Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:05

SpaceX ширкати аввал ишлатилган ракетада тўрт фазогирни Халқаро фазо станциясига учирди


Ўтган ҳафта якунида АҚШнинг SpaceX ширкати учинчи экипажини Халқаро фазо станциясига юборди. Ширкат илк маротаба аввал учирилган ракета ва космик кемаларни қайта ишлатди.

Crew-2 миссияси Флорида штатидаги Кеннеди космик марказидан учди. Ракета бортидан NASA астронавтлари Шейн Кимбро ва Меган Макартур, Европа фазо агентлиги фазогири Томас Песке ҳамда Япониянинг JAXA агентлиги фазогири Акиҳико Ҳошиде учди. Улар 6 ой давомида кўплаб илмий тажрибаларни ўтказадилар.

Endeavour деб номланган Crew Dragon капсуласи 24 апрель куни Халқаро фазо станциясига етиб олиб, унга туташди.

NASA агентлиги фазо кемаларини қайта ишлатиш имкониятини қўлга киритиш учун SpaceX хусусий ширкати билан ҳамкорлик қилиб келади.

Парвоздан олдин Песке Twitterда ҳамкасблари билан Флорида штатидаги пляжда дам олаётгани акс этган фотосуратни улашди.

SpaceX NASA билан имзоланган кўп миллиардлик шартнома доирасида учинчи марта фазогирларни Халқаро фазо станциясига жўнатди.

Биринчи миссия ўтган йилнинг май ойида амалга оширилган эди. Бу эса АҚШнинг Space Shuttle дастури тугагандан сўнг Халқаро фазо станцияга парвозлар учун учун рус ракеталарига бўлган қарамлигини тугатди.

Парвоз ортидан ўтказилган матбуот анжуманида кутилмаганда кўриниш берган SpaceX асосчиси Илон Маск: «Менимча, биз космик тадқиқотлар янги даврининг бошланиш босқичида турибмиз», деди.

Ушбу парвоз Европа учун муҳим ҳодисадир. Европа мазкур миссияга Альфа Центавр юлдуз туркуми номидан илҳомланиб «Альфа» номини берди.

Европа фазо агентлигининг Халқаро фазо станцияси дастурлари раҳбари Франк Де Винне AFP агентлигига берган интервьюсида: «Бу ҳақиқатан ҳам биз учун Халқаро космик станциядан фойдаланишнинг олтин даври», деди.

Германиялик фазогир Маттиас Маурер кузда, италиялик фазогир Саманта Кристофоретти кейинги баҳорда SpaceX ширкатининг навбатдаги миссиялари билан Халқаро фазо станциясига учади.

Халқаро фазо станциясининг Россия томонидан қурилган навбатдаги модули станцияга июль ойида етиб бориши кутилмоқда. Модуль Европа фазо агентлиги томонидан ишлаб чиқарилган роботлаштирилган қўлни ўз ичига олади.

Европа фазо агентлиги, шунингдек, АҚШнинг Ойга қайта фазогир учиришни кўзловчи Artemis дастури бўйича ҳамкоридир. Хусусан, агентлик Orion космик кемаси учун қувват ва ҳаракатлантирувчи компонентни ҳамда Gateway деб номланган Ой орбитал станциясининг муҳим элементларини ҳозирлаб беради.

XS
SM
MD
LG