Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:41

LIVE BLOG: Иноятов истеъфоси ҳақида сара муносабатлар


Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматини салкам 23 йил бошқарган 73 яшар Рустам Иноятов ўз вазифасидан истеъфога чиқарилди. Бу ҳақдаги хабар ижтимоий тармоқларда энг кўп улашилган хабарлардан бири бўлди. Турли қатлам вакиллари Иноятовнинг ишдан кетгани борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда. Бу жараённи ушбу LIVE BLOG орқали биргаликда кузатамиз.

Кислов: "Серый кардинал"нинг четлатилиши ўзбек халқи учун янги умиддир

“Фарғона.ру” агентлиги раҳбари Даниил Кислов Иноятовнинг истеъфосини шарҳлар экан Озодликка қуйидаги фикрларни билдирди:

- Иноятовнинг кетиши ортидан “қўшҳукмронлик” вазияти билан боғлиқ ноаниқлик ниҳоясига етди. Энди барча ваколат “Мирзиёев гуруҳи”га тегишли. Бундан ташқари, бевосита Каримов режимини акс эттирувчи шахс, Иноятовнинг истеъфоси бутун Ўзбекистон учун янги умиддир. Биринчиси, тираннинг ўлими бўлса, иккинчиси унинг ўнг қўли бўлган, “серый кардинал”нинг сиёсий саҳнадан четлатилиши бўлди. Шавкат Мирзиёевнинг фаолияти янада кўпроқ ҳурматга сазовор: у мамлакат тарихидаги энг ёмон саҳифалар билан боғлиқ бўлган шахс фаолиятига барҳам берди. Лекин энди президент олдидан бундан ҳам муҳим вазифа турибди: махсус хизматни шундай ислоҳ қилиш лозимки, тизим коррупцион бойлик орттириш манбаи ва сиёсий жазо қуроли эмас, балки халқ хавфсизлиги учун фаолият олиб борсин!

Ташанов: Иноятов истеъфоси билан боғлиқ ажиотаж - ичимиздаги қўрқувлар жарангидир

“Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов МХХ раиси Иноятовнинг истеъфосини шарҳлар экан, битта раҳбарнинг кетиши билан тизимдан ўзгариш кутиш қийинлиги, бунинг учун тизим тўлақонли ислоҳ қилиниши лозим дейди:

Абдураҳмон Ташанов
Абдураҳмон Ташанов

- Иноятовнинг истеъфосига ижтимоий тармоқларда кузатилаётган ажиотаж бу узоқ йиллардан бери ичимизда пайдо бўлган қўрқувлар жаранги. Айни пайтда мен Иноятов кетгани билан жуда катта ўзгариш бўлади деб кутаётганим йўқ. Лекин тизимдаги фаолиятнинг қонун билан тартибга солиниши бу катта ислоҳот бўлади,- дейди Ташанов.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:01 0:00
Бевосита линк

Муҳаммад Рауфхон: Иноятов МХХни "Миллий қўрқитув ташкилоти"га айлантирди

Таниқли адиб Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Фейсбукдаги саҳифасида Иноятовни Ўзбекистонда "қўрқув салтанати"ни қурган шахс дея атаб, унинг ишдан кетганини олқишлади:

- 2016 йил охирлари мамлакатимизда президент алмашинуви Ўзбекистонда янги даврни бошлаб берган бўлса, Рустам Иноятов истеъфоси одамларда ана ўша янги давр вақтинчалик эмас, давомли бўлишига катта умид туғдирди. Ҳар қандай давлат ўзининг хавфсизлик хизмати билан кучлидир. Жумладан, Ўзбекистон Миллий

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

хавфсизлик хизмати (МХХ) ҳам аслида жуда керакли, жуда муҳим ташкилотдир. У ерда кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлаётганлар шу боисдан улуғ ва шарафли вазифани адо этадилар. Лекин, минг афсус билан айтиш керак, бизнинг МХХ собиқ ДХҚ (КГБ)дан энг яхши тажрибалар билан бир қаторда бошқача фикрдагиларни қатағон қилиш, динга ва диний ҳаётга коммунистча ёндашув каби кўплаб салбий хислатларни ҳам мерос олди. Аста-секинлик билан давлат ва ҳукумат идораларига ўзининг одамини қўйиш йўли билан бутун мамлакат устидан ёппа ҳукмронликни қўлга олди. Президент айтмоқчи, асосий вазифаси қолиб, ҳамма соҳа ишига аралаша бошлади. Натижада, давлат ва ҳукумат идоралари ҳам бир иш қилишда МХХнинг қош-қовоғига қарайдиган ҳолга тушди. Булар устига, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда “тирикчилик” ташвишига тушиб кетди. Қаердан пул чиқса, ўша ерда ҳозиру нозир бўлиб қолди. Жамиятнинг кўзини ўзидан шамғалат қилиш учун эса йўқ ердан душман ясаб, шу “душман”га қарши аёвсиз уруш очди. Минглаб айбсиз-гуноҳсиз ватандош қамоқларга ташланди. Мамлакатда эркин нафас олиб бўлмай қолди. Бора-бора Миллий хавфсизлик ташкилоти “Миллий қўрқитув ташкилоти”га айланди. Бу ишлар тепасида турган шахснинг вазифасидан кетишини халқимиз шунинг учун ҳам қизғин қаршилади. Ёдларингизда бўлса, яқиндагина Президент Шавкат Мирзиёев “МХХ ўз вазифасини қилсин, ҳамма ишга бурун суқавермасин!” деган маънода қаттиқ гапирди. Бу кўрсатмадан чиқиб келиб, янги раҳбар Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматини халқни қўрқитадиган олабўжи ташкилотдан тағин ўз номига ярашадиган шарафли ташкилотга айлантиради, деб умид қиламан, деди Муҳаммад Рауфхон Озодликка билдирган фикрида.

Таҳлилчи Илҳомов: Энди МХХни радикал ислоҳ қилиш лозим

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов Иноятов истеъфосидан кутиладиган натижа кейинги ҳаракатларга боғлиқлиги ҳақида ёзди:

“Хизматни радикал ислоҳ қилиш, кадрларни кескин қисқартириш, жамоат назоратини ўрнатиш лозим” дея ёзган Илҳомов акс ҳолда "яна 25 йил кутиш лозим бўлади" дейди.

Умида Ниёзова: Ўзбек халқи учун умидбахш хабар

Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова Иноятов истеъфоси ҳақидаги хабарни улашар экан, буни ижобий натижага эга воқеа сифатида таърифлайди.

Андерсон: Мини-иноятовларни қамаш керак!

Даниялик журналист Майкл Андерсон Иноятовнинг ишдан кетгани ҳақидаги постни улашар экан, шундай деб ёзди:

“Илтимос, жаноб президент энди:

- Гаагага битта чипта олинг ва бу қассобни самолётга ўтқазинг.

- Мамлакатда қолаётган 10000лаб мини-иноятовларни қамоққа ташланг”

TROLL.UZ: Бекорга ер қимирламади

Фейсбукдаги машҳур TROLL.UZ блоги ​Иноятов истеъфоси ҳақидаги хабарига "Ер бекорга қимирламаган" дея сарлавҳа қўйди:

​Тармоқлардаги аксар фойдланувчилар Иноятов истеъфосидан хурсанд эканликлари ҳақида ёзди:

Айримлар Иноятов истеъфосидан хурсанд бўлаётганларни тушунмаслиги ҳақида ёзди:

Азиз муштарий, сиз МХХ раиси ўзгарганини қандай баҳолайсиз? МХХ фаолиятида қандай ўзгаришлар қилиниши лозим деб ўйлайсиз? МХХ тизими ислоҳотга зарур деб ҳисоблайсизми? Ўз фикр-мулоҳазаларингизни шу ерга шарҳ сифатида қолдиришингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG