Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:59

Собиқ дипломат: Татьяна Акбаровна жанжал кўтарилишини истамайди - Пётр Каримов билан келишиб олади


Алишер Таксанов (чапда) Пётр Каримов билан.
Алишер Таксанов (чапда) Пётр Каримов билан.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Каримов отасининг беваси Татьяна Каримовани судга берди. Даъво Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро судида кўрилади.

Татьяна Каримова суд мажлиси ёпиқ ўтказилишини сўраб илтимоснома киритди, суд розилик берди.

Ҳозирда Швейцарияда истиқомат қилаётган собиқ ўзбек дипломати ва мустақил журналист Алишер Таксанов бир пайтлар Ислом Каримовнинг ўғли Пётр билан дўст бўлган, улар институтда бирга ўқишган.

Таксанов Озодлик радиоси билан интервьюда Ислом Каримовнинг тўнғич фарзанди ҳақида сўзлаб берди, шунингдек Пётрнинг ўз ўгай онасига қарши очган даъво иши бўйича бўлажак суд хусусида фикр билдирди.

Озодлик: Жаноб Таксанов, сиз Пётр Каримов билан дўст ва курсдош бўлгансиз. У ҳақида сўзлаб берсангиз. Пётр отаси билан қалин эдими, Каримов ҳаётлигида ўғлига қандай муносабатда бўларди? Пётр отасининг иккинчи турмушига, сингилларига қандай қарарди?

Алишер Таксанов: Пётр Каримов билан 1983 йилдан бери танишман, ўша йили Тошкент халқ хўжалиги институтининг режа-иқтисодиёт факультетига ўқишга кирганмиз. Тўғри, бошқа-бошқа гуруҳларда эдик – у “саноат иқтисодиёти” йўналишида ўқирди. Лекин умумий лекцияларда доим ёнма-ён ўтириб, талабалик ҳаёти ҳақида суҳбатлашардик. Пётрни ҳамма танир, яъни у ўшанда молия вазири бўлган Ислом Каримовнинг ўғли эканини билишарди, ўқитувчилар ва деканлар унга ялтоқилик қилишарди. Аммо Пётр такаббурликдан йироқ, камтар ва бамаъни йигит эди. Ўзлаштириши жуда “аъло” бўлмаса-да, барча имтиҳонлардан ўз кучи билан ўтарди, ҳарқалай. Айниқса, олий математикадан анча-мунча тер тўккани ёдимда: ҳеч бир мансаб-мартабани тан олмайдиган Тамара Михайловна исмли таёқдай тўғри ўқитувчимиз бўларди, ўша Пётрни роса югуртириб, билимига қаноат ҳосил қилганидан кейингина баҳосини қўйиб берган эди.

Татьяна Каримова Пётр Каримовнинг даъво аризаси юзасидан маҳкама ёпиқ ўтказилишини сўраган.
Татьяна Каримова Пётр Каримовнинг даъво аризаси юзасидан маҳкама ёпиқ ўтказилишини сўраган.

Пётр Ислом Каримовни бирон марта “ота” ёки “дада” деб тилга олганини эслай олмайман, доим учинчи шахсда айтарди: у, унга, унинг учун... ва, агар биров сўз очмаса, отаси ҳақида гапирмасди ҳеч қачон. Отаси партия-совет элитасига мансуб бўлса-да, Пётр ўша пайтларда танқис бўлган лаш-лушлардан маҳрум эди ва бошқа кўп талабалар каби одми кийиниб юрарди, катта амалдорларнинг болаларида бор ажнабий жинсилар, “лакоста” футболкалари, қиммат соатлару шахсий енгил машина йўқ эди унда. Фотографияни ёқтирарди, тез-тез фотоаппарат олиб келар ва дўстларини суратга туширарди (унинг шарофати билан талабалик йилларимдан кўп фотосуратлар қолган).

Мен Пётрнинг онаси Наталья Петровна Кучма билан гаплашганман. У Ботаника боғида илмий котиба бўлиб ишлар, агрономия ва ўсимликлар кимёси бўйича мутахассис бўлгани учун онам билан таниш эди. Наталья Петровна эрини яхши сўзлар билан тилга олмас, хусусан ҳеч қачон ўғлига ғамхўрлик қилмаганидан нолиб гапирар ва бунда Татьяна Акбаровнани айбларди. “У эримга ўғли билан учрашишни тақиқлаб қўйган”, дерди. Наталья Петровна Ислом Абдуғаниевичга қўнғироқ қилганда гўшакни Татьяна Акбаровна олар ва ҳеч нима демай, қўйиб қўяр экан. Телефонга Ислом Каримов ўзи келгунича аёл қайта-қайта қўнғироқ қиларкан.

Татьяна Каримовага қамоқдаги қизини кўрсатишмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:32 0:00

1985 йилда Ислом Каримов КПСС Қашқадарё обкомига котиб бўлганида Наталья Петровнанинг ёнига келиб, ўғли Пётр армияга боришини талаб қилади. Гап шундаки, Пётр қандайдир касалликка чалинган ва комиссия уни хизматга яроқсиз деб топган эди. Бироқ Каримов қистайверади, чунки Москва уни ўғлини армиядан олиб қолганликда айблашидан қўрқади: ўша кезлар “ўзбек иши” бошланган бўлиб, бутун партия-совет элитасини текширишаётган эди.

Хуллас, Пётр икки йил армияда хизмат қилишга мажбур бўлди. Қайтгач, ўқишни давом эттирди. Ҳатто бир гал имтиҳондан ўта олмай, курсда қолди ҳам. Институтни битиргач эса, Халқаро валюта-молия муносабатлари кафедрасида ишга қолди, сўнгра аспирантурада ўқигани Москвага жўнади. 1995 йили Санкт-Петербургда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди, аммо, кейинроқ ўзи менга айтишича, отасининг бундан хабари бўлмаган.

Пётр отаси билан аҳён-аҳёнда кўришарди, қондош сингиллари Гулнора ва Лола билан ҳам. Бир куни менинг ёнимда онаси унга: “Ўғлим, нега Алишерни Гулнора билан таништирмайсан, ахир синглинг-ку?” деганида, дўстим: “У менга ҳеч қанақа сингил эмас!” дея отасининг иккинчи турмушидан бўлган фарзандларга муносабатини очиқ билдирган эди. Татьяна Акбаровнани эса бирон марта эслаган эмас, унинг исмини тилга олишни ҳам ўзига раво кўрмаган, шекилли.

Пётр Москвада дастлаб Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Россиядаги вакили ўринбосари бўлиб, кейинроқ эса “Азия-траст” банкида ишлади. Уни яхши раҳбар дея олмайман, чунки бунинг учун зарур сифатларга эга эмас, қолаверса иш режими ҳам ғалати эди: пешиндан кейин соат 3 да ишга келар ва кечқурун 9-10 ларда қайтарди. Иш тартибини ўзига ўзи белгиларди, яъни. Бунақа ходим ҳеч кимга ёқмаслиги тайин. Лекин президентнинг ўғли бўлгани учун унга тоқат қилишарди. Мен қўшни бинода – элчихонада ишлардим, Пётрни элчихона ва махсус хизматлар кузатишини пайқаганман. Каримов ўғли бир фалокатни бошлашидан қўрқарди, чамаси.

Пётр онасини севар ва фақат у билангина самимий эди. Онасининг ўлими, афтидан, унинг иродасини букди ва устма-уст кўнгилсизликларга йўлиқа бошлади. Отаси қиё ҳам боққани йўқ, биринчи хотини ўлганидан сўнг ўғлига бўлган оз-моз меҳри ҳам тугади, шекилли.

Яна шуни айтишим мумкинки, Пётрнинг паспортига “ўзбек” деб ёзилган бўлса-да, ўзбек маданияти унга бегона, чунки онаси уни славян муҳитида тарбиялаган, ўзбек тили, маданияти ва одатларини билмайди, уларнинг уйида ўзбек турмуш тарзи атрибутлари – чопон ва дўппига сира кўзим тушмаган. Негадир, Ислом Каримовнинг иккинчи оиласида ҳам муҳит шунақа бўлган, деб ишонаман.

Ислом Каримовнинг қизлари ота томон қариндошлари билан мулоқотда бўлишмасди деярли. Жияни Жамшид Каримов “Гулнора бизни ҳатто амакивачча деб тан олмайди”, деганди. Самарқандлик қариндошларни ўзларига яқин йўлатишмаган бўлса-да, Татьяна Акбаровна фарзандларини ўз қариндошлари билан тез-тез учраштириб турган. Гулнора онасининг жияни, ҳозирда Доминиканада яшаётган Акбарали Абдуллаев билан яқинлиги бежиз эмас.

Озодлик: Марҳум Ислом Каримовнинг ўғли отаси тириклигида ҳеч қачон журналистлар билан гаплашмаган, ҳамиша панада бўлган. Ислом Каримовнинг фарзандлари иккита эмас, учта экани ҳақида расман илк бор биринчи президент ўлимидан сўнг – 2017 йилда ташкил қилинган Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий комплекс сайтида хабар қилинган эди. Нима деб ўйлайсиз, Пётр Каримов нега айнан бугун майдонга чиқишга қарор қилди, марҳум диктатор отасининг бевасини судга берди?

Алишер Таксанов: Ростдан ҳам, Ислом Каримовнинг таржимаи ҳолида у икки марта турмуш қургани қайд этилган бўлса-да, ўғли Пётр тилга олинмаган. Отаси оддий партия ходими ва совет номенклатурачиси эканида биров эътибор бермаган бўлса, Каримов мамлакат раҳбари ва “юртбоши” бўлганидан сўнг бунақа “фаромушлик” қилиниши тагида бошқа гап бор. Каримов буни ўз ўтмишидаги “қора доғ” билиб, эслашни хоҳламаган бўлса керак. Эҳтимол, хотини Татьяна Акбаровна йўл қўймагандир, ахир у эрининг биринчи оиласини ёқтирмаган-ку.

Ислом Каримовдан уч фарзанд қолгани ҳақида расмий хабар чиқиши – Пётрнинг мавжудлигини ортиқ яшириб бўлмай қолганини билдиради. Чунки интернетда бу ҳақда гапиришаётганди, тармоқда Пётрнинг мен эълон қилган ҳозирча ягона фотосуратлари пайдо бўлганди. Дарвоқе, Пётрнинг сурати бошқа дўстлари, танишлари ва қўни-қўшниларида ҳам борлигига ишончим комил, лекин улар негадир оммага кўрсатишни исташмаяпти. ОАВлар ва блогерлар эса Пётр ҳозирда 57 ёшда бўлса-да, унинг 21-35 ёшлардаги суратларидан фойдаланишини кўриб ҳайрон бўламан. Булар бари Пётр билан ҳеч ким жиддий қизиқмаганини англатади, боз устига унинг ўзи ҳам одамови эди. Аммо мана энди, отаси ўлганидан сўнг барибир “кўриниш бериши”га тўғри келяпти.

Лола билан Гулнора акасига меҳрибон деб ўйламайман, уларнинг болалари Пётр амакиси билан таниш эмас. Лола АҚШда шунча вақт яшаб бирон марта Пётрни меҳмонга чақирмаган. Татьяна Акбаровна билан эса мерос масаласида низо чиқди, пулдан қийналиб қолган Пётр Ислом Каримовнинг мол-мулкидаги улуши ҳисобига аҳволини ўнглаб олмоқчи. Дарвоқе, қонун бўйича бунга ҳаққи бор.

Татьяна Акбаровна ўгай ўғил даъвосини найзаю қалқон билан кутиб олгани бекорга эмас – Ислом Каримовнинг бутун мол-мулки оила ва давлатнинг сирлари ортига яширилган. Бу жуда катта сумма, зеро Каримов президент ўлароқ “яхши пул топган”: ойлиги, китоблари учун олган гонорарлари, парламент совғаси (ўнлаб миллион доллар турадиган қароргоҳ, квартира), қолаверса – коррупцион даромадлар... Жами бирон миллиардга бориб қолар. Пётр шулардан оз-моз фоиз олган тақдирида ҳам каттагина, эҳтимолки бир неча ўн миллион доллар пуллик бўлиб қолади.

Татьяна Акбаровна судда мероснинг ҳақиқий қийматини ошкор қилмоқчи эмас, Пётрга ҳам айтмайди, айтса – унинг ҳаққини тўлиқ беришига тўғри келиши мумкин. Бу томонда одамлар қизиқиб бошлайди, саволлар туғилади: Ислом Каримов 27 йилда бунча пулни қандай топган? Қанча солиқ тўлаган? Мол-мулкини декларация қилганми? Беваси ҳозир солиқ тўлаяптими? Қароргоҳ ва квартира таъмир харажатлари кимнинг ҳисобидан бўляпти? Ахир президентнинг ўзи бу нарсаларни бир умр сайловчилардан яшириб келган эди. Беваси ҳам элга овоза қилиш ниятида эмас.

Аммо Пётр жуда қайсар, тутган жойини кесадиган хилидан – охиригача боради. Йўқотадиган нарсаси йўқ. Болалигида пулга ёлчимади, камтарона яшади. 1980-йиллар охирида унинг квартирасидаги энг қиммат нарса – “Электроника ВМ16” видеомагнитофони эди. Ўз автомобили бўлишини орзу қиларди. Машинага ишқибоз эди, Москвада ишхонанинг “Волга”сида Шумахердай учирарди. У ҳозир ҳам бой эмас, банкда шунча йил ишлаб бирон қинғирликка аралашмаган. Қонундан ташқари ишларга қўл уришни хаёлига-да келтирмайди. Уни онаси Наталья Петровна шундай тарбиялаган.

"Телекомни Арипов назорат қилган". Гулнора Каримованинг пуллари "Такилант"га қайтариладими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:59 0:00

Озодлик: Татьяна Каримова суд мажлиси ёпиқ ўтказилишини сўраб илтимоснома киритди, суд ҳам уни қаноатлантирди. Сизнинг-ча, собиқ биринчи хоним нега маҳкама жамоатчилик назаридан панада ўтишини истаяпти? Балки эридан қолган мол-мулк кўламига доир маълумотлар ошкор бўлишидан қўрқадими?

Алишер Таксанов: Татьяна Акбаровна эрининг мол-давлати ҳақида гапиришга мажбур бўлиши шубҳасиз. Иш ҳақи, банк ҳисоблари, мол-мулклар ва уларнинг қийматига доир бир талай маълумотномалар керак бўлади. Балки ўзбек халқи бехабар офшор ҳисоблар ҳам ўртага чиқиб қолар. Буларнинг бари катта рақамни ҳосил қилади, гап миллиардлаб доллар устида бўлиши мумкин. Ахир Гулноранинг ўзидан 1,5 млрд доллар топилди-ку, Лола Тиллаева “Абу Сахий” учун олган пул ҳам кам эмас. Хўш, президент ўз қизларидан камбағалроқ бўлган деб ўйлайсизми? Ундан улкан мерос қолган, шу боис ҳам Гулнора Каримова ўз активларидан осонгина воз кечди. Чунки онаси Татьяна Каримова ўлганидан сўнг отасининг бор мол-мулки унга ўтади. Ва у барибир миллиардер аёл бўлиб қолади.

Президент Шавкат Мирзиёев “Дода”нинг активларига кўз олайтиролмайди, чунки уларни “фарғоналик каламуш” (президент Татьяна Акбаровна билан унинг синглиси Тамарани шундай атаганди) бошқармоқда, қолаверса ўртада келишув бор. Ҳозирда у битимга биноан Швейцария ва Франциядан қайтарилаётган пулларни қўлга киритиш билан банд, чунки бу пуллар сиёсий жанжал туфайли жамоатчиликка маълум бўлди. Қолган суммалар ҳозирча “кўздан панада”.

Татьяна Каримова суд фитнага айланиб кетишини истамайди. Катта эҳтимол билан суддан ташқари келишувга эришилади, Пётрга улуши берилади, мўмайгина пул, лекин бу чинакам одил ва мустақил суд орқали ундириши мумкин бўлган қонуний ҳаққидан анча кам бўлади барибир. Мен фақат бир нарсага ачинаман: Каримов мол-мулкининг асосий қисми бу коррупцион пуллар ва Пётр энди шулар ҳисобига яшайди, бу унга доғ солади.

Озодлик: Пётр Каримов мероснинг лоақал кичик бир қисмини олиш имкониятига эга деб ўйлайсизми?

Алишер Таксанов: Айтдим-ку, судда унга оз улуш беришади, чунки суд Ислом Каримовнинг мол-мулкларига доир барча маълумотлар очилишини талаб қилмайди, негаки бу “махфий” маълумотлар. Бироқ Татьяна Каримова шов-шув, жанжал бўлишини, одамлар уларни Интернетда ўзларича суд қилишини истамайди, шу боис Пётр билан суддан ташқарида келишиб олади. Судга эса “биз ўзаро келишиб олдик, низо тугади", дейишади. Вассалом.

Бева иш ими-жимида ҳал бўлишини маъқул кўради.

Озодлик: Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида ишлаган пайтларингизда ўша пайтда Ўзбекистон Миллий банкининг Россиядаги вакили бўлган Пётр билан гаплашганингизни ёзган эдингиз. У отасининг президентлик фаолияти, унинг сиёсати ҳақида гапирармиди ҳеч?

Алишер Таксанов: Пётр ўз отасининг сиёсати тўғрисида мен билан эмас, менинг отам билан суҳбатлашарди кўпроқ. Отам Фалсафа ва ҳуқуқ институтида ишларди. Иккови менсиз узоқ баҳс-мунозара қилишарди.

Мен у билан ташқи сиёсат ҳақида 1996 йили Москвада суҳбатлашганман. Пётр мени ҳайратда қолдириб, отасининг позициясини ёқлаган, яъни Ўзбекистон Россиядан масофаланиши керак, деб туриб олган эди. Ҳайратланганим сабаби шуки, Пётр ич-ичигача рус эди, Россияда яшашни хоҳларди. Мен ўз фикримни ҳимоя қилдим: Россия сиёсат ва иқтисодиётда катта эврилишлар бўлаётган, демократия йўлига кирган, сўз эркинлиги ва митинглар эркинлиги мавжуд, бозор иқтисодиёти куртак ёзаётган мамлакат. Ўзбекистон эса интернационал юришини тугатиб, боши берк кўчага кирди, Ислом Каримов ислоҳотчи эмас, шу боис мамлакатда турғунлик даври бошланди, дедим. Ислоҳотларда Россияга эргашиш кераклигини айтдим.

1990-йиллар ўрталарида менинг сиёсий маслагим шунақа эди. Кейинроқ мен ҳам Москвага бошқача кўз билан қарай бошладим. Бироқ Пётр ҳозир қанақа фикрдалигини, Россия-Украина урушини қандай баҳолашини билмайман. У билан охирги марта 2000 йилнинг ёзида кўришгандик. 23 йил ўтди, бу жуда катта вақт.

Форум

XS
SM
MD
LG