Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:54

Тўрақўрғонда корхона ва ташкилот раҳбарлари пахтага ўз ёнидан мардикор ёллашга мажбур бўлмоқда


Тўрақўрғон туманидаги корхона ва тaшкилотлар ёллаган теримчилар
Тўрақўрғон туманидаги корхона ва тaшкилотлар ёллаган теримчилар

Наманган вилоят, Тўрақўрғон туманидаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари пахта теримига ўз чўнтагидан пул тўлаб, мардикор ёлламоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган ходимларнинг айтишича, туман ҳокими ташкилот раҳбарларига, штатлар жадвалидаги ходимлар сонидан келиб чиқиб, теримга одам олиб чиқишни буюрган.

Раҳбарлар иш "ўлиб" қолмаслиги учун ходимларининг ярмини пахтага чиқариб, ярми ўрнига мардикор ёлламоқда.

Ҳокимлик мулозимлари корхона ва ташкилотлар ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб этилганини инкор қилди.

Тўрақўрғон туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ходимлардан бирининг Озодликка айтишича, сентябрнинг охиридан бошлаб туман ҳокими Ғуломжон Муродхўжаевнинг оғзаки буйруғи билан корхона ва ташкилотлар ходимлари пахта теримига мажбуран сафарбар этилган:

“Туман ҳокими, адашмасам, 25 сентябрь кунги мажлисда ҳар бир ташкилот раҳбарига “сен бунча одам чиқарасан, сен бунча чиқарасан” деб топшириқ берди. Бу сон штатдаги ходимлардан кўп эди. Табиийки ҳамма ходимни бирданига пахтага чиқарса, иш тўхтаб қолади. Бирор киши сўраб келса ҳам, гап бўлади. Шунинг учун раҳбарлар ходимларни ярмини пахтага чиқариб, ярмини ўрнига мардикорлар ёллашга мажбур бўлмоқда. Бизнинг раҳбаримиз ҳам 20,30 минг сўмдан мардикор аёлларни теримга олишга мажбур бўлди”.

Тўрақўрғон туманида корхона ва ташкилотлар ёллаган теримчилар
Тўрақўрғон туманида корхона ва ташкилотлар ёллаган теримчилар

“Ватанпарвар” ташкилотининг исми сир қолишини сўраган ходимининг айтишича, ҳокимнинг вакили ҳар куни далага бориб, қайси ташкилот қанча одам чиқаргани ҳисоботини қилади:

Кечқурун пахта штабидан вакил келиб, қайси ташкилотдан қанча одам чиққанини ёзиб кетади ва ҳокимга ҳисобот беради.


“Ўзимиз мошина ёллаб пахта тергани борамиз. Тушлигимиз ўзимиз билан. Кечқурун пахта штабидан вакил келиб, қайси ташкилотдан қанча одам чиққанини ёзиб кетади ва ҳокимга ҳисобот беради. Ўз ишимизни вақтида қилолмаётганимиз учун аҳолидан шикоятлар кўпаймоқда. Бундан ташқари терим пули ҳам фермерлар томонидан берилмаяпти. Чунки, биз мажбуран теримга олиб чиқилганмиз. Ҳуқуқимиз йўқ. Чиқмайлик десак, раҳбаримизга гап тегади. Президент ва ҳукумат бошлиқлари энди мажбурий меҳнат бўлмайди деганда, ниҳоят бу йил қутулдик деб, дўппини осмонга отган эдик. Лекин эрта хурсанд бўлган эканмиз. Ҳеч нарса ўзгармади”.

Ўзини Тўрақўрғон тумани ҳокими Ғуломжон Муродхўжаевнинг котиби Муҳриддин деб таништирган мулозим, бу гаплардан хабари йўқлигини, ҳоким билан боғланиш имконсиз эканлигини айтди.

Туман ҳокимлиги бош мутахассиси Акмал Тўраев корхона ва ташкилотлар ходимлари пахта теримига жалб қилинганини инкор қилди:

“Бизда ташкилотлар пахтага чиқарилмаган. Маҳалла аҳолиси иштирокида пахта териляпти, ҳеч қайси ташкилотга пахтага чиқасан деб, топшириқ берилмаган”.

Ўзбекистон ҳукумати бу йил пахта теримида мажбурий меҳнат бўлмаслигини айтган, жумладан бир қанча вазирликлар мажбурий меҳнатга қарши ўз позицияларини эълон қилган эди.

Жумладан, Касаба уюшмалари Федерацияси 25 сентябрдан 31 октябрга қадар мамлакат пахта далаларида мониторинг ўтказишини билдирди.

Бу мониторингдан мақсад¸ айтилишича¸ “18 ёшга тўлмаган шахсларнинг, ўқувчи ва талабаларнинг, бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш”дир.

Аммо, Озодликка келаётган хабарларга кўра, жойларда корхона ва ташкилотлар ишчиларининг пахта теримига мажбуран жалб қилиниш ҳолатлари кузатилмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги бюджет ташкилотлари ходимлари шанба - якшанба кунлари пахта теримига мажбуран олиб чиқилмоқда.

Жумладан, Боғот тумани ҳокими буйруғи билан пахта теримига сафарбар қилингани ҳақида 20 сентябрь куни Озодлик ëзгани ортидан ҳоким ва яна икки мулозим жаримага тортилди.

XS
SM
MD
LG