Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:11

"Бунёдкор"га ҳомийлик "Ўзбекнефтгаз"га юклатилди, стадионни Ортиқхўжаев молиялаштиради


Клуб базаси ҳисобланган “Бунёдкор” стадионини Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев оталиққа олган
Клуб базаси ҳисобланган “Бунёдкор” стадионини Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев оталиққа олган

Банкротлик ёқасида қолган “Бунёдкор” клубига ҳомийлик қилиш “Ўзбекнефтгаз” ширкати зиммасига юклатилди.

Айни ширкат раиси Меҳриддин Абдуллаев клубнинг президенти этиб тайинланди.

Клуб базаси ҳисобланган “Бунёдкор” стадионини эса, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев оталиққа олмоқда.

Яқин-яқинларгача Ўзбекистоннинг энг бой ва кучли футбол жамоаси сифатида кўрилган “Бунёдкор” клуби асосий ҳомийси бўлган “Ўзтрансгаз”дан пул келиши тўхтаб қолгани ортидан молиявий аҳволи оғирлашган.

Молиявий муаммолар боис клуб мураббий¸ футболчилар ва техник ходимларга ойлик маошларини тўлолмай қолгани айтилганди.

“Бунёдкор” клубининг янги ҳомийси “Ўзбекнефтгаз” ширкати раиси ва айни пайтда клуб президенти Меҳриддин Абдуллаев 3 март куни футбол жамоаси билан учрашди.

Шу куни жамоага Шуҳрат Мақсудов бош мураббий этиб тайинланган.

"Бунёдкор"нинг янги президенти Меҳриддин Абдуллаев клуб аъзолари билан учрашди.
"Бунёдкор"нинг янги президенти Меҳриддин Абдуллаев клуб аъзолари билан учрашди.

“Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати раҳбари Сиёвуш Ҳошимовнинг Озодликка айтишича, “Бунёдкор” клубини оёққа турғизиш учун ширкат 2021 йилда 25 миллиард сўм ажратишни режаламоқда.

“Биринчи навбатда, футболчиларнинг ойлигини ўз вақтида бериш ва болалар спортига эътибор қаратилади. Футболчиларни рағбатлантириш ғалабага қараб белгилаб борилади”, - деди Ҳошимов.

Ўн йил олдин дунёнинг энг қиммат мураббийси¸ бразилиялик Луиз Фелипе Сколари ва унинг ватандоши бўлган моҳир ҳужумчи Ривальдоларни ўнлаб миллион долларлик контрактлар эвазига ёллаган “Бунёдкор” клуби икки йил аввал футболчиларга ойликларини ҳам тўлолмай қолган.

Бунга клубнинг асосий ҳомийси бўлган “Ўзтрансгаз”дан пул келиши тўхтаб қолгани сабаб қилиб кўрсатилади.

“Пулларнинг турли мақсадларда ишлатилмаслиги учун ҳаракат бошланди. Легионерларга келсак, ҳозирча мавжудлари билан ишлаб турилади, лекин номдор ва қимматбаҳо лигеонерларни олиб келиш ҳозирча режада йўқ. Олдингидай катта пуллар сарф қилинмайди”, - дейди “Бунёдкор”нинг янги ҳомийси “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати бошлиғи Сиёвуш Ҳошимов.

Бундан олдин ижтимоий тармоқларда “Бунёдкор” клуби Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳомийлигига ўтказилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Озодлик бу хабарлар юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматидан изоҳ ололмади.

"Бунёдкор" стадиони олдидаги чайқовчилар бозори.
"Бунёдкор" стадиони олдидаги чайқовчилар бозори.

"Стадионнинг чимигача “Ўзбекнефтгаз” ҳисобидан қопланади"

Сиёвуш Ҳакимовга кўра, "Бунёдкор" клубини “Ўзбекнефтгаз” тўлалигича ўз ҳомийлигига олган.

“Тошкент ҳокимлиги стадионда кўнгилочар тадбирлар ўтказиш орқали пул келишини таъминлайди. Лекин стадионни ушлаб туриш ҳомий зиммасида бўлади. Стадионнинг чими, уни тозаловчи фаррош ва бошқа касб эгаларининг ойлиги барчаси “Ўзбекнефтгаз” ҳисобидан қопланади”, - деди Ҳошимов.

Ўзбекистоннинг нефт ва газ соҳаси монополисти бўлган "Ўзбекнефтгаз" истеъмолчилар томонидан нархларни асоссиз равишда кўтаришда айбланиб келади. Ўтган йил мартида ширкатнинг АИ-92 маркали бензин нархини 6200 сўмдан 6000 сўмга тушириб, аксар аҳолига сотиладиган АИ-80 бензини нархини туширмагани эътирозларга сабаб бўлган. "Ўзбекнефтгаз" жаҳонда нефть нархи кескин тушиб кетган пандемия даврида нархларни туширмагани учун танқид қилинган.

Озодлик "Ўзбекнефтгаз" вакилларидан "Бунёдкор"га ҳомийлик, алалоқибат аҳоли зиммасига тушмайдими?

"Йўқ, тушмайди, бу аниқ. Ўзбекнефтгаз АЖ Ўзбекистоннинг нефт ва газ соҳаси монополисти эмас. Сабаби, Ўзбекистонда биздан бошқалар ҳам нефт ва газ қазиб чиқарадику.

Кейин, "Ўзбекнефтгаз" жаҳонда нефть нархи кескин тушиб кетган пандемия даврида нархларни туширмагани учун танқид қилинган. Бензин нархини биржа белгилаши ўтган йил 1 мартидан Президент қарори билан белгилаб берилганку ака биз нархни белгиламаймизку", деб жавоб берди ширкат матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов.

Футбол ишқибозлари. Бунёдкор стадиони.
Футбол ишқибозлари. Бунёдкор стадиони.

Клублар хусусийлаштирилмаса футбол ривожланмайди

Ўзбекистонлик футбол журналисти Сарвар Абдуллаев футбол клублари қачонки хусусий бўлса ривожланади, деган фикрда.

“Кеча ҳомий “Ўзтрансгаз” эди, бугун “Ўзбекнефтгаз”. Бу компания “Бунёдкор”ни қанча вақтгача тортар экан кўрамиз. Лекин, футбол клублари ҳусусийлаштирилмаса, ривожланмайди", -дейди шарҳловчи.

Унинг сўзларига кўра, бу клубни сен ҳомийликка оласан, стадионини сен оталиққа оласан, деб футболни ривожлантириб бўлмайди.

"Ҳомий бугун пул бериши, эртага бермай қўйиши мумкин, чунки бизда чет давлатларидаги каби ҳомийликдан фойда кўрилмайди. Футбол клубларининг ўзи фойда кўриши ва шу фойдадан ўзини ўзи таъминлаши керак. Чет давлатларда реклама эвазига ёки трансляция эвазига футбол катта фойда келтиради, афсуски бизда ундай эмас, - дейди журналист.

“Бунёдкор” нинг "олтин даври" саналган 2000-йилларда унинг ортида мамлакатдаги аксар даромадли бизнесни ўз қўлига олган қудратли Zeromax компанияси ва Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова тургани айтилади.

2010 йилда Zeromax касодга учрагани эълон қилинди ва унга тегишли барча мол-мулк ҳибс қилинди.

Шундан сўнг“Бунёдкор” клубини молиялаш “Ўзтрансгаз” зиммасига юклатилганди.

Ўзбекистон суперлигасида тўп сураётган "Бунёдкор" 2020 йилги мавсумни 43 очко тўплаб, 14 жамоа орасида 4-ўрин билан якунлади.

Озодлик "Бунёдкор" клуби ҳомийларинин ўзгариши борасида Ўзбекистон футбол ассоциациясидан изоҳ ололмади.

Ўзбекистонда спорт, айниқса, футбол куч тизимлари назоратида бўлиб келган. Кучишлатар тизимларнинг соҳага раҳбарлик ва кураторлик қилиши мустақиллик йилларида шаклланган анъана.

Ўз вақтида ЎФАга (бунга қадар ЎФФ - Ўзбекистон футбол федерацияси) собиқ ички ишлар вазири Зокиржон Алматов узоқ йиллар раҳбарлик қилган.

2019 йил июлидан буён эса ЎФАни Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов бошқариб келади.

XS
SM
MD
LG