Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хориждаги табиий офатлар ва техноген фалокатлар қурбонларига биринчилардан бўлиб ҳамдардлик билдирадиган дунё раҳбарлари сирасида. Аммо Ўзбекистоннинг ўзидаги фожиаларга келганда, вазият бошқачароқ - Мирзиёев нимагадир жим…
Нега кейинги пайтда Ўзбекистонда кўпайган табиий ёки техноген ҳалокатлар ёхуд ҳукумат сабаб бўлаётган ўлимлар ортидан мотам эълон қилинмайди?
Нега хориждаги қайғуга ҳамдард Мирзиёев ўз юртида ис газидан, хорижий дори ёхуд йўқчиликдан нобуд бўлаётган болаларни тилга олмайди?
Ўзбекистонда жамоатчилик ва ижтимоий тармоқ фаоллари бот-бот тилга оладиган саволлар булар.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ўлимига сабаб бўлган кўплаб ҳодисалар, техноген фалокатлар қайд этилди.
Тармоқлар тилга олган ҳодисаларни санайлик - бу рўйхат узун ва оғир:
- 2024 йил 17 декабрда Фарғона шаҳрида пропан газ шохобчасида портлаш, расман 4 киши ўлган.
- 2024 йил 1 ва 17 сентябрда Ўзбекистон ғазнасидан миллионлаб пул сарфланган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конида 2 та портлаш, расман 4 киши ўлган.
- 2022 йил декабрда Ҳиндистондан келтирилган “Док-Макс” дори воситасидан заҳарланиш, жами 68 бола ўлган.
- 2022 йил июлда Нукусда Конституция ўзгартирилишига қарши тинч намойишлар, расман 21 киши ўлган, 413 нафари жароҳатланган.
- 2022 йил апрелда Жиззахда сел, расман 5 киши ўлган.
2021 йил Наманган ва Андижонда сел, расман 10 киши ўлган.
- 2021 йил 21 январда Тошкент вилоятида "Янги-Ангрен" электр станциясида портлаш, расман 3 киши ўлди.
- 2020 йил 1 майда Сардоба сув омборида, расмийларга кўра, техноген фожиа. Минтақа тарихидаги энг йирик офат. Расман 6 киши ўлган, 70 мингга яқини кўчирилган, 2 ярим мингдан ортиқ уй-ҳовли яроқсиз ҳолга келган.
- 2018 йилнинг январида Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида бораётган автобусда ёниб кетган 52 ўзбекистонлик фожиаси.
Бу ва шу каби йирик фожиаларнинг бирортасида Ўзбекистон давлат раҳбари шахсан чиқиб, ҳодиса юзасидан ўзбекистонликларга ҳамдардлик изҳор қилмади. Мамлакатда расман мотам эълон қилинмади.
Ваҳоланки, жамоатчилик фаоллари ва тармоқлар тилга олинган ҳолатларнинг қарийб барчасида ҳукуматни мотам эълон қилиш, фожиа кўламини тан олиш ва халққа ҳамдардлик билдиришга чақирди.
Шундай чақириқлардан сўнггилари Фарғонадаги пропан газ шохобчасида бўлган портлаш ҳамда Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-Макс” препаратидан ўнлаб болаларнинг ўлими муносабати билан кескин ва жиддий янгради.
Расмий оммавий ахборот воситалари ҳам бу каби фожиаларни ёритмайди ёки ёритган тақдирда ҳам қисқа ва қуруқ хабарлар билан чекланади.
Фақат мустақил Интернет нашрлари, жумладан Газета.уз нашри бу масалага жиддий ёндашган, хусусан, Ҳиндистон дорисидан нобуд бўлган 68 норасиданинг ҳар бири оиласи билан суҳбатлашиб, уларнинг портретини ҳозирлаган ва миллий мотам эълон қилиш ҳақидаги талаб билан чиққан эди:
“Кучли давлат ҳис-туйғуларни намоён этишдан қўрқмайди. «Gazeta.uz» вафот этган болалар хотирасига ҳурмат бажо келтириш ҳамда уларнинг ўрнини тўлдириб бўлмас йўқотишни бошдан кечирган ота-оналари ва қариндошларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонда умуммиллий мотам эълон қилиниши керак, деб ҳисоблайди”.
Тармоқ фаоллари ва жамоатчилик вакиллари, мустақил интернет нашрининг бу чиқишларига Ўзбекистон расмийлари ёки шахсан президент маъмурияти муносабат билдирмаган.
Муқаддам Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ва Россиядаги элчихонасида юқори лавозимларда ишлаган Алишер Таксанов, инсон ўлими, айниқса ўнлаб одам ўлимига сабаб бўлган ҳодисаларда давлат раҳбарияти албатта ҳамдардлик билдириши ёки мотам эълон қилиниши зарур, деб ҳисоблайди.
Собиқ дипломатга кўра, бундай ҳолатда ҳар бир давлатда бошқарув тизимида ваколатлар тақсимотига кўра, Қонунчилик органи, парламент мотам эълон қилишни таклиф қилиши ёки президент эълон қилиши мумкин.
Ўзбекистонда эса бу масъулият тўлиқ президентда.
“Ҳаммаси ҳокимият қанчалик обрўли ва қанчалик ваколатдор эканига боғлиқ. Ўзбекистонда мотам куни, албатта, президент томонидан эълон қилинади, парламент ҳам шундай ҳуқуққа эга, лекин ундан камдан-кам фойдаланади. Президент вазиятга қараб 2, 3 кун, ҳатто 1 ҳафтагача мотам эълон қилиши мумкин. Масалан, поезд ҳалокати ёки метрополитендаги авария, агар 2-3 киши ўлган бўлса ҳам мотам куни бўлиши мумкин. Бундан ташқари, бино қулаб тушиши натижасида одамлар нобуд бўлса, террорчилик акти содир этилса, самолёт ҳалокатга учраса, табиий ёки, Сирдарёда бўлганидек, техноген фожиа юз берса, зилзила юз берса – президент мотам куни эълон қилиши керак. Чунки у халқ билан бирга бўлиши ва ҳамдардлигини билдириши лозим. Шу билан бирга, моддий, молиявий, психологик ёрдам ажратади, бунинг учун ҳукуматнинг ресурслари ва имкониятлари бор”, дейди собиқ дипломат.
Ўзбекистонда мавжуд қонунчиликда мотам эълон қилиш механизми қайд этилмаган.
Сўнгги бор Ўзбекистонда 2016 йилда - аввалги президент Ислом Каримов вафот этганида 3 кунлик мотам эълон қилинган:
“2016 йилнинг 3 сентябрдан Ўзбекистон республикасида 3 кунлик мотам эълон қилиш ва мотам маросимларини бутун республика бўйлаб ўтказишга қарор қилади”.
Ўзбекистондаги сўнгги мотам қарорини, Ислом Каримов ўлими муносабати билан тузилган ва унга ўша кезда бош вазир бўлган Мирзиёев раҳбарлигидаги комиссия қарор қилганди.
Бунга қадар мотам қарори марҳум президент Ислом Каримов томонидан 1999 йилнинг 17 февралида олинган - Каримов махсус фармон имзолаган эди.
Ўшанда Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё минтақасида илк террорчилик ҳаркати кузатилган - Тошкентда 16 февраль портлашлари бўлганди.
Ўзбекистон миллий мотам эълон қилиш қонунчилиги ёки президент, бош вазирнинг фавқулодда ҳолатларда халққа баёнот бериш тартибига оид ҳуқуқ норматив нега ҳануз ишлаб чиқилмагани сабаблари қоронғи.
Аммо, мавжуд амалиёт - собиқ совет даврида йўлланган амалиётни эслатади.
Собиқ СССР даврида эълон қилинган миллий мотам кунлари:
21—27 январь, 1924 йил - В.И.Ленин ўлими,
6—9 март, 1953 йил - И.В. Сталин ўлими,
12—15 ноябрь, 1982 йил - Л.И.Брежнев ўлими,
11—14 февраль, 1984 йил - Й.В.Андропов ўлими,
11—13 март, 1985 йил К.У.Черненко ўлими.
Аммо, собиқ совет даврининг сўнгги йилларида эълон қилинган икки мотам аввалгиларидан фарқли ва улар “Қайта қуриш” йилларида эълон қилинган: 10 декабрь, 1988 йил - Спитак зилзиласи ҳамда 5 июнь, 1989 йил - Уфада темир йўл ҳалокати қурбонлари хотирасига эълон қилинганди.
СССРнинг қулаши ва постсовет ҳудудида мустақил республикаларнинг шаклланиши сабаб бўлган “Қайта қуриш” йиллари бошлаб берган ўзгаришлар - айнан миллий мотам эълон қилиш амалиётида - Марказий Осиёнинг қўшни республикаларига кўчганини кузатиш мумкин.
Жумладан, қўшни Қирғизистонда сўнгги чорак аср ичида камида 7 марта, Қозоғистонда 14 марта миллий мотам эълон қилинган:
Қирғизистон:
26 август, 2008 йил - Боинг 737 учоғи ҳалокати,
7 октябрь, 2008 йил - Олой туманида зилзила,
14 июнь, 2008 йил - Чингиз Айтматовнинг вафоти,
30 июл, 2020 йил - COVID-19 пандемияси,
1 — 2 май, 2021 йил - Қирғиз-тожик чегарасидаги низо,
23 август, 2022 йил - Россияда 14 қирғизистонлик ўлган автоҳалокат,
19 сентябрь, 2022 йил - Қирғиз-тожик чегарасида низо.
Қозоғистон:
2006, 2008 йилларда Ленин ва Абай номли шахталарда портлаш ,
16 март, 2010 йил Қизилағаш дамбасининг ёрилиши,
5 июнь, 2012 йил «Арканкерген» постида масс-қотиллик,
2012, 2013, 2019-йилларда 3 та авиаҳалокат,
9 июнь, 2016 йил Ақтўбе теракт,
13 июл, 2020 йил Қозоғистонда COVID-19 пандемияси,
10 январ, 2022 йил Қозоғистон бўйлаб оммавий норозиликлар,
12 июн, 2023 йил Абай вилоятида ўрмон ёнғинлари,
24 март, 2024 йил «Крокус Сити Холл» залидаги теракт
"Бирон фавқулодда ҳолат содир бўлиб, одамлар ўлса-ю президент, Мирзиёевми ёки Тоқаевми, – чет мамлакатга ҳамдардлик билдирса, бу бошқа нарса. Ўз халқига ҳеч нима демаслиги эса бошқа нарса. Биз ўз президентларимизнинг тезда қарор қабул қилишларини ва муаммо ҳал этилиши учун буйруқ беришларини истаймиз. Бизнинг Қозоғистонда бирон фожиа юз берса, мотам мавзусига айрим ижтимоий фикр етакчиларигина эътибор беради, холос. Асосий халқ эса кўпроқ давлатнинг реакцияси ва моддий ёрдам масаласи билан қизиқади ва мана шу жиҳат кўп ҳолларда натижа беряпти, яъни жамиятга фойдали бўляпти", қозоғистонлик собиқ дипломат Қазбек Бейсебаев.
Нимага Ўзбекистоннинг қўшнилари мамлакат аҳлини жунбушга солган ҳодисаларда мотам эълон қилиб, ҳукуматлар халққа ҳамдардлигини ифода қилиб, давлат байроқларини туширади-ю Ўзбекистон раҳбариятини буни қилмайди?
Дастур бошида саналган фавқулодда ҳодисаларнинг энг кам 2, кўпи билан эса юзга яқин қурбонлари бор. Шикастланганлар юзлаб, аҳолига етган моддий зарар миллиардлаб, айниқса Сардоба фожиаси ёки кетма-кетган келган селларда.
Бу ҳалокатларининг маънавий зарари эса на ҳисоблангани ва баҳолангани Озодликка маълум.
Собиқ дилломатга кўра, айнан Марказий Осиёда бунинг сабаблари - кишилар ўлимига сабаб бўлаётган системали муаммолар, кўп ҳолларда давлат иштирокидаги коррупцияга бориб тақалади.
“Келинг, ҳамма нарсани ўз номи билан атайлик: бу коррупция. Давлат миқёсидаги коррупция. Мен ўйлашимча, мотам эълон қилиш – ўз хатосини тан олиш, демак. Мотам эълон қилинмаган, сабаби, менинг назаримда, давлат “юз берган шу воқеа бизнинг айбимиз билан бўлди”, деб тан олишни истамагани билан боғлиқ. Ишонинг, Қозоғистонда ва умуман дунёнинг барча мамлакатларида ҳукумат ўз хатоларини тан олишни хушламайди, бизнинг минтақа ҳукуматлари эса тан олишни билмайди ҳам. Начора, давлатимиз табиати шунақа”, дейди дипломат.
Гарчи, Ўзбекистон раҳбарияти, хусусан президенти ўз халқига ҳамдардлик изҳор қилиш ёки ўз ҳудудида юз берган офатлар, техноген фожиаларда ўз халқига ҳамдардлигини, худди байрамларда чиқиб табриклагани каби, очиқ-ойдин ифода қилмаган бўлса-да, хорижда ҳамдардлик йўллашда қўшниларига йўл бермайди.
Президент маъмуриятининг расмий сайтидаги хабарлар орасида энг кўп кўзга ташлагани айнан хорижга йўлланган ҳамдардлик муждаларидир.
“Ўзбекистоннинг Озарбайжон ҳаво йўллари учоғи ҳалокатга учрагани муносабати билан ҳамдардлик билдириши, бу - тўғри қадам, лекин президент, масалан, Украинада бомбалар остида ҳалок бўлаётган одамлар учун ҳамдардлик билдирмаслиги жуда ғалати. Ғазода бирон гап бўлса – президент гапиради, бирон мамлакатда, дейлик Хитойда авария содир бўлса – гапиради, ҳамдардлик изҳор қилади. Аммо президент Шавкат Мирзиёевнинг 3 йилдан бери давом этаётган уруш хусусида бир оғиз бўлса-да ўз фикрини, нуқтаи назарини айтмаслиги бу иккинчи аспект. Бу президентнинг бошқалар каби ҳамдардликка, сиёсий ёки соф маънавий далдага муҳтож бир мамлакатга муносабатини кўрсатади. Президентнинг сукут қилиши эса унинг сиёсий инфантиллик даражаси ёхуд аниқ мақсадга йўналтирилган сиёсатидан дарак беради. Мен мана шу ҳолатни сира тушуна олмайман. Уруш ўз йўлига, бироқ одамлар ҳалок бўлаётган экан, президент ўша мамлакатга ҳамдардлик билдириши ва ўз фикрини айтиши керак”, дейди Алишер Таксанов.
Собиқ дипломат қайд этганидек, Ўзбекистон президентининг хорижга йўллаётган ҳамдардлик муждаларида ҳам давлатларга алоҳида танлов билан ёндашиши қайд этилади.
Бунга Украинадаги вазият яққол мисол. Ўзбекистон президенти шу кунга қадар бу давлатдаги урушни бирор марта тилга олмади.
Яъни, Ўзбекистонда ичидаги фавқулодда ҳолатлар, техноген офатлар ёки ҳукумат тузилмалари айби билан содир бўлаётган ҳодисалар ва уларнинг қурбонларини тан олишга коррупция, маънавий ёки моддий товон пулини тўлашдан қочиш сабаб кўрилса,
хорижга йўлланаётган танланган ҳамдардлик муждалари - расмий Тошкентда сиёсий ироданинг сустлиги ёхуд энг камида, миллат манфаатидан устун қўйилган ортиқча эҳтиёткорлик сифатида кўрилмоқда.
Форум