Линклар

Шошилинч хабар
19 феврал 2025, Тошкент вақти: 07:29

"Мен уйимда ўлишни истайман." Фаластинликлар Трампнинг Ғазо режаси ҳақида


Ғазо бўлгаси. 15 май, 2024 йил. Иллюстратив сурат
Ғазо бўлгаси. 15 май, 2024 йил. Иллюстратив сурат

Саид Абу Элайшнинг рафиқаси, икки қизи ва катта оиласидан йигирма киши сўнгги 15 ой ичида Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида ҳалок бўлди. Унинг Ғазо шимолидаги уйи вайрон бўлган. Ҳозир у омон қолган оиласи билан уйи харобалари устига ўрнатилган чодирда яшамоқда.

Аммо у президент Доналд Трамп Қўшма Штатлар Ғазони эгаллаши ва уни бошқалар учун қайта қуриш мақсадида барча фаластинликларни Ғазодан кўчиришга чақирганидан кейин ҳам бу ердан кетмаслигини айтмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари Трампнинг сўзлари "этник тозалаш" ва мажбурий кўчиришга чақириқ билан баробар эканлигини таъкидлашди.

"Биз ўз еримиздан депортация қилиш ва кўчиришга қаратилган ҳар қандай режаларни қатъий рад этамиз ва уларга қаршилик кўрсатамиз," деди у Жабалия қочқинлар лагеридан туриб.

Трампнинг Ғазони аҳолидан холи қилишга чақириғи фаластинликларни эсанкиратиб қўйди. Ҳудуддаги юз минглаб одамлар Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўтган ойда эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувидан сўнг, иложи борича тезроқ ўз уйларига – ҳатто вайрон бўлган бўлса ҳам – қайтишга шошилишди.

Гарчи баъзи экспертлар Трампнинг таклифи музокаралар тактикаси бўлиши мумкинлигини тахмин қилган бўлса-да, фаластинликлар буни ўз ватанларини бутунлай йўқ қилишга уриниш, 1948 йилда Исроил ташкил этилиши билан бошланган урушда юз минглаб фаластинликларни ҳозирги Исроил ҳудудидаги уйларидан ҳайдаб чиқариш ва кўчиришнинг давоми сифатида қабул қилдилар.

Ўша воқеа фаластинликлар орасида "Накба" (арабчада "Фожиа" деган маънони англатади) номи билан машҳур. Трампнинг баёноти Исроилдаги ўта ўнг сиёсатчиларнинг фаластинликларни Ғазодан Мисрга сиқиб чиқаришга чақириқлари билан ҳамоҳанг эди.

"Биз ота-боболаримиз фожиаси такрорланишини истамаймиз," дейди тиббий ходим Абу Элайш.

Кўпчилик сингари Абу Элайш ҳам ўз оиласи бошидан ўтказганларини мисол келтира оларди. Унинг айтишича, 1948 йил май ойида Исроил қўшинлари унинг бува-бувисини ва бошқа фаластинликларни ҳозирги Ғазо сектори яқинидаги Исроил жанубидаги Ҳож қишлоғидан ҳайдаб чиқариб, уларнинг уйларини бузиб ташлаган. Оила Ғазонинг Жабалия лагерига кўчиб ўтган, бу жой ўнлаб йиллар давомида зич қурилган маҳаллага айланган. Исроил қўшинлари сўнгги ойларда ҲАМАС жангарилари билан шиддатли жанглар давомида бу ернинг катта қисмини йўқ қилди.

Мустафо ал-Ғаззорнинг айтишича, унинг оиласи ва бошқа аҳоли 1948 йилда Исроил қўшинлари ҳозирги Исроил марказидаги Ябнеҳ шаҳрига ҳужум қилганда қочишга мажбур бўлганида у 5 ёшда эди.

Ҳозир 80 ёшда, у Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳридаги ҳаво ҳужумидан вайрон бўлган уйи олдида ўтириб, 15 ойлик урушдан кейин бу ердан кетишни тасаввур қила олмаслигини айтди.

"Мени чет элга ҳайдаб юбориб, ўрнимга бошқа одамларни олиб келаман деб ўйлаяпсизми? Мен ўз чодиримда, харобалар остида яшаганим маъқул, – дейди у. – Кетмайман. Буни қулоғингизга қуйиб олинг."

У ҳозирги Исроил марказидаги Явне яқинида жойлашган Ябнеҳни назарда тутиб: "Чет элга жўнаш ўрнига, ўзим туғилиб ўсган ва ўладиган асл юртимга қайтишим керак," деб айтди. Унинг айтишича, Трамп икки давлат ечимини излаши керак. "Бу идеал, аниқ ечим, исроилликлар учун ҳам, ёнма-ён яшаётган фаластинликлар учун ҳам тинчлик," дейди у.

Сешанба куни Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху билан ёнма-ён туриб, Трамп ўз изоҳларида Ғазодаги фаластинликларни Миср, Иордания ёки бошқа ерларга кўчириш кераклигини айтиб, уларга "яхши жой" ваъда қилди. Миср ва Иордания Трампнинг фаластинликларни ўз ерларига кўчириш ҳақидаги чақириғини рад этди.

Трамп АҚШ Ғазони эгаллашини ва уни "дунё халқлари" учун "Яқин Шарқ Ривераси"га айлантиришини айтиб, фаластинликлар кетишдан бош тортиши ёки қайтишни истаётгани ҳақидаги фикрни инкор этди. Трампнинг юқори мартабали дипломати ва унинг бош сўзчиси чоршанба куни президентнинг таклифини юмшатиб, Ғазони қайта тиклашга имкон бериш учун фаластинликларни фақат вақтинча кўчириш ҳақида гапирди.

Ғазо марказидаги Дайр ал-Балоҳ шаҳрида яшовчи 71 ёшли Омина Умар Трамп "ақлдан озган" дейди.

Умар уруш пайтида турмуш ўртоғига ошқозон ости бези саратони ташхиси қўйилгандан кейин Мисрга кетган. Қоҳирада шифокорлар унинг саратони узоқ вақт даволанмаганини ва у октябрь ойида вафот этганини айтишган.

У Мисрдаги бошқа фаластинликлар сингари имкон қадар тезроқ ватанига қайтмоқчи эканини айтди.

"Ғазо бизнинг еримиз, уйимиз. Биз ғазоликлар бу ерга ҳақлимиз ва уни қайта қуришни истаймиз, – деди у. – Мен эрим каби Мисрда ўлишни истамайман. Мен уйимда ўлишни истайман."

Уруш анатомияси: Араб-Исроил урушлари, Исроил-Фаластин зиддияти тарихи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:29:23 0:00

Фаластинликлар деярли бутун аҳоли уруш туфайли кўчирилганидан кейин ўз уйларига қайтиш учун кучли қатъият кўрсатди. Шодон оломон Исроилнинг бомбалашлари ва қуруқликдаги ҳужумларидан вайрон бўлган Ғазо шимоли ва Рафаҳга қайтди.

Маҳаллалари вайроналарга айлангани сабабли, кўплаб қайтиб келганлар бошпанасиз, сув танқис ва аксарият ҳудудларда электр таъминоти йўқ. Шундай бўлса-да, кўпчилик учун бу вайронагарчилик уларнинг қолиш истагини сўндирмаган.

"Бошқа жойда хор бўлиб яшагандан кўра, уйларимиз вайроналарида яшасак ҳам, шу ерда қоламиз, – деди Рафаҳга қайтиб, уйини вайрон ҳолда топган Иброҳим Абу Ризқ. – Бир ярим йилдан бери бизни қириб, бомбалаб, йўқ қилишди, энди шунчаки кетамизми?"

АҚШ, Миср ва Қатар воситачилигидаги оташкесин келишуви фаластинликларнинг ўз уйларига қайтишини, шунингдек, Исроил ва ҲАМАС ҳудудни ким бошқариши бўйича келишувга эришган тақдирда, учинчи босқичда кенг кўламли халқаро тикланиш ишларини амалга оширишни назарда тутади.

Халқаро ҳуқуқ аҳолини мажбуран кўчиришни тақиқлайди. Исроилнинг "Бътселем" ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Трампнинг баёноти "тахминан 2 миллион кишини илдизи билан қўпориб ташлаш ва мажбуран кўчириш орқали этник тозалашга чақириқ" эканлигини айтди. "Бу Трамп ва Нетаняхунинг Ғазо секторидаги фаластинликларнинг иккинчи Накбаси учун йўл харитаси."

Фаластинлик қочқинлар халқаро ҳуқуқда қочқинлар учун кенг тан олинган қайтиш ҳуқуқига асосланиб, ҳозирги Исроил ҳудудидаги уйларига қайтишга рухсат берилишини талаб қилиб келмоқда. Исроил эса бу ҳуқуқ фаластинликларга тааллуқли эмаслигини таъкидлаб, оммавий қайтиш мамлакатда яҳудийлар кўпчилик бўлишига барҳам беришини айтади.

Ғазодаги 15 ойлик уруш давомида кўплаб фаластинликлар Исроилнинг мақсади аҳолини қўшни Мисрга ҳайдаш эканидан хавотирда эди. Ҳукумат бу мақсадни рад этди, бироқ коалициянинг баъзи қаттиқ ўнгчи аъзолари фаластинликларни Ғазони тарк этишга ва у ерда яҳудий аҳоли манзилгоҳларини тиклашга ундашга чақирди. Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳилда ҳам бир йилдан кўпроқ вақт давомида зўравонлик кучайди.

Трампнинг чақириғини Ғарбий Соҳилдаги ва Иордания ҳамда Ливан каби кўп сонли қочқинлар яшайдиган қўшни араб мамлакатларидаги фаластинликлар ҳам рад этди.

"Агар у Ғазо аҳолисини кўчирмоқчи бўлса," деди Трамп ҳақида Ғарбий Соҳилдаги Рамаллоҳ шаҳрида яшовчи Муҳаммад ал-Амирий, "у ҳолда уларни 1948 йилда кўчирилган асл ватанларига, Исроил ичидаги аҳолиси кўчирилган қишлоқларга қайтариши керак."

Форум

XS
SM
MD
LG