Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:48

Reuters фактчеки: “Магнит тести” COVID-19 вакциналарида металл ёки микрочип борлигини исботламайди


COVID-19 вакциналари эмланган шахс танасидаги инъекция жойини магнитланадиган қилмайди. Буни “Reuters” агентлигига интервью берган физика ва тиббиёт мутахассислари тасдиқлади.

Ушбу асоссиз даъво эмланган шахслар қўллари магнитни ўзига тортаётгани акс этган бир неча видео ёрдамида тарқалиб кетган. Бир неча видеода бу ҳолат эмланган шахслар танасига микрочип ўрнатилганини исботлаши иддао қилинди. Бошқа видеоларда бу ҳолат изоҳланмади. Видеоларнинг бирида танаси магнитни тортаётган шахс Pfizer/BioNTech вакцинаси билан эмлангани иддао қилинди.

Бироқ, бу видеолар вакцина эмланганларда магнит реакциясини келтириб чиқаришини ёки COVID-19 дозаларида микрочип мавжуд эканини исботламайди.

Биринчидан, “Reuters” агентлиги коронавирусга қарши вакциналарда микрочиплар борлиги ҳақидаги фитналар асоссиз эканини фош қилган. Пандемия давомида кенг тарқалган бу иддаолар кўпинча “Microsoft” ширкати асосчиси ва филантроп Билл Гейтсни нишонга олди.

Иккинчидан, Буюк Британияда ёки Америка Қўшма Штатларида тасдиқланган COVID-19 вакциналарининг бирортасида металл ингредиентлар мавжуд эмас. Бошқа айрим вакциналарда оз миқдорда алюминий бор, аммо бу металл магнитланмайди.

Оксфорд университети тадқиқотчиларининг айтишича, вакциналардаги алюминий миқдори деярли барча озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимлик сувидаги алюминий миқдори билан тенг ва умуман зарарли эмас.

Учинчидан, COVID-19 вакциналарида магнит металлар бўлган тақдирда ҳам, улар магнетик реакция келтириб чиқара олмаган бўларди. “Meedan” ширкати тиббиёт ходимлари:

“Магнитни жалб қилиш учун етарли бўладиган металл миқдори эмдорининг кичик дозасида бўлиши мумкин бўлган миқдордан анча кўпдир.”

Дублин Тринити коллежи қошидаги Физика мактаби профессори Майкл Коу ҳам бу даъволарни “учига чиққан бемаънилик” деб таърифлади.

Профессор электрон почта орқали “Reuters” агентлигига ёзган мактубида инъекция жойида доимий магнитни жалб қилиш ва ушлаб туриш учун камида бир грамм темир керак бўлишини айтди. Олим бу миқдордаги металл танага киритилса, уни “осонгина ҳис қилиш” мумкин бўлишини қўшимча қилди.

“Айтганча, бугун рафиқам “Pfizer” вакцинасининг иккинчи дозасини олди. Мен бундан икки ҳафта олдин эмлангандим. Магнитлар қўлларимизга тортилмаслигини текшириб кўрдим!”, деб ёзди профессор Коу.

“Pfizer” ширкати матбуот котиби ширкат вакцинасини олган шахс тасвирлангани даъво қилинган видеога жавобан ширкат ишлаб чиққан вакцинада металлар йўқлигини ва у инъекция қилинганидан кейин, танада магнитли реакцияга олиб келмаслигини тасдиқлади.

Хулоса

Бу иддао ёлғон. Мутахассисларнинг айтишича, эмланган шахслар инъекция жойида магнитланишни бошдан кечирмайди.

Ушбу мақола “Reuters Fact Check” жамоаси томонидан ҳозирланди.

Тузатиш (25 июнь, 2021): Ушбу мақоланинг эски версиясида MRI текшируви механизми нотўғри тасвирланган ва инсон танаси билан боғлиқ заиф магнитик таъсирлар ҳақида тўлиқ маълумот берилмаган эди. Бу жумлалар ўчириб ташланди, чунки уларнинг хулосага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шунингдек, мақола барча металлар магнитланмаслигини очиқлаш учун таҳрир қилинди.

XS
SM
MD
LG