Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:19

Санкциялар зарби. Россия Марказий банки рублни қулашдан сақлаб қолишга уринмоқда


Россия Украинага бостириб кириши ортидан Ғарб давлатлари жорий қилган санкциялар туфайли рубль кескин қадрсизланди.

The Associated Press агентлигининг хабар беришича, нархлар ошиши ҳақидаги хавотирлар фонида Россия бўйлаб банклар ва банкоматларда турнақатор навбатлар юзага келмоқда.

Совет Иттифоқи парчаланганидан бери Россия халқи бир неча марта рубль қадрсизланишини бошдан кечирган.

Ғарб давлатлари баъзи рус банкларининг SWIFT халқаро тўлов тизимидан фойдаланишига тўсиқ қўйиши ҳамда Россиянинг йирик валюта захираларидан фойдаланиши чекланишини эълон қилганидан сўнг, душанба куни Россия валютаси АҚШ долларига нисбатан тахминан 30 фоизга қадрсизланди.

Россия Марказий банки кўрган тезкор чоралар туфайли валюта курси бир оз тикланди. Душанба эрта тонгда бир доллар рекорд 105.27 рублга кўтарилди. Кечга бориб курс 94.43 рублга тушди.

Аммо душанба куни кечроқ АҚШ Молия вазирлиги Россия Марказий банкининг АҚШдаги ёки америкаликлар эгалик қиладиган барча активларини музлатадиган янги санкцияларни эълон қилди. Байден маъмуриятининг ҳисоб-китобига кўра, бу чора Россияни «юзлаб миллиард доллар» қийматга эга молиядан маҳрум қилиши мумкин.

Байден маъмурияти расмийларининг сўзларига кўра, Германия, Франция, Буюк Британия, Италия, Япония, Европа Иттифоқи ва бошқа мамлакатлар Россия марказий банкини нишонга олишда АҚШга кўмаклашади.

Россия бўйлаб санкциялар иқтисодиётга жиддий зарба беришидан хавотир олаётган одамлар бир неча кундан бери банклар ва банкоматларга ёпирилмоқда. Ижтимоий тармоқларда банкларда ва банкоматлар олдида узундан-узоқ навбатлар юзага келгани ҳақида хабар тарқалмоқда.

Дам олиш кунлари Москва жамоат транспорти департаменти шаҳар аҳолисини йўл ҳақини тўлаш учун “Apple Pay”, “Google Pay” ва “Samsung Pay” хизматларидан фойдаланишда муаммолар юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди, чунки Москва метроси, автобуслари ва трамвайларида карта тўловларини юритадиган VTB банки санкцияларга дучор бўлган банкларнинг биридир.

Иқтисодчилар ва таҳлилчиларнинг айтишича, рублнинг кескин девальвацияси оддий россияликларнинг турмуш даражаси пасайишига сабаб бўлади. Россияликлар ҳали ҳам кўплаб товарларни импорт қилади. Бу товарларнинг нархи кескин кўтарилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, россияликлар учун чет элга саёҳат қилиш қимматлашади, рублга камроқ хорижий валюта сотиб олиш мумкин бўлади. Кейинги ҳафталарда нархлар ва таъминот занжиридаги муаммолар ҳамда талабнинг пасайиши туфайли заводлар ёпилса, Россияда иқтисодий вазият янада оғирлашади.

Виржиния штатидаги Уильям ва Мэри университетининг иқтисод профессори Девид Фелдман Associated Press агентлиги билан суҳбатда «бу ҳолат уларнинг иқтисодиёти бўйлаб тез суръатда тарқалди», деди.

«Импорт қилинадиган ҳар қандай нарсанинг маҳаллий нархи ошади. Буни тўхтатишнинг ягона йўли катта субсидия ажратишдир».

Россия ҳукумати оқсоқлаётган саноат, банклар ва иқтисодиёт тармоқларини дастаклаши керак бўлади, аммо мамлакат буни амалга ошириш учун АҚШ доллари ва евро каби валюталардан фойдалана олмайди. Натижада Россия Марказий банки кўпроқ рубль босиб чиқаришга мажбур бўлиши мумкин. Бу эса гиперинфляция келтириб чиқариши мумкин.

Рубль сўнгги 30 йил давомида бир неча марта инқирозга учраган. Совет Иттифоқи парчаланиб кетиши ортидан 1990‑йилларнинг илк ярмида рубль қиймати сезиларли даражада пастлаган. Натижада Россия ҳукумати 1997 йилда рубль банкнотларидан учта нолни олиб ташлади. 1998 йилдаги молиявий инқироз туфайли рубль яна қадрсизланди, кўплаб россияликлар ўз жамғармаларидан маҳрум бўлди. 2014 йилда Россия Украинанинг Қрим яриморолини босиб олганидан кейин жорий қилинган санкциялар ва нефть нархининг тушиши туфайли Россия валютаси яна қадрсизланди.

Россия Марказий банки рубль курсини ушлаб туришга зўр бериб курашмоқда. Хусусан, банк валюта курсини мустаҳкамлаш ва банк саросимаси олдини олиш мақсадида асосий фоиз ставкасини кескин оширди. Шунингдек, банк Москва биржаси душанба куни очилмаслигини билдирди.

Марказий банк бенчмарк ставкасини 9.5 фоиздан 20 фоизга кўтарди. Якшанба куни Ғарб давлатлари Россиянинг қаттиқ валюта захираларини музлатишга қарор қилганди. Бу мисли кўрилмаган чора бўлиб, Россиянинг молиявий барқарорлиги учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Россиянинг 640 миллиард доллар қийматга эга валюта захирасининг бир қисми хорижда сақланади. Россия захираларини қанча улуши юқорида тилга олинган қарор ортидан музлатилиши ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда. Европа расмийларининг айтишича, Россия захираларининг камида ярми музлатилади.

Бу чора ортидан Россия молия органларининг рубль курсини ушлаб туриш учун захиралардан фойдаланиш имконияти кескин чекланди, натижада рублга босим ошди.

Душанба куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россиянинг қаттиқ валюта захираларини музлатиб қўйишни кўзда тутувчи янги санкцияларни «оғир» деб таърифлади, аммо «Россия зарарни қоплаш учун етарлича салоҳиятга эга», дея таъкидлади.

Марказий банк мамлакатдаги банкларга инқирозни енгишда ёрдам бериш учун бошқа чораларни ҳам кўрди. Хусусан, банк молиявий тизимга кўпроқ нақд пул киритди ва банк операциялари учун чекловларни юмшатди. Шунингдек, Россия Марказий банки саросимага тушиб, ўз инвестицияларини нақд пулга алиштиришга уринаётган хорижий инвесторлар ҳаракатлари рублга салбий таъсир кўрсатиши олдини олиш илинжида Россия ташқарисидаги шахсларга давлат облигацияларини сотишни вақтинча тақиқлади.

Рублни дастаклаш мақсадида кўрилаётган чораларнинг ўзи муаммоли, чунки фоиз ставкаларини ошириш компаниялар учун кредит олишни қимматлаштиради, натижада иқтисодий ўсиш секинлайди.

XS
SM
MD
LG