Линклар

Шошилинч хабар
17 январ 2025, Тошкент вақти: 20:03

Халқаро хабарлар

Трамп “Ҳолливуд бўйича махсус элчилар” тайинламоқчи

Трамп Ҳолливуд бўйича махсус элчи лавозимига мўлжаллаган актёрлардан бири ўзбек томошабинига Рэмбо фильмлари билан яхши таниш бўлган Сильвестр Сталлонедир.
Трамп Ҳолливуд бўйича махсус элчи лавозимига мўлжаллаган актёрлардан бири ўзбек томошабинига Рэмбо фильмлари билан яхши таниш бўлган Сильвестр Сталлонедир.

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп актерлар Сильвестр Сталлоне, Мэл Гибсон ва Жон Войт номзодини “Ҳолливуд бўйича махсус элчилар” вазифасига кўрсатди.

Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида бу “уч жуда талантли одам” Қўшма Штатлардаги кино саноати Жо Байден бошқаруви чоғида бой берган мавқеини “қайтариб олиш” учун унинг “кўзи ва қулоғи” бўлишини ёзган.

Бу вазифа ваколатли лавозим бўладими ёки шунчаки “фахрий лавозим” бўладими − Трамп бунга аниқлик киритган эмас.

АҚШнинг сайланган президенти аввалроқ ҳам давлат бошқаруви тизимида бўлмаган лавозимларни жорий этиб, уларга муайян кишиларни раҳбар этиб тайинлаши ҳақида баёнотлар берган. Хусусан, у президент сайловида ғалаба эълон қилинганининг ортиданоқ тадбиркорлар Илон Маск ва Вивек Рамасвами “шишиб кетган давлат аппаратини қисқартириш ва қайта ташкил этиш мақсадида” тузилажак янги муваққат тузилмага етакчилик қилишини билдирган.

Трампга кўра, икки тадбиркор давлат хизматларида “радикал ўзгаришлар” ташаббуси билан чиқиши керак бўлган “Ҳукумат самарадорлиги бўйича бошқарма”га масъул этиб тайинланади. Янги бошқарманинг мақсади, Трамп қайдича, “давлат бюрократияси демонтажи, ҳаддан зиёд регуляцияни камайтириш, самараси бўлмаган харажатларни камайтириш ва федерал хизматларни қайта ташкил этиш”дан иборатдир. У мазкур бошқарма 2026 йил июлига бориб ўз фаолиятини тугатиши лозимлигини қўшимча қилган.

Кун янгиликлари

Истанбулда қўлбола ароқдан ўлганлар сони 38 нафарга етди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Истанбулда қалбаки спиртли ичимликлар истеъмол қилиш оқибатида вафот этганлар сони 38 нафарга чиқди.

Турк матбуотидаги хабарларга мувофиқ, қўлбола ароқ истеъмоли ортидан сўнгги беш кун ичида маҳаллий турғунлар ва хорижликлар дохил 92 киши Истанбулдаги турли касалхоналарга мурожаат этган. Ичкиликдан заҳарланганлардан 38 киши ҳаётдан кўз юмган, 8 киши эса муолажадан сўнг касалхонадан чиқиб кетган.

Айни пайтда спиртли ичимликдан заҳарланиш туфайли касалхонада муолажа олаётганлар сони 46 нафар бўлиб, улардан 26 нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси томонидан 17 январь куни ёйинланган хабарномада пайшанба қўлбола спиртли ичимликдан вафот этган ўзбекистонликлар сони 14 нафарга етгани очиқланган. Улардан 6 нафари 14 январь, 4 нафари 15 январь, яна 4 нафари эса 16 январь куни вафот этган. Хабарномада касалхонада ётган яна уч нафар ўзбекистонликнинг аҳволи оғирлиги қўшимча қилинган.

Аввалроқ бош консулхона қалбаки спиртли ичимлик тайёрлашга алоқадорликда айбланиб, 2 нафар туркманистонлик қўлга олингани, ароқдан заҳарланиш ҳодисаси ортидан маҳаллий полиция кенг қамровли тергов ишларини бошлаб юборгани ҳақида маълум қилган эди.

Истанбул ҳокимлиги маълумотига кўра, 16 январь куни маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Истанбул шаҳрида 32 минг 862 литр қалбаки спиртли ичимлик мусодара қилинган.

Тадбирлар Султангази, Фатих, Бакиıркўй, Кучукчекмеже, Чаталcа, Эсенюрт, Зейтинбурну ва Бейкўз туманларида ўтказилиб, 9 нафар гумонланувчи қўлга олинган. Текширувлар чоғида 227 шиша сохта ичимлик ва дистиллаш ускунаси ҳам топилган. Қўлга олинганлардан 3 нафари полициядаги сўроқлардан сўнг қўйиб юборилган бўлса, 6 нафарининг тергови давом этмоқда”, дейилган Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабарномасида.

Исроил ва ҲАМАС Ғазо бўйича сулҳ шартномасини имзолашди

Қатар пойтахти Дохада Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) ўртасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни алмаштириш тўғрисидаги шартноманинг якуний версияси имзоланди. Бу ҳақда 17 январга ўтар кечаси Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу офиси вакиллари маълум қилишган.

Исроилнинг ҳарбий мулозимлари эришилган шартномани тасдиқлаш учун 17 январь куни йиғилиш ўтказишади. Бироқ битим ҳукуматнинг тўлиқ таркиби томонидан ҳам тасдиқланиши лозим, у эса, Нетаняҳу матбуот хизматига кўра, шанба оқшомидан аввал йиғилолмайди. Шу важдан ҳам шартноманинг кучга кириши 19 январдан тақрибан 20 январь туш пайтигача қолдирилади, дея маълум қилган Исроил бош вазирининг ёрдамчиси Axios нашрига.

Пайшанба (16 январь) куни Нетаняҳу офиси ҲАМАС сўнгги дақиқада шартноманинг қатор шартларидан бош тортгани ва шартномага янги бандлар қўшишга уринаётгани туфайли Исроил ҳукумати ҲАМАС билан сулҳ шартномасини маъқуллаш учун овоз беролмаслигини билдирган.

Кеча оқшом Қатардаги музокараларда томонлар битимнинг иккинчи босқичидаги алмашув доирасида ҲАМАСнинг юқори лавозимли аъзоларини озод қилишга оид талабларни тушириб қолдирган ҳолда якуний тузатишларни ўзаро мувофиқлаштирган.

Исроил ва ҲАМАС вакиллари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни алмаштириш тўғрисида келишувга эришгани ҳақида 15 январь куни маълум бўлган эди. 16 январь куни Исроил фаластинликларни келишувни барбод қилишга уринганликда айблаб чиққан. ҲАМАС вакиллари гуруҳ келишилган ҳужжатга амал қилаётганини билдиришган. Шартнома шартларига кўра, биринчи босқичда Исроил армияси Ғазодан қўшинларини олиб чиқишни бошлайди, ҲАМАС эса 2023 йил 7 октябрь куни гаровга олинганлардан 33 нафарини озод қилади.

Иккинчи босқичда томонлар ўт очишни тўлиқ тўхтатишга ва гаровдагиларнинг қолганларини озод қилишга келишишган, бунинг эвазига Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинлик мингга яқин маҳкум озод этилади.

Учинчи босқичда томонлар ҳалок бўлганларнинг жасадларини бир-бирларига топширишади. Ўша пайтга бориб Ғазо секторида Миср, Қатар ва БМТ кузатуви остида тиклаш ишларини бошлаш кўзда тутилмоқда.

ҲАМАС назорати остида бўлган Ғазодаги жанговар ҳаракатлар фаластинлик жангарилар 2023 йил 7 октябрида Исроилга уюштирган ҳужуми ортидан бошланган. Ўша ҳужумларда 1200 га яқин одам ўлган, 250 чоғли одам гаровга олинган. Улардан бир қисми алмашувлар пайтида озод қилинган. Исроил махсус хизматлари ҳисоб-китобига кўра, ҳозирда ҲАМАС қўлида 99 киши гаровда қолмоқда, улардан бир қисми ўлгани тахмин қилинади.

Ҳужумга жавобан Исроил томонидан секторда бошлатилган ҳарбий амалиёт чоғида, ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 45 мингдан зиёд фаластинлик ўлдирилган. Шунингдек, ўтган давр ичида ҲАМАСнинг қатор раҳбарлари ўлдирилган ва гуруҳ ҳарбий инфратузилмасининг бир қисми йўқ қилинган.

Британия парламентида россиялик дипломатлар қўлга олинди

Биг-бен ёнидан қўлида газета билан ўтиб кетаётган йўловчи (архив сурати)
Биг-бен ёнидан қўлида газета билан ўтиб кетаётган йўловчи (архив сурати)

Россиялик дипломатлардан бир неча нафари Британия парламенти биносида қўлга олинган. Улар экскурсия чоғида умумий гуруҳдан ажралиб, Лордлар палатаси мажлислар залига кириб қолгани айтилмоқда. Британиянинг Guardian газетаси мамлакатда 25 декабрь куни нишонланадиган Рождество байрами арафасида содир бўлган бу нохуш ҳодиса ҳақида махсус материал тайёрлаган.

Нашр қайдича, парламент биносининг ички қўриқчилари россиялик дипломатларни Палата хонасидан чиқариб юбориб, уларга мазкур хонада экскурсия ўтказилмаслигини маълум қилишган.

Британия ҳукумати бу ҳодисага анча жиддий ёндашди, деб ёзган Би-би-си газета материалига таянган ҳолда. Ҳар икки палата депутатларига Россиядан бўлган дипломатларни ҳатто хусусий тарзда ҳам парламент биносига таклиф қилмаслик талаби билан хат йўлланган.

Мақола муаллифлари россияликлар британиялик депутатлар ёки бино ходимларидан кимнингдир шахсий ташаббуси билан уюштирилган экскурсияга келишганми ёхуд оддий сайёҳлар сингари чипта олиб келганми − ҳозирча ноаниқ бўли қолмоқда.

Россия давлати вакиллари 2022 йил мартидан бошлаб расман исталмаган шахслар (persona non grata) деб эълон қилинган, бу ҳақда Россия элчиси ёзма шаклда хабардор қилинган, деб ёзган Guardian.

Икки палата депутатларига уларнинг раислари сэр Линдси Хойл ва лорд Макфолл номидан йўлланган хатда “амалдаги чоралар Россиянинг Украина ҳудудига бостириб киргани ортидан қабул қилинган”и қайд этилган.

Байден Қуролли кучлар билан хайрлашув маросимида чиқиш қилди

АҚШ президенти Жо Байден
АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин билан Ҳарбий-ҳаво кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал К. Браун 16 январь куни Виржиния штатидаги Майер-Хендерсон-холл базасида президент Жо Байден шарафига хайрлашув маросимини ўтказишди. Маросимда вице-президент Камала Ҳаррис ҳам иштирок этган.

Президент Байден Қўшма Штатлар олдида ўз бурчини ўтаётган ҳарбий хизматчиларга ҳамда уларни қўллаб келаётган оила аъзоларига ташаккур изҳор қилди. Айни пайтда у америкаликларнинг барчаси ўзларининг погон таққан ҳимоячиларининг олдида қарздор эканини урғулади.

Хайрлашув маросимини Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси ва АҚШ мудофаа вазири очишиб, ҳарбий хизматчиларга кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун Байденга миннатдорлик билдиришди.

Аввалроқ Байден президент лавозимида АҚШ халқига сўнгги мурожаати билан чиққан эди. У ўз сўзида АҚШга олигархия таҳдид қилаётганини айтиб, Америка демократик институтларининг мамлакат фаровонлигини таъминлашга қодирлигига амин эканини қайд этган эди.

Арманистон ТИВ Россия элчисига норозилик нотасини топширди

Россиянинг Арманистондаги элчиси Сергей Копиркин
Россиянинг Арманистондаги элчиси Сергей Копиркин

Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчиси Сергей Копиркинга норозилик нотасини топширди. ТИВ сайтида билдирилишича, бунга “Россия 1” каналида 12 январь куни ёйинланган “Вести недели” (“Ҳафта хабарлари”) дастурида республика “суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши қаратилган нарративалар” сабаб бўлган.

Дастур бошловчиси Дмитрий Киселёвнинг айнан қайси сўзлари Арманистон суверенитетига қарши қаратилганига аниқлик киритилган эмас. Мазкур дастурда лавҳалардан бири Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги муносабатларга бағишланган эди. Киселёв Ереван “уч томонлама келишув бўйича ўз мажбуриятлари”ни эътиборсиз қолдираётганини иддао қилган. У Арманистоннинг Европа Иттифоқига кириш жараёнини бошлашини “Россия билан алоқаларни йиғиштириш” дея изоҳлаган.

Бу иш яхшилик билан тугамайди. Лекин, айтилганидек, танлов қилиш сизга ҳавола”, дея қайд этган Киселёв.

Аввалда яқин ва иттифоқчилик алоқалари ўлароқ кўрилган Россия билан Арманистон ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда сезиларли даражада совиган. Арманистон томони даставвал Россия бошчилик қилиб келаётган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги иштирокини қисқартирган, кейин эса бутунлай тўхтатган. 2024 йил декабрида Арманистон бош вазири Никол Пашинян КХШТ билан муносабатларда ўз мамлакати қайтмас йўлга киргани ҳақида баёнот берган.

2025 йилнинг январь ойи бошида Арманистон парламенти Европа Иттифоқига кириш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган. Россия Ереваннинг бу қадами Арманистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқидаги (Москва етакчилигидаги божхона блоки) аъзолигига номувофиқ эканини билдирган.

AZAL учоғи “қора қутилари” маълумотлари Қозоғистонга топширилди

Azerbaijan Airlines учоғи қулаган жой, Қозоғистон, 2024 йил 28 декабри
Azerbaijan Airlines учоғи қулаган жой, Қозоғистон, 2024 йил 28 декабри

Ўтган йилнинг 25 декабрида Ақтау яқинида қулаган Azerbaijan Airlines (AZAL) авиаширкати учоғининг “қора қутилари” маълумотлари Бразилиядан Қозоғистонга келган. Қозоғистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати қайдича, ҳозирда бу маълумотлар мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.

Бош прокуратура вакиллари Қозоғистон ҳуқуқий ҳамкорлик доирасида Россия ва Озарбайжонга тергов топшириқномаларини йўллаганини билдиришган.

Россия Тергов қўмитаси эса AZAL учоғи қулаши муносабати билан Россия томонида диспетчерлик хизматлари, ҳаво ҳаракатининг уюштирилиш тизими ва ҳаводан мудофаа тизими хатти-ҳаракатига баҳо бериш учун комплекс экспертиза тайинланганини маълум қилган.

Россиядаги куч ишлатар идораларга яқинлиги айтиладиган Baza телеграм-канали ўз тасарруфида қулаган учоқ экипажи сўзлашувларининг тўлиқ расшифровкаси борлигини иддао қилган. Унда Грознийга қўниш учун амалга оширилган бир неча уринишлардан сўнг учувчилар Маҳачқалъа ва Минеральние Водидаги об-ҳаво ҳақида маълумот сўрай бошлашгани, бироқ пировардида улар мустақил равишда аввалига Бокуга, кейин эса Ақтауга учишга қарор қилишгани айтилган.

Экипаж алоқа ёмонлигидан шикоят қилган. Грознийга қўниш уринишидан олдин учувчилар GPS сигналлари йўқолиб қолганини маълум қилишган, деб ёзган Baza.

Телеграм-канал мазкур расшифровкани қаердан олганини очиқламаган. Тергов доирасида қўлга киритилган учувчилар орасидаги сўзлашувлар матни ёйинланган эмас.

Ўтган йилнинг 25 декабрида Azerbaijan Airlines авиаширкатининг Бокудан Грознийга парвоз қилаётган учоғи Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида қулаб тушган эди. Авиаҳалокат чоғида бортдаги 67 кишидан 38 нафари қурбон бўлган. Бу борада тергов давом этмоқда, бироқ авиаҳалокатга Грозний осмони узра зенит ракетаси унсурларидан етган шикаст сабаб бўлиши мумкинлиги асосий тахмин ўлароқ кўриляпти.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев авария учун масъулиятни “Россия Федерацияси вакиллари”га юклаб, Россиядан айбдорларни жазолаш ва расман узр сўрашни талаб қилган. Россия президенти Владимир Путин Озарбайжон учоғи ҳалокати учун узр сўраган, бироқ авиаҳалокат учун маъсулиятни ўз зиммасига олган эмас.

Жо Байден: Қўшма Штатларга олигархия хавф солмоқда

Жо Байден
Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден 15 январь куни мамлакат президенти сифатида америкаликларга сўнгги мурожаати билан юзланди.

Байденга кўра, Америка демократиясига чексиз таъсир ва ҳокимиятга эга бўлиб бораётган ўта бой кишилар олигархияси таҳдид солмоқда.

Мен мамлакатни ўзимда катта хавотир уйғотаётган айрим нарсалардан огоҳлантиришни истардим. Бу ҳокимиятнинг кам сонли ўта бой бўлган одамлар қўлида хатарли тарзда жамланишидир”, деди Байден америкаликларга сўнгги бор Оқ уйдаги кабинетидан мурожаат қилган.

Дональд Трамп инаугурациясига беш кун қолганда қилган чиқишида президент Байден сайланган президент исмини тилга олгани йўқ, бироқ, шарҳловчилар қайдича, унинг кимларга ишора қилаётгани аён эди. Миллиардер Илон Маск давлат хизматлари самарадорлиги учун масъул бўлган бошқарма бошлиғи ролида Дональд Трамп маъмуриятига ҳаддан зиёд катта таъсирга эга бўлиши кутилмоқда.

Байден ўз салафларидан бири бўлмиш, хайрлашув нутқида ҳарбий-саноат мажмуаси хатаридан огоҳлантирган президент Дуайт Эйзенхауэр анъанасини давом эттирган ҳолда ўз сўзида “техно-саноат мажмуаси” атамасини ишлатди. Байден фикрича, техно-саноат мажмуаси америкаликлар бошига “ҳокимият суиистеъмоли учун шароит яратган дезинформация уюми”ни ёғдираётган ижтимоий тармоқларни ўз назорати остида тутиб турибди. Айни пайтда “эркин матбуот барбод бўляпти, таҳрир йўқоляпти, ижтимоий тармоқлар фактларни текширишдан бош тортмоқда”, дея нолиган президент Байден.

Шу билан бирга, президент Америка демократик институтлари мамлакат фаровонлигини таъминлашга қодир эканига амин эканини айтган.

Бизнинг ҳокимиятни тақсимлаш, тийиб туриш ва мувозанат тизимимиз бекам-кўст бўлмаслиги мумкин. Бироқ у 250 йил давомида демократиямизни таъминлади, бу эса бу қадар дадил эксперимент ўтказган ҳар қандай мамлакатдагидан кўра кўпроқдир”, деган Жо Байден.

НАТО бош котиби: “Янги реалликка мослашишимиз лозим”

НАТО бош котиби Марк Рютте
НАТО бош котиби Марк Рютте

НАТО бош котиби Марк Рютте Шимолий Атлантика иттифоқи ҳозирги пайтда Россиянинг ҳарбий таҳдидларига жавоб беришга тайёр эмаслигини билдирди. У альянсдаги иттифоқчиларни “уруш даври тафаккури” билан фикрлаш ва мудофаа харажатларини кўпайтиришга чақирди.

Рютте НАТО бош котиби лавозимини эгаллаган 2024 йил октябрь ойидан буён сўзлаган илк катта нутқида “урушнинг олдини олиш учун биз унга тайёр бўлишимиз керак”, дея баёнот берди.

НАТО раҳбарига кўра, таҳдидларга нисбатан муносабатларни қайта кўриб чиқиш мудофаа салоҳиятини кучайтириш ва қурол-аслаҳа сифатини оширишни англатади.

Рютте Москва Украина ва НАТО билан “узоқ муддатли конфронтация”га ҳозирланаётганини урғулади. У хавфсизлик соҳасидаги ҳозирги вазиятни ўз ҳаётидаги “энг хатарли” ҳолат деб атади ва иттифоқчиларни “янги реалликка мослашиш”га чақирди, дея хабар қилди “Евроньюс” телеканали.

Исроил ва ҲАМАС вақтинча оташкесим бўйича келишувга эришди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Исроил ҳамда ҲАМАС радикал гуруҳи (АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган) ўт очишни вақтинча тўхтатиш ҳамда 2023 йилнинг 7 октябридаги ҳужум чоғида гаровга олинган исроилликларнинг бир қисмини озод қилиш юзасидан келишувга эришишган. Бу ҳақда, Reuters агентлиги хабарига кўра, Қатар бош вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний матбуот анжуманида эълон қилди.

Келишувга эришилганини Исроил расмийлари ҳам, ҲАМАС вакиллари ҳам тасдиқлашган. Сулҳ шартномаси 19 январдан бошлаб амалда бўлади.

Исроил нашрлари келишув шартларини очиқлашган. Унга кўра, ҲАМАС исроиллик 33 нафар гаровдаги шахсни озод қилади, бунга жавобан Исроил ҲАМАС билан ҳамкорлик қилганликда ва исроилликларга ҳужумларда айбдор деб топилган маҳбусларни қамоқдан озод қилиш мажбуриятини зиммасига олади. Гаровга олинган ҳар бир фуқаровий шахс учун ҲАМАСга 30 нафар маҳкум, ҳар бир ҳарбий учун эса 50 нафар маҳкум қайтарилади.

Айни пайтда озод қилинаётган гаровдагиларнинг қанчаси тирик экани, қанчасининг жасади қайтарилишига аниқлик киритилган эмас.

Келишувда ўт очишни олти ҳафтага тўхтатиш, Ғазо секторига гуманитар ёрдам юкланган 600 та юк машинаси йўллаш ва ЦАХАЛ (Исроил армияси) қўшинларининг сектордан босқичма-босқич олиб чиқиш кўзда тутилган.

ҲАМАС гуруҳи 2023 йил 7 октябрида Исроил жанубига уюштирган ҳужуми чоғида 250 дан зиёд одамни гаровга олган. Уларнинг бир қисми музокаралар давомида озод этилган.

Мазкур ҳужумларга жавобан Исроил Ғазода кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаган. Амалиёт чоғида, ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 45 мингдан зиёд фаластинлик ўлдирилган.

Арманистон АҚШ билан стратегик ҳамкорлик шартномасини имзолади

Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян (чапда) ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзоламоқда, Вашингтон, 2025 йил 14 январи
Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян (чапда) ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзоламоқда, Вашингтон, 2025 йил 14 январи

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян 14 январь куни Вашингтонда икки мамлакат ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги шартномани имзолашди.

Блинкеннинг шартномани имзолаш маросимида билдиришича, АҚШ ва Арманистон мудофаа, иқтисодиёт, демократик институтларни ривожлантириш соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун имкониятларни ишлаб чиқадиган “стратегик ҳамкорлик комиссияси”ни тузишган.

АҚШ Давлат котибига кўра, икки мамлакат “тобора кучлироқ ҳамкор”га айланмоқда.

Мазкур учрашув ва келишувларнинг имзоланишига оид коммюнике АҚШ Давлат департаменти сайтида ёйинланган.

Америкалик ҳамкасби ортидан имзолаш маросимида сўзга чиққан Арманистон ТИВ раҳбари Арарат Мирзоян АҚШ чегараларни мустаҳкамлашда экспертлик ёрдами кўрсатиш учун Арманистонга мутахассислар гуруҳини йўллашини қайд этган. Шунингдек, АҚШ Арманистон билан фуқаровий ядро ҳамкорлиги бўйича музокараларни ҳам бошлайди.

Ереван анчадан буён АҚШ етакчилик қилиб келаётган “Ислом давлати” экстремистик ташкилотига қарши курашиш коалициясига расман қўшилганини билдирган.

Арманистон сўнгги йилларда Россия бошчилик қилиб келаётган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги иштирокини қисқартирган, кейин эса бутунлай тўхтатган. 2023 йил кузига келиб КХШТ машқларида иштирок этишдан бош тортган Арманистон ўша пайтнинг ўзида Арманистон-АҚШ қўшма машқларини ташкил қилган.

Сешанба куни Россия Ереваннинг бу қадами Арманистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқидаги (Москва етакчилигидаги божхона блоки) аъзолигига номувофиқ экани ҳақида билдирган.

Ўтган ҳафтада Арманистон парламенти ЕИга кириш аризасини топшириш жараёнини бошлашга оид қонун лойиҳасини маъқуллаган эди.

Жанубий Кореяда илк бор мамлакат президенти ҳибсга олинди

Ҳибсга олинган президент Юн Сок Ёль Аксилкоррупцион тергов бошқармасига етказилди
Ҳибсга олинган президент Юн Сок Ёль Аксилкоррупцион тергов бошқармасига етказилди

Жанубий Кореяда мамлакат тарихида биринчи марта президент ҳибсга олинди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар қилди. Юн Сок Ёль лавозимидан вақтинчалик четлаштирилган бўлса-да, мамлакатнинг амалдаги президенти бўлиб ҳисобланади.

Президентни иккинчи уринишда ҳибсга олишга муваффақ бўлишган. 15 январь тонгида 200 чоғли полициячи ва аксилкоррупция бошқармасининг 40 нафар терговчиси Юн Сок Ёлни сўроққа олиб кетиш учун унинг қароргоҳига келишган. Бироқ 12 кун аввалги илк уринишда кузатилгани каби президент хавфсизлик хизмати қаршилигига дуч келишган.

Тақрибан икки ярим соатлардан кейин полиция ходимлари ва терговчилар уч тўсиқдан ўтиб, нарвонлардан фойдаланган ҳолда бинога кира олишган.

Юн қисқа видеомурожаат билан чиқиб, аввалгидек ўзининг ҳибсга олинишини ноқонуний деб ҳисоблашини, бироқ қон тўкилишига йўл қўймаслик учун терговчилар ва полицияга бўйсунишга қарор қилганини билдирган. У мамлакатда ҳуқуқ устуворлиги оёқости қилинаётгани, на ўзига қарши иш очган тергов идоралари, на уни ҳибсга олиш учун ордер берган суд бунга ҳақли бўлмаганини қўшимча қилган.

Сеул суди президентни ҳибсга олиш ва унинг қароргоҳида тинтув ўтказиш учун 2024 йилнинг 31 декабрида ордер берган эди. Бу иш Юн ўзини сўроққа чақирган Аксилкоррупция текширувлари бошқармасидан келган учта чақирув қоғозини эътиборсиз қолдиргани ортидан амалга оширилган.

14 декабрь куни Жанубий Корея парламенти овоз бериш натижасида мамлакат президентига импичмент эълон қилиш қарорини дастаклаган. Импичмент қарорини ёқлаб 300 депутатдан 204 нафари овоз берган, 85 нафари эса бунга қарши чиқишган.

Овоз бериш яширин йўл билан амалга оширилган. Бу импичмент учун овоз беришга иккинчи уриниш бўлиб, биринчи уринишда Юн Сок Ёлни лавозимдан четлатиш учун овоз етарли бўлмаган.

Импичмент тўғрисидаги масала парламентда 3 декабрь куни Юн Сок Ёль “КХДРнинг мамлакат ичкарисидаги тарафдорларига қарши кураш учун” ҳарбий ҳолат жорий этилиши ҳақида эълон қилганидан кейин кўтарилган. Олти соат давомида амалда бўлган фармон билан сиёсий партиялар фаолияти, норозилик чиқишлари, иш ташлашларга тақиқ қўйиб, унда цензурани ҳамда ўлим жазоси чиқариш ҳуқуқига эга бўлган ҳарбий-дала трибуналларини жорий қилиш кўзда тутилганди. Бу ҳолат Сеул кўчаларида ҳам, парламентда ҳам кенг кўламли норозилик чиқишларига сабаб бўлган.

Депутатлар ҳарбийлар томонидан парламент биноси штурм қилинаётган пайтда президент қарори бекор қилиниши учун овоз беришган. Шундан сўнг у қонунга мувофиқ равишда фармонни бекор қилишга мажбур бўлган. 7 декабрь куни президенти телевидение орқали қилган чиқишида ўз хатти-ҳаракатлари учун узр сўраган.

Юн Сок Ёль одатда Шимолий Кореяга нисбатан қаттиқ тутумга эга бўлган ўнг кучлар вакили бўлиб ҳисобланади. У 2022 йилда президент этиб сайланган. Мухолифатдаги Демократик партиянинг Пхеньянга нисбатан позицияси анча юмшоқроқ.

“Вагнер” сафида жанг қилган қозоғистонлик 4,5 йилга қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қозоғистоннинг Сатпаев шаҳрида суд “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати таркибида Россиянинг Украинага босқинида иштирок этган маҳаллий турғунни 4,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати хабар қилди.

Суд ҳукмига мувофиқ, судланувчи Украинадаги урушга мафкуравий сабабларга кўра кетган. Отаси Харьковда туғилган айбланувчи Украина расмийлари мамлакат шарқидаги рус миллатига мансуб аҳоли ҳақ-ҳуқуқларини чеклаяпти, деб ҳисоблаган.

Айбланувчининг исм-шарифи очиқланган эмас. У “Вагнер” ХҲШга 2022 йилда ёзилган. Даставвал у “Вагнер”га қарашли қурол-аслаҳа омборида ишлаган, кейин эса жанговар бўлинмага ўтказилган. 2023 йилда қозоғистонлик шахс ватанига қайтиб келган.

Суд уни хорижий давлат ҳудудидаги қуролли можарода иштирок этганликда айбдор деб топган. У ўзига қўйилган айбловни тўлиқ тан олган.

Трамп Путин билан “тез орада” учрашмоқчи

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп 13 январь куни президентлик лавозимига киришганидан (20 январь) кейин “жуда тез орада” Россия президенти Владимир Путин билан учрашиш нияти борлигини билдирди.

Мен бу ишни эртароқ ҳам қилган бўлардим, бироқ <...> офисга кириб олиш керак. Айрим ишлар учун у ерда бўлиш шарт”, деган Трамп Newsmax’га берган интервьюсида.

Россия билан Украина ўртасидаги урушни якунлаш стратегияси ҳақидаги саволга Трамп “стратегия битта ва у Путинга боғлиқ”, дея жавоб берган.

Мен бўлаётган ишларнинг ҳаммасидан унинг боши осмонда, дея тасаввур қилолмайман, чунки унинг учун ҳам ишлар унча ўнгидан келаётгани йўқ”, дея қайд этган АҚШнинг сайланган президенти.

Дональд Трамп 2024 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган президент сайловидаги ғалабасидан кейин Россиянинг Украинага қарши урушини якунлаш учун Владимир Путин билан учрашиш нияти борлигини билдирган. Сайловолди кампанияси чоғида Трамп бу ишни “24 соат” ичида ва ўз инаугурациясигача амалга оширишни ваъда қилган, бироқ бунга оид ҳеч қанақа тафсилот келтирмаган эди. 7 январь куни Флоридада ўтказилган матбуот анжуманида Трамп жанговар ҳаракатларни тўхтатиш учун олти ой муддат реалроқ бўлишини айтган.

АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик бўйича бўлажак маслаҳатчиси Майк Уолц 12 январь куни Трамп яқин кунлар ёки ҳафталар ичида Россия президенти билан телефон орқали мулоқот ўтказишини билдирган. Уолцга кўра, бу мулоқот Трамп ва Путин саммити учун илк қадам бўлади, мазкур саммитга ҳозирлик эса аллақачон бошланган.

Кремль вакиллари Путин Трамп билан учрашишга тайёр эканини тасдиқлашган, бироқ икки лидернинг муҳтамал музокараларини уюштириш бўйича ҳозирча ҳеч нарса аниқ эмаслигини маълум қилишган.

Озарбайжонда фаол Бахтиёр Ҳажиев 10 йилга қамалди

Бахтиёр Ҳажиев (архив сурати)
Бахтиёр Ҳажиев (архив сурати)

Озарбайжонда суд мол-мулкини мусодара қилиш йўли билан фаол Бахтиёр Ҳажиевни 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Озодликнинг озарбайжон хизмати хабар қилди. Фаол 2022 йилнинг 9 декабрида қўлга олинган ва ўшандан буён ҳибсхона тутиб келинган.

Ҳажиев ноқонуний тадбиркорлик, контрабанда, сохта ҳужжатлардан фойдаланганлик, солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ҳамда жиноий йўл билан қўлга киритилган мол-мулкни машруълаштирганликда айблаган.

Суддаги сўнгги сўзида Бахтиёр Ҳажиев ўзига қўйилган айбловларнинг барчасини асоссиз деб билиши, ўзи эса сиёсий сабабларга кўра таъқибга учраганини билдирган. Фаолга кўра, унинг мобил телефонига Pegasus жосуслик дастури ўрнатилган, натижада унинг шахсий маълумотлари куч ишлатар тузилмалар ходимлари қўлига тушган.

Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш маркази (OCCRP) томонидан 2021 йил июлида ёйинланган суриштирувда Озарбайжон расмийлари журналистлар, ҳуқуқ фаоллари ва мухолифатчилар телефонига кириш учун Исроилнинг NSO Group ширкати ишлаб чиққан Pegasus жосуслик дастуридан фойдалангани ҳақида айтилган эди. 245 та рақамнинг бешдан бир қисми медиаширкатлар мухбирлари, муҳаррирлари ва эгаларига, хусусан, Meydan TV, Озодликнинг озарбайжон хизмати, Azadliq.info журналистларига, Strateq.az, Khural, Musavat нашрлари бош муҳаррирларига ҳамда 13-канал асосчиси ва директорига тегишли бўлган.

Журналистлардан ташқари OCCRP рўйхатда озарбайжонлик 40 дан зиёд фаол ва уларнинг оила аъзоларига тегишли рақамларни аниқлаган. Улар рақамлар рўйхатида 2019 йилда − мамлакатда оммавий норозилик чиқишлари авж олган пайтда пайдо бўлган.

Озарбайжонда расмийларни танқид қилган шахсларга тез-тез солиқ тўламаганлик ёки товламачилик сингари иқтисодий моддалар бўйича айбловлар эълон қилиб турилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG