Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:45

Толибоннинг "ҳалокатли канали". Ўзбекистон нега жим?


  • Толибон канали. Афғонистонда қарийб 300 километрлик Қўштепа канали қурилмоқда
  • Янги экологик фожиа? Канал Амударё сувининг учдан бирини олади. Ўзбекистон ва Туркманистонда кўплаб ҳудудлар сувсиз қолади.
  • Ўзбекча дипломатия. Ўзбекистон ҳукумати нега “хавфли канал” қурилишини қўлламоқда?

Тошкентдан Самарқандгача масофадаги узунликка тенг канал

2001 йилдан бери Афғонистонда АҚШ қўллаб-қувватлаган ҳукуматга қарши урушган Исломий фундаменталист гуруҳ бўлмиш Толибон 2021 йилда ҳокимиятга қайтди.

Кўплаб Ғарб давлатлари, жумладан АҚШ, Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналарини Толибон ҳокимиятга келганидан кейин ёпди. Улар Афғонистон Ислом Амирлиги деб аталмиш Толибон ҳукуматини тан олиш ва у билан дипломатик алоқалар ўрнатишдан бош тортди.

Дунё ҳамжамияти томонидан тан олинмаган Толибон ҳукумати 2022 йилнинг 31 март куни ўзбошимчалик билан Қўштепа каналини қазишга киришди. Амударё сувига қарам бўлган қўшнилари Ўзбекистон ва Туркманистон билан маслаҳатлашилмади.

“Толибон халққа яхши кўриниш учун ушбу лойиҳани йўлга қўйди", дейди Афғонистоннинг собиқ Меҳнат вазири Башир Аҳмад Таянч.

Уч босқичдан иборат бу лойиҳа 5 йилга мўлжалланган.

Қўштепа канали:

Узунлиги-285 км

Эни -100 м

Чуқурлиги-8,5 м

Катта канал қурилишини Толибон ўз пропагандаси учун байроқ қилиб олди. Қиёс учун, канал узунлиги қарийб Тошкентдан Самарқандгача бўлган масофага тенг.

Канал қуриб битказилгач, Афғонистон Амударёнинг 10 куб/ километр сувини олиш имконига эга бўлади. Бу камида Амударё сувининг учдан бир қисми деганидир.

Таққослаш учун қуйидаги рақамларга эътибор қилинг:

Амударёнинг ўртача йиллик оқими - 79 куб/км

Сув оз бўлган йилларда:

2000- 41.7 куб/км

2008- 34.9 куб/км

2012- 45.4 куб/км

Қўштепа канали Амударёнинг Балх вилояти Калдар туманидан ўтган қисмидан бошланади. Амударёнинг бу томонида Сурхондарёнинг Термиз тумани жойлашган.

Толибон режасига кўра, канал Афғонистон шимолидаги учта вилоятни сув билан таъминлаши лозим, яъни канал Балхда бошланиб, Жузжон орқали Фарёб вилоятининг Анхўй туманига қадар қазилади.

Канал қурилиши уч босқичдан иборат. Ҳозирча деярли тугаган биринчи босқичда каналнинг 108 километри қазиб бўлинди ва уни фазодан ҳам кўриш мумин.

Иккинчи ва учинчи босқичда қўшимча 177 километр қазилади ва Амударёга уланади.

Мутахассислар Афғонистонда замонавий қурилиш техникалари йўқлиги ва

асосий меҳнат малакасиз ишчилар томонидан амалга оширилаётгани сабаб бу каби йирик канални қисқа муддатда қуриб битказиш имконсиз эканлигини тахмин қилишган. Бироқ Афғонистондан олинган маълумотга қараганда, канал қурилиши жуда жадаллик билан кетмоқда. Толибон хабарига кўра, канал қурилишида қарийб 6000га яқин одам кечаю кундуз ишламоқда, 3300 дан ортиқ бурғилаш техникасидан фойдаланилмоқда, 200 дан ортиқ маҳаллий компаниялар субпудратчи сифатида ишламоқда.

Қўштепа каналининг биринчи қисми муддатидан аввал ишга тушиши кутилмоқда. Канал қурилишига оид тафсилотлардан хабардор Кобулдаги Озодлик манбасига кўра, аллақачон каналнинг 70 фоиз қисми қуриб битказилган ва 2-3 ойдан сўнг иккинчи босқич қурилиши бошланиши мумкин.

Толибон томони маълумотича, канал лойиҳаси аввалдан бўлган, бироқ Афғонистондаги уруш ва беқарорлик туфайли уни амалга ошириш кечиктириб келинган.

Афғонистондаги узоқ йиллик урушлар сабаб сув тизими ишдан чиққан. Ўтган асрнинг 70-йилларида Афғонистонда 3,5 млн гектар ерда деҳқончилик қилинган бўлса, ҳозирга келиб, бу рақам 1,5 млн гектарга камайган. Шу боис суғориш тизимини йўлга қўйиб, яроқсиз ерларни ўзлаштириш Афғонистон учун муҳим аҳамият касб этади.

Лойиҳа қиймати 684 миллион доллар экани айтилмоқда. Бироқ маблағ билан боғлиқ маълумотлар шаффоф эмас.

Толибон канал қурилиши давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётганини таъкидламоқда. Аммо Толибон ҳукуматининг молиявий салоҳияти бунга қодирлигига шубҳалар бор.

Толибон Қўштепа канали қурилиши натижасида 550 минг гектар чўл ҳудудини ўзлаштиришни режалаган. Бироқ Қўштепа каналининг катта қисми Қорақум чўли ҳудудига тўғри келади. Қумли ҳудудда сувнинг катта қисми йўқолиш хавфи мавжуд. Мутахассислар канал тупроғи ўзанидан кўчиши, шўрланиш циклига таъсир кучайиши каби омилларидан ташқари ҳали суғориш тармоқлари, тақсимлаш-ўлчаш иншоотлари йўқлиги сабаб каналнинг фойдалилик коэффициенти паст бўлишини таъкидлашмоқда. Шунингдек, канал қурилиши сифатига оид хавотирлар ҳам мавжуд.

The Economist мақоласида каналда сувни тежаш учун изоляция қатлами йўқлигидан хавотир билдирилган. Бундай ҳолда сувнинг катта қисми қумли тупроққа сингиб кетиши туфайли йўқолади. Шунингдек, Толибон мураккаб муҳандислик ишларини, жумладан, сув ўтказгичлар ва кўприклар қурилишини уддалай олишига шубҳа билдирилмоқда.

Амударё Марказий Осиёдаги энг серсув дарё бўлиб, узунлиги 2540 км, майдони 309 минг км2.

Афғонистон ҳозиргача Амударё ҳавзасидан 7 км³ сув олиб келган. Канал қурилгач, Толибон Амударёдан 10 км³ сув олишни режалаштирмоқда. Бундан кўринадики, Ўзбекистонга борадиган сув ҳажми камида 10 фоиздан 15 фоизга қисқаради.


Мутахассисларга кўра, канал ишга тушгач Тожикистонга бирор салбий таъсири сезилмаслиги мумкин, боиси канал Амударёнинг Ўзбекистон ҳудудига ўтган қисмида қурилмоқда.

Global village espace нашрига кўра, Қўштепа канали ишга тушгач, Ўзбекистон сув тақчиллигини яққол сезади. Хоразм, Бухоро, Сурхондарё ва Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикасида сув тақчиллиги кучайиши мумкин.

“Иқлим ўзгариши Ўзбекистонни 15% сув йўқотишига олиб келди, агар Қўштепа канали қурилса яна 10%, умумий ҳисобда Ўзбекистон 25% сув йўқотади”, дея ёзди Global village espace.

Яширилаётган келишув

Каримов даврида Афғон ҳукумати учун амалга ошириш имконсиз бўлган бу лойиҳага Мирзиёев ҳукумати жиддий эътибор қарата оляптими?

Қўштепа канали билан боғлиқ масалани Ўзбекистон президенти Шавкат

Мирзиёев 2022 йилнинг 20 декабридаги мурожаатномасида илк бор тилга олган эди:

“Мамлакатимиз сўнгги 3 йилда қурғоқчиликни бошдан кечирди. Бунинг таъсири, айниқса, Амударёнинг қуйи ҳавзасидаги ҳудудларимизда яққол сезилди. Шу ўринда Амударё ўзанида янги канал қурилиши бўйича қўшни Афғонистоннинг муваққат ҳукумати ҳамда жаҳон ҳамжамияти билан бирга халқаро меъёрлар асосида ва минтақанинг барча давлатлари манфаатларини инобатга олиш юзасидан амалий мулоқотлар олиб бориш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бундай ёндашув қўшниларимиз томонидан ҳам қўллаб-қувватланишига ишонамиз”.

Мирзиёевнинг бу чиқишидан кейин ўтган уч ойда Ўзбекистон расмийлари Толибон ҳукумати вакиллари билан бир неча бор учрашди. Бироқ расмий хабарларда Қўштепа канали масаласи бўйича муҳокама бўлгани тилга олинмади.

Жумладан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Aбдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 22 мартда Кобул шаҳрида Толибон расмийлари билан учрашди.

Ўзбекистон расмий матбуотида учрашув ҳақида берилган хабарларда Қўштепа канали мавзуси ҳақида бирор маълумот берилмади.

Лекин Толибон томони бу учрашувда Қўштепа канали мавзуси ҳам муҳокама қилинганини хабар қилди. Аён бўлишича Ўзбекистон томони канал қурилишини тўхтатишни эмас, балки бу борада Толибонга ёрдам беришни таклиф қилган.


Ўзбекистон делегацияси билан учрашган Толибон ҳукумати бош вазирининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар Твиттер саҳифасида ёзишича, музокаралар чоғида Ўзбекистон томони “Қўштепа каналини қуриш бўйича техник ҳамкорликка тайёр эканини билдирган”.

Твит хабардан маълум бўлишича, Бародар ҳам “Афғонистон Амударёдан сув оладиган Қўштепа каналини Ўзбекистон билан ҳамжиҳат бўлиб барпо этишга ҳозирлиги”ни айтган.

Бироқ Бародар ўз хабарида Ўзбекистон томони техник ҳамкорлик деганда нимани назарда тутганига ойдинлик киритмаган.

Озодлик ушбу учрашувда иштирок этган Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев билан боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ вазирликдан “Ҳамроев бу масалада гапириш ҳуқуқига эга эмас” деган жавобни олди.

Толибон шакллантирилган ҳукумат шу кунгача халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган эмас. Ўзбекистон Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келаётган жаҳондаги бармоқ билан санарли давлатлардан биридир.

23 март куни Нью Йоркда ўтган БМТнинг сув ресурслари бўйича анжуманида ҳам Қўштепа канали мавзуси тилга олинмади. Тадбирда сув масаласига умуман алоқаси бўлмаган президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева Ўзбекистонни тамсил қилди. Мирзиёева юксак минбарда ирод қилган нутқида Орол денгизи ва Амударё тақдирига бевосита алоқадор бўлган Қўштепа канали ҳақида лом-лим демади. Ваҳоланки, Орол денгизи фожиасига ҳам Амударё сувидан режасиз фойдаланиш сабаб бўлган.

"Ҳалокатли канал"

Таҳлилчиларга кўра, шундоғам кун сайин сув тақчиллиги, қурғоқчилик ва чўлланиш каби муаммолар гирдобига кириб кетаётган Ўзбекистон учун Қўштепа канали ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.

“Амударё суви пасайган бир пайтда афғонлар сувнинг тўртдан бир қисмини олиб қўйяпти. Ўзбекистон ҳукумати масалани ҳал қилиш ўрнига Толибонни Самарқандга олиб келиб, тўн кийдирмоқда, совға-салом билан сийламоқда. Ўзбекистон ҳукумати Афғонистонга қуллуқ қилиб туришибди. Бу канал миллий манфаатларимизга таҳдид бўлиши мумкин. Сув муаммоси сабаб нафақат ҳозирги авлод балки келгуси авлод тақдири ҳам хавф остида қолиши мумкин”, дейди профессор Хидирназар Аллақулов.

Экспертларга кўра, Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган Туркманистон ҳам

Қўштепа канали лойиҳасининг салбий оқибатларига дучор бўлиши мумкин. Канал тўла ишга тушгач, Туркманистоннинг айрим вилоятларида сув тақчиллиги кучайиши мумкин.

Амударё сув тақсимлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон 2022 йили жами 44.2 млрд. куб метр Амударё сувидан фойдаланган. Сув олишнинг катта улуши Туркманистонга тўғри келган. Амударё туркманлар сув эҳтиёжининг 90% ини қоплайди.

Толибон cувдан сиёсий ричаг сифатида фойдаланилаётгани ҳақида ҳам тахминлар йўқ эмас. Бироқ таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон ёки минтақадаги бошқа бирор давлат Қўштепа канали қурилишига вето қўя олмайди. Чунки ҳеч бир давлат Толибон билан зиддиятга боришни истамайди.

Айни пайтда Толибон ҳукумати қўшниларини Қўштепа канали бўйича хавотирга тушмасликка чақирган.

"Биз бошқа халқлардан бир томчи ҳам сув олмаймиз, чунки бунга муҳтож эмасмиз ва олишни ҳам хоҳламаймиз. Шундай экан, ҳеч бир давлат бундан хавотирга тушмасин. Ўзбекистон билан яхши ва дўстона муносабатларга эгамиз. Улар Афғонистоннинг оёққа туриши ва ривожланишини қўллаб-қувватламоқда ва бу соҳада биз билан ҳамкорлик қилмоқда”, деди Толибон ҳукумати матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳид.

Афғонистон Амударёнинг юқори оқимида жойлашганига қарамай, можаролар туфайли сув ресурсларидан йиллар давомида фойдалана олмаган. Қўшни давлатлар ҳам Амударёни бошқаришда Афғонистон билан ҳисоблашмаган.

Трансчегаравий дарёлар сувларидан фойдаланишда халқаро ҳуқуқий нормаларга амал қилиш, қўшни давлатлар манфаатларини инобатга олган ҳолда ўзаро келишиш лозим.

Бироқ ҳозирда Афғонистон трансчегаравий дарёлар сувидан фойдаланиш бўйича на минтақавий ва на ҳалқаро келишувларга қўшилган. Айрим экспертлар Толибон БМТнинг Трансчегаравий сув оқимларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияга қўшилиши лозим деб ҳисобламоқда. Аммо Толибон ҳукумати бунга ҳаракат қилгани борасида ҳам бирорта маълумот йўқ. Ўзбекистон ушбу конвенцияга 2007 йил 9 августида қўшилган.

Марказий Осиёда сув муносабатлари ҳуқуқий жиҳатдан 5 та давлат ўртасида

1992 йилда Олмаотада қабул қилинган “Давлатлараро манбаларнинг сув ресурсларидан биргаликда фойдаланишни бошқариш ва қўриқлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида”ги келишув билан тартибга солинади. Афғонистон бу келишувга ҳам қўшилмаган.

Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссия ўрнатган лимитга кўра, жорий йилда Амударё ҳавзасидан олинадиган сув миқдори 55,4 миллиард куб метрни ташкил этади.

Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиянинг навбатдаги йиғилиши 2023 йил апрел ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтади. Бу йиғилишга Афғонистон таклиф қилинганми ёки йўқ, буниси ҳозирча номаълум.

Марказий Осиё давлатлари тинчлигининг асосий гарови сув масаласи экани маълум. Сув можароси миллатлараро низоларга сабаб бўлиши мумкин.

2020 йил, 31 май куни Фарғона вилоят Сўх туманининг Боткен вилоят, Қадамжой туманига туташ Чашма қишлоғида сув устида жанжал чиққан эди. Жанжал оқибатида икки томондан 200дан зиёд одам жароҳатланиб, касалхонага ётқизилган.

Сўх тўқнашувидан 1 йил ўтиб: баҳсли булоқ ва сукутга чўмган сўхликлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:47 0:00

Сув муаммоси низоларга сабаб бўлиши мумкин

The Economist прогнозига кўра, агар Қўштепа канали қуриб бизказилса, сув борасидаги кескинлик кучайиб шундоқ ҳам мураккаб муносабатлар янада ёмонлашиши ва минтақавий можароларга сабаб бўлиши мумкин.

Толибон ҳукумати Қўштепа канали қурилиши билан чекланмоқчи эмас. Панж дарёсига ГЭС қуриш режаси ҳам эълон қилинган. Таҳлилчиларга кўра, бу ҳаракатлар билан Толибон шимолий трансчегаравий дарёлардаги сувнинг асосий қисмини тортиб олишга уринмоқда.

Толибон қаздираётган каналнинг бу томонида жойлашган Сурхондарёда йиллардан бери сув тақчиллиги кузатиб келинмоқда. Сурхон деҳқонлари Толибон канали қурилгач, вазиятлари янада мушкуллашидан хавотирда.

Сурхондарёнинг Олтинсой тумани Обшир маҳалласида яшовчи 55 яшар Зайниддин Хўжаёров 5 йил давомида фермерлик билан шуғулланиб, узум етиштириб келган. Бироқ сув танқислиги сабаб у ўтган йили банкрот бўлган.

Сув йўқлиги Хўжаёровнинг 5 гектар ердаги узуми қуриб қолишига сабаб бўлган. Унинг ҳисоб-китобича, 2022 йилда 40 миллион сўмга яқин зарар кўрган.

Ўтган йили фермер хўжалигини топшириб юборган Хўжаёров бу йил кластерда ишчи бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда сув танқислиги сабаб қилган ҳаражатига куйиб қолаётган фермерлар оз эмас. Айниқса, экологик ҳалокат ҳудуди ҳисобланган Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги вазият Сурхондарёдан анча аянчли. Амударё қуйи қисмида жойлашган бу ҳудудлар қурғоқчилик ортидан шўрланиш ва чўлланишга юз тутган.

Агар Амударё суви янада камаядиган бўлса, бу ҳудудларда ҳалокатли фожиа келиб чиқиши мумкин.

Мутахассисларга кўра, Қўштепа канали Амударё портлари тақдирини ҳам хавф остига қўйиши мумкин. Амударёдаги энг катта порт бўлган Термиз бандаргоҳи йилига 2 млн. тоннадан ортиқ юкни қабул қилиш — жўнатиш қувватига эга. Янги канал қурилиши Амударё суви камайишига сабаб бўлган тақдирда, бу порт фаолияти тўхташи мумкин. Шу боис бизнеси Амударё портлари билан боғлиқ бир гуруҳ ўзбек тадбиркорлари Қўштепа канали оқибатларидан хавотир билдириб, Амударёнинг халқаро статусини аниқлашни талаб қилиб чиқишган.

Озодлик қўлга киритган ҳужжатга кўра, Ўзбекистон сув, транспорт ва ташқи ишлар вазирликлари маҳаллий ва ҳалқаро ташкилотлар билан биргаликда Афғонистонга Амударёдан сув олиш лимити ўрнатиш ва дарёнинг халқаро мақомини аниқлаш масаласини ўрганмоқда. Ҳужжат жорий йилнинг 25 март куни имзоланган.

Форум

Алоқадор

XS
SM
MD
LG