Новосибирсклик Дмитрий икки фарзанднинг отаси. Уч йилдан бери давом этаётган уруш унинг ҳаётида муаммо эмас, балки кўпроқ ноқулайлик туғдирганини айтади.
У Ғарб санкциялари туфайли даромади камайгани, нархларнинг кескин ошгани ва ўғлининг мактабда хавфли миллатчилик тарғиботига дуч келаётганини сезган.
50 яшар Дмитрий аввал ҳам кўплаб инқирозларни бошдан кечирган. Жумладан, у 1991 йилда Совет Иттифоқининг парчаланиши, 1998 йилда рубль таназзули ва мамлакатнинг дефолтга учраши ҳамда 2008-2009 йилги жаҳон иқтисодий инқирозига бевосита гувоҳ бўлган.
“Россияга қўйилган санкциялар туфайли иш қийинлашди, чунки рус дастурий таъминоти АҚШ технологиялари каби яхши эмас. Аммо барча харажатларимни қоплай олиш учун етарли маблағим бор, фақат янги машина бундан мустасно”, — дейди у.
Дмитрийнинг қўшимча қилишича, “автомобиллар ҳозир жуда қимматлаган” ва Хитойдан импорт ошиб бормоқда.
Дмитрий ҳам бошқалар каби хавфсизлик нуқтаи назаридан фамилиясини ошкор қилмасликни сўради.
Москвалик Виктория учун эса уруш бошидаги дастлабки даҳшат ва қўрқув аллақачон тарқалиб кетган. Украинада қариндошлари бўлишига қарамай, у энди урушни аввалгидек кўнглига яқин олаётгани йўқ. Кўплаб маҳсулотларнинг нархи ошган бўлса-да, иш ҳақининг кўтарилгани буни мувозанатлашга ёрдам берган. Сўнгги уч йил ичида Москвада очилган янги кўнгилочар масканлар эса одамлар ҳаётини айрим жиҳатдан мароқли қилган.
Европага саёҳатдан маҳрум бўлгани Виктория учун урушнинг энг катта таъсири бўлди. Авваллари ҳар йили Париж ёки Римга саёҳат қилган Виктория, 2022 йилдан бери таътилни оиласи билан асосан Яқин Шарқ ёки Россия ичкарисида ўтказиб келади.
Ғарбнинг Россияга санкцияларидан сўнг, мамлакат ички туризм саноатига сармоялар кескин ошди. Виктория ва унинг Москвалик дўстлари энди Алтай, Кавказ ва Сочи каби дам олиш масканларида ҳордиқ чиқаришни афзал кўрмоқда
“Дўстларимдан ҳеч бири уруш сабаб жиддий қийинчиликларга дуч келгани йўқ. Аммо мен Москваданман, вилоятлардаги вазият бошқача.”
2025 йил 24 февраль куни Россиянинг Украинага босқинига уч йил тўлди. Уруш ХХИ асрнинг энг муҳим воқеаларидан бирига айланиб, улкан инсоний йўқотишларга сабаб бўлди ва Иккинчи жаҳон урушидан бери мавжуд бўлган Ғарб етакчилигидаги жаҳон тартибини издан чиқарди.
Уруш оқибатлари дунё бўйлаб турлича акс садо бераётган бўлса, Россия ичида ҳам бу жараён нотекис кечмоқда. Мамлакатнинг 144 миллионлик аҳолиси орасида уруш баъзиларга деярли таъсир кўрсатмаган, яна кимлардир урушдан фойда кўраётган бўлса, яна кўпчилик ўз ҳуқуқлари ва ҳаётидан айрилди
Украина билан чегарадош Белгород ёки Сибирнинг энг қашшоқ ҳудудларидан бири бўлган Бурятияда урушнинг таъсири анча кенгроқ сезилди, дейиш мумкин. Бу ҳудудларда иш ўринлари ва маошларнинг ошиши кузатилган бўлса-да, уруш натижасида жуда кўп одам ҳалок бўлди ёки жароҳатланди.
Украинадаги жанговар ҳаракатларда иштирок этаётган рус аскарларининг аксарияти асосан вилоятлардан келган эркаклар.
Ҳарбий хизматчиларнинг маоши ўртача иш ҳақидан бир неча баравар юқори бўлиб, омон қолганларга уй сотиб олиш, яхшироқ автомобиль харид қилиш ёки хорижга саёҳат қилиш имкониятини бермоқда. Камбағал ҳудудлардан келган эркакларни урушга боришга ундаётган асосий омиллардан бири айнан юқори маош экани уларнинг ҳарбий хизматни “иш” деб аташидан ҳам яққол кўринади.
Аслида, уруш ҳукуматнинг миллий фаровонлик жамғармасидан энг қашшоқ ҳудудларга инвестиция киритиш тизимига айланиб қолди. Бу маблағлар аскарларга тўланадиган маош, ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар учун компенсация, шунингдек, қуроль-яроғ ва техника ишлаб чиқаришга йўналтирилмоқда. Россия бу йил мудофаа харажатларини чорак қисмга ошириб, 150 миллиард долларга етказмоқда. Мамлакатнинг кўплаб ҳарбий заводлари айнан вилоятларда жойлашган.
“Урушга ажратилган маблағлар бутун мамлакат бўйлаб, фақат Москвада эмас, балки бошқа жойларда ҳам истеъмол бозорининг жонланишига сабаб бўлди. Лекин бу узоқ давом этмайди. Тинчлик битими имзоланган заҳоти бу жараён тўхтайди ва даромадлар кескин пасаяди,” — дейди Маcro-Advisory тадқиқот фирмаси асосчиси Крис Уифер.
Аммо уруш Россия учун ҳам оғриқ ва уқубат келтирди, гарчи асосий жанглар Украинада кечаётган бўлса ҳам. Кремль йўқотишлар борасида сукут сақлаётган бўлса-да, АҚШ собиқ мудофаа вазири Ллойд Остин январь ойида Россия уруш бошланганидан бери 700 мингдан ортиқ аскарини йўқотганини (ўлганлар ва ярадорлар билан) маълум қилди. Бу мамлакатнинг аллақачон маблағ етишмаслигидан азият чекаётган соғлиқни сақлаш тизимига катта босим ўтказмоқда. Айниқса, Бурятия каби этник ҳудудлар уруш қурбонлари сони бўйича энг катта йўқотишларга дуч келмоқда.
Урушнинг дастлабки кунларида жасадлар солинган қора халталар ва тобутлар етиб келиши одамлар учун ҳақиқий шок эди. Oзодлик, ББC ва бошқа мустақил ОАВлар олиб борган текширувларга кўра, жанг майдонида ҳалок бўлган рус аскарлари сони бир неча ўн минглаб. Кремль жамиятда норозилик авж олмаслиги учун ўлим статистикасини давлат сири деб таснифлашга мажбур бўлди
Ҳукумат мамлакатнинг ҳақиқий йўқотишларини яширишга уринаётган бўлса ҳам, оддий россияликларни энди уруш қурбонлари ҳақидаги хабарлар қизиқтирмай қўйди
“Дастлаб, ҳар бир ўлим муҳокама қилинар, биз дафн маросимларига борардик. Энди эса ким ҳалок бўлди, умуман ўлганми ёки йўқми, қанчаси кетиб, қанчаси қайтганини ҳам билмаймиз,” — дейди Улан-Уде шаҳрида яшовчи 40 ёшли ўқитувчи.
Уруш Россия ҳудудларига ҳам вайронагарчилик олиб келди ва таълим ҳамда бошқа хизматлар учун мўлжалланган маблағларни бошқа йўналишларга буриб юборди. Белгород мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, қўшни Курск вилоятининг айрим қисмлари эса Украина назоратида. Уруш Россия аҳолисининг бир қисмига бевосита таъсир қилмоқда. Мамлакатнинг энг ғарбий ҳудудларида — Санкт-Петербургдан тортиб Краснодаргача бўлган минтақаларда жойлашган энергетика ва ҳарбий объектлар ҳам тез-тез зарбаларга учрамоқда.
Путин 2022 йилда Украинага кенг миқёсли босқинни бошлагач, Россияда сўз эркинлиги, уюшмалар ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига қарши босим янада кучайди. Айниқса, либераллар, ЛГБТ жамоаси, мигрантлар ва аёллар ушбу репрессиянинг энг катта қурбонларига айланди.
Урушга қарши чиқаётган одамлар мунтазам равишда “экстремизм” айбловлари билан қўлга олиниб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинмоқда. Шу билан бирга, Марказий Осиёдан келган мигрантлар урушда қатнашишга мажбурланмоқда ёки оммавий равишда депортация қилинмоқда.
Россиядаги мухолифат ҳаракати бутунлай парчаланиб кетди — унинг етакчилари қамоққа ташланди, ўлдирилди ёки мамлакатдан қувилди. Уларнинг тарафдорлари эса хорижга қочиб кетган ёки танқидий чиқишларни тўхтатган.
Путин жамиятнинг барча қатламларида, айниқса мактабларда, ватанпарварлик тарғиботини кескин кучайтирди. Ўқувчиларга “ватанни севиш” тарғиб қилинмоқда ва уларни мамлакатга хизмат қилишга рағбатлантириш тизимли равишда йўлга қўйилди.
Уруш, мафкуравий тарғибот ва репрессия жамиятни бўлиб юборди. Россияликлар энди бир-бирини кузатиб, ҳатто шифокор қабулида — урушни танқид қилган қўшниларини ҳукуматга сотиш одатини ривожлантирмоқда.
Шу билан бирга, уруш Россиянинг аллақачон ёмонлашиб бораётган демографик аҳволини янада оғирлаштирар экан, ҳукумат абортни чеклаш ва аёлларни кўпроқ фарзанд кўришга ундашга ҳаракат қилмоқда. Кремль бу масалада аниқ ишора берганидан сўнг, ўтган ойлар ичида Россиянинг ўнлаб минтақалари “абортни”ни тақиқловчи қонунларни қабул қилди.
Россиянинг Украинага босқини мамлакатни Ғарб билан боғлаб турган ўнлаб йиллик савдо алоқаларини узди. АҚШ ва Европанинг йирик компаниялари, жумладан ишлаб чиқарувчилар ва чакана савдо тармоқлари Россияни тарк этди. Уларнинг ўрнини маҳаллий ва Осиёдаги бизнес эгалари эгалламоқда.
“Кўчаларда юрсангиз, илгари таниш бўлган Ғарб брендлари ва дўконлари йўқлигини дарҳол пайқайсиз. Уларнинг ўрнини маҳаллий компаниялар ёки Осиё маҳсулотлари эгаллаган. Йўлларда эса Хитой автомобиллари анча кўпайган” — дейди Крис Уифер.
Ёзнинг авж нуқтасида Москва ва Санкт-Петербургга оқиб келадиган европалик сайёҳларнинг ўрнини асосан араб ва қисман хитойлик сайёҳлар эгалламоқда. Россия авиакомпаниялари эса Ғарб давлатлари томонидан қўйилган тақиқлардан кейин Яқин Шарқ ва Осиёда янги йўналишлар очишга эътибор қаратмоқда.
Уруш Россия иқтисодиётини Осиёга, айниқса Хитойга йўналтиришга мажбур қилди. Негаки, Ғарб мамлакатлари Россия энергия ресурсларини импорт қилишни қисқартирди ёки бутунлай тўхтатди ҳамда мамлакатни халқаро молиявий бозорлардан узиб қўйди.
Таҳлилчи Крис Уифернинг фикрича, агар келажакда тинчлик битими тузилиб, Россиянинг Ғарб билан дипломатик ва иқтисодий алоқалари тикланса ҳам, савдо-иқтисодий муносабатлар аввалги ҳолатига қайтиши даргумон.
“Россияликлар энди Ғарб маҳсулотларини харид қилиш, Ғарбга саёҳат қилиш одатларига қайтмаслиги мумкин, чунки улар янги бренд ва йўналишларга ўрганиб қолишди”, дея хулоса қилади у.
Форум