик билан кураш бошқармаси вакили иштирокида мажлис ўтказиб, комбинат ичидаги криминал атмосферага барҳам бериш масалаларини муҳокама қилган.

Озодликда ушбу мажлиснинг 44- рақамли баëнномаси бор. Баëнномада ëзилишича ўтган йилнинг август ва ноябрь ойларида комбинатдаги товар-моддий бойликларни ўғирлаш бўйича икки ҳодиса ва одам ўлими бўйича бир ҳодиса қайд қилинган. Бу ҳодисаларнинг олдини олмаган раҳбар ходимларга “хайфсан” эълон қилинган.

21 декабрдаги мажлисда «Ўзметкомбинат»нинг собиқ раҳбарлари қилган жиноятлар Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар суди чиқарган ажрим асосида алоҳида муҳокама қилинган.

XS
SM
MD
LG