Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:14

Тазйиқларга қарамай, Навальнийнинг "экстремист" тамғаси босилаётган тарафдорлари идорани тарк этмаётир


Коррупцияга қарши кураш жамғармаси ишчилари идорани тарк этмаётир, 5 ноябрь, 2020
Коррупцияга қарши кураш жамғармаси ишчилари идорани тарк этмаётир, 5 ноябрь, 2020

Москва прокуратураси шаҳар судидан, Навальний асос солган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси ва минтақавий сиёсий идоралар тармоғини “экстремистик” деб топиш ва уларни тақиқлашни сўрамоқда.

Қамоқдаги мухолифат етакчиси Навальний ташкилотлари ишчилари ва кўнгиллилар учун бу уриниш кутилмаган ҳаракат эмас.

Зотан, Россия ҳукумати мамлакатдаги экстремизмга қарши мужмал қонунлардан сиёсий мақсадларда фойдаланиб келаётгани учун танқидга учраб келади.

Навальнийнинг Иркутск шаҳридаги идораси раҳбари Захар Сарапулов:

“Бошиданоқ... куни келиб бу структура “экстремистик” деб топилиши аён эди. Тахминан икки ой олдин йиғин ўтказдик. Биз бу масалани муҳокама қилдик ва яқин келажакда шундай қилишларини тахмин қилдик”, деди.

Навальнийнинг минтақавий ваколатхоналари тармоғи директори, ҳозирда таҳдидлар туфайли чет элда яшаётган Леонид Волков ҳам айни нарсани айтди:

“Мен рус классикасидан иқтибос келтираман: ‘Ёмон бўлишини билардим, аммо қанчалик тез содир бўлишини билмасдим’”, деди Волков.

"Идораларимизга янги ҳужумлар тўлқини бўлишини билардик. 2019 йилдаги йирик ҳужумда омон қолдик. Ўшанда барча жиҳозларимизни ўғирлаб кетишди, барча банк ҳисобларимиз музлатиб қўйилди ва ҳоказо. Улар бизни мослаша олмайди, деб ўйлашди, лекин биз буни уддаладик ва ўз ишимизни давом эттириш йўлларини топдик”, дея сўзини давом эттирди у.

Аммо Волков янги ҳужум “янада даҳшатли кўринади”, деди.

16 апрель куни Москва прокуратураси Москва шаҳар судидан Навальний томонидан асос солинган ташкилотлар – Коррупцияга қарши кураш жамғармаси ва Навальнийнинг минтақавий сиёсий идоралар тармоғини “экстремистик” деб топиш ва уларни тақиқлашни сўради.

Прокурорнинг талабига биноан 26 апрель куни ёпиқ суд мажлиси ўтказилиши эълон қилинди.

Россия ҳукумати мамлакатдаги экстремизмга қарши мужмал қонунлардан сиёсий мақсадларда фойдаланиб келаётгани учун танқидга учраб келади.

2019 йилда “19-модда” нодавлат ташкилоти “Экстремизмга қарши қонунлар тез-тез цензурани ва давлат назоратини кучайтириш учун ишлатилади: сиёсий мухолифат, журналистлар ва фуқаролик жамиятининг овозини ўчириш учун”, деб ёзган эди.

Агар Навальний ташкилотлари “экстремистик” деб топилса, уларнинг барча ходимлари ҳибсга олиниши ва 6 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бундан ташқари, бу ташкилотларнинг донорлари – хайр-эҳсон қилган ўн минглаб Россия фуқароси ҳам экстремизмни молиялаштиргани учун жавобгарликка тортилиши мумкин.

“Суд прокурорнинг талабини қондиришига шубҳа йўқ”, деди Сарапулов.

“Ўйлайманки, бу ердаги ҳар бир ходим нима қилиш кераклиги тўғрисида ўзи қарор чиқариши керак. Бошқалар учун гапира олмайман. Ўзим Навальний офиси “экстремистик” деб топилганидан кейин ҳам ишимни давом эттиришимни айта оламан. Албатта, биз ребрендинг ёрдамида хатарларни озайтиришга ҳаракат қиламиз. Аммо улар бизга бошқа юридик шахсни рўйхатдан ўтказишга имкон бермасликларини кутиш мумкин”.

Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди.

2 февраль куни Россия суди мухолифатчига нисбатан аввалроқ чиқарилган шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирди ва уни икки ярим йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди.

23 апрель куни Навальний соғлиғига путур етказиш учун атайлаб олиб борилаётган кампанияга қарши норозилик сифатида 31 мартда бошлаган очлик акциясини тугатишини айтди.

Навальний ташкилотлари экстремизм айбловларини рад этиб келади. Улар 19 сентябрга қадар ўтказилиши керак бўлган миллий қонунчилик сайловлари арафасида Кремль уларни сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилаётганига ишонадилар.

Сарапуловнинг айтишича, унинг жамоаси ёпиқ чат гуруҳини ташкил этган бўлиб, унинг бирорта аъзоси гуруҳдан чиқиб кетгани йўқ.

“Ҳеч ким чиқиб кетгани йўқ. Бирорта ҳам”, деди у.

XS
SM
MD
LG