Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:27

“Тошкентда бирорта бекорчи қолмайди”. Ортиқхўжаев ёшларга иш ва бизнесдан мастер-класс ўтди


Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзларидан ёшларни иш билан таъминлаш хусусий ширкатлар зиммасига юклатилишини англаш мумкин
Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзларидан ёшларни иш билан таъминлаш хусусий ширкатлар зиммасига юклатилишини англаш мумкин

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шу йилнинг сентябр ойигача шаҳарда ёшлар орасидаги ишсизлик муаммосига барҳам беришни ваъда қилди.

31 март куни ёшлар билан учрашуви чоғида Ортиқхўжаев бунга хусусий сектор ёрдами билан эришишни режалаётганини маълум қилди.

“Тошкентда 87 мингдан ортиқ ширкат мавжуд. Ўзини ушлаб олган фирмалар, биттадан қўшиб берамиз, 87 минг одамни иш билан таъминлашга эга бўламиз”, - деди ҳоким.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевга кўра, пойтахт Тошкентда 23 минг нафар ёшлар ишсиз.

“Йил бошида 27 минг эди, сентябр ойига қадар борорта ишсиз қолмайди”, - деди Ортиқхўжаев.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига қаралса, ўтган йилнинг иккинчи чорагида Тошкентда ишсизлик 7,8 фоизни ташкил этган.

Расман қайд этилмаган ишсизлар сони эса бундан анча кўплиги тахмин қилинади. Ҳоким ёшлар деганда 18-30 ёш оралиғидаги қатламни назарда тутяпти.
Тошкентда қарийб 3 миллион аҳоли яшаши инобатга олинса, 23 минг ишсиз пойтахт учун кўп эмас.

“Ёлғон ҳам эви билан”

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Тошкент ҳокими келтирган рақамларни савол остига олди.

“Жаҳонгир ака Россияда ишлаётганларни ҳам ҳисобга олдиларми? Ёлғон ҳам эви билан. Бизни маҳаллага келинг, ҳамма ишсиз, ҳаммаси ёшлар. Сентябрь ойига қадар ҳаммаси ишлик бўладими, кўрамиз. Лекин энг ривожланган Америка президентлари ҳам ишсизликни буткул тугатаман деб айтмаган”, - деб ёзди Рустам Қаюмов исмли Фейсбук фойдаланувчиси.

Ўзбекистонда жорий йил бошидан "Ҳар бир тадбиркор-ёшларга мададкор" умумхалқ ҳаракати эълон қилинган.

Унга мувофиқ, ёши 18-30 оралиғида бўлган ишсиз қатламни иш билан таъминлаш тадбиркорлар зиммасига юклатилади.

Бунинг эвазига тадбиркорларга имтиёзлар ваъда қилинмоқда.

Озодлик суҳбатлашган хусусий бизнес эгалари пандемия боис қийин аҳволга тушиб қолганликларига қарамасдан 18-30 оралиғидаги ёшларни иш билан таъминлашга мажбурланаётганликларини айтишганди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзларидан ёшларни иш билан таъминлаш хусусий ширкатлар зиммасига юкланиши аён бўлмоқда.

Битта компанияга биттадан одамни жалб қилиш. Битта ўғил ёки қизни қўшиб берсак, ҳунар ўргансин, деб берсак 87 минг ёш ишли бўляпти. Бу катта рақам. Аммо ёшларимизни ўзлари ҳам хоҳлашиш керак. Муаммо шундаки, Тошкентни ёшлари Қашқадарё ёки Сурхондарёни ёшларидан тубдан фарқ қилади. 300 хил, 400 хил ишлар мавжуд бўлса аксарият ёшлар 10 хил 15 хил ишга ўзларини ташлаётгани муаммо бизда. Аксарият ёшлар IT ёки банкка ташлаяпти ўзини.

Лекин оддий кранчи уч баравар катта ойлик олади. Банкир ёки IT мутахассисидан уч баравар катта ойлик оляпти. Медбрат дейди, уч ойда мутахассисликни ўзлаштириб, хусусий клиникаларда врачлардан катта ойлик олади. Банкга, IT соҳаларга ёпишмасдан бошқа соҳаларга ҳам ёпишса, яхши имкониятлар бор”, - дейди Ортиқхўжаев.

“Кредит олма! Олти ой арендангни ўзим тўлайман”

Тошкент шаҳар ҳокими ёшлар билан учрашувда тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлганларга банкдан кредит олмасликни тавсия қилди.

Ҳоким “озгина” сармояси борларга тадбиркорлик учун арендага жой олишни, 6 ойлик ижара ҳақини ўзи тўлаб беришини айтди.

“Бутун дунёда тадбиркорни ўзини жойи йўқ. Арендада ўтиради. Арендага жой олинг, биз топиб берайлик. Энг яхшиси аренда. Олти ойлигини тўлаб берамиз.

Кредит яхши нарса эмас. Чўктириб қўяди. Кредитни минг ўйлаб олинглар. Ёшлигингда синсанглар ўнглаб бўлмайди.

Кредит ҳам бердик, куйиб қолиб оғир аҳволга тушиб қолди. Мен бирорта ёшни иш бошламасидан оғир аҳволга тушишини истамайман”, - деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

“Ундан кўра бировни дўконини бузмасин!”

Тошкент ҳокимининг бу гапи ҳам тормоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

“Арендатор ҳам ўзлари бўлмоқчими дейман, қуриб қўйган магазинларни, офисларни олти ой тўлаб бераман, деб илинтириб олмоқчими? Қийналган яна оддий халқ бўляпти. Ундан кўра бировни магазинини бузмасин, растасига тегмасин. Тадбиркорни ўз холига қўйсин, тадбиркор ўзи билади нима қилишни, арендага оладими ёки қурадими”, - дейди Ҳасанбой исмли Фэйсбук фойдаланувчи.

“Ижарага жой берувчилар жуда қиммат нарх қўйяпти. Оддий мисол бозордаги дўконларга камида 2000 $ сўрашяпти. Савдо қилувчилар фақат ижарачини чўнтагига ишлаяпти. Оддий тикув цехи очсангиз 1000$ сўраяпти. Майли жой уники, лекин хокимиятга жой сўраб борсангиз 2019 йилдан бери жой, яъни ер берилиши тўхтатилган дейди. Ўзингиз жой топар экансизда, улар аукцион қилиб беришаркан”, - деб ёзди Музаффар исмли тошкентлик тадбиркор.

Музаффарбек Абдужабборов исмли фойдаланувчи эса: “Кечирасизларку, лекин янги тадбиркор қаердан маблаг олади? Қайси пулига бизнес қилади? Ойлигидан жамғаришни иложи йўқ, айниқса Тошкентда. Шунчалик ақлли бўлса, фоизсиз бер кредитни, тилла ва газ ҳисобидан. Аҳир табиий бойликлар халққа хам тегишлику!”, - дея изоҳ қолдирган.

Тошкент ҳокимининг баёноти камбағал оилалар кредитга мол, қўй олиб қарз ботқоғига ботаётгани ҳақида хабарлар кўпайган паллада янгради.

Ўзбекистонда шу кунларда “темир дафтар”га киритилган кам таъминланган оилаларга имтиёзли кредит ҳисобидан сигир, қўй, эчки, қуён ва товуқ берилмоқда.

Кредит ҳисобига берилаётган чорва ҳайвонлари баъзи вилоятларда бозор нархидан икки баробар юқори нархда расмийлаштирилмоқда.

Оқибатда камбағал оилалар қарз ботқоғига ботаётгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG