Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:49

"Инсон қадри учун". ЎзЛиДеП ходимлари сайловдан сўнг "кўчага улоқтирилгани"ни айтмоқда


O’zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Ҳалимжон Раҳмонов(чапдан биринчи)
O’zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Ҳалимжон Раҳмонов(чапдан биринчи)

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси президент сайловини ўтказиб олганидан сўнг ўз тизимида штат қисқартиришни бошлади.

Партиянинг Фарғона вилояти Кенгашидан олинган маълумотга кўра, вилоят бўйича 23та штат ва уни эгаллаб турган ходимлар қисқартирилган.

Cайлов ўтиб бўлиши биланоқ қисқартирилиши ҳақида огоҳлантириш мактуби олган ходимларнинг айтишларича, бошқа бўш вакансиялар бўлишига қарамасдан, уларга бошқа иш топишлари сўралган.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Фарғона вилояти Кенгаши аппарат раҳбари Ҳалимжон Раҳмонов Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.

ЎзЛиДеп Марказий кенгаши матбуот хизмати раҳбари Элмурод Панжиев штатлар қисқартирилиши ҳақидаги саволга жавоб беришга ожизлигини айтди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Фарғона вилояти Кенгаши ходимларидан Озодликка юборилган мактубда бундай деб ёзилган

"Инсон қадри учун" шиори остида ўтган йили сайлов ўтказдик.

Ватанпарварликми, фидойиликми билмадим, лекин сайлов жараёнида кечаю-кундуз, дам олишсиз ишладик.

Биз номзодимиз Ш.Мирзиёевнинг "Инсон қадри учун" ғоясига қаттиқ ишониб қолибмиз. Лекин, сайлов ўтиши билан ЎзЛиДеП партияси тизимида йирик штат қисқартирилиши бошланди.

Сайловда жонбозлик кўрсатган, "инсон қадри"ни тарғиб қилган ходимлар қадрсизланиб қолди.

Масала ҳозир бунда ҳам эмас. Ташкилотларда қисқартириш бўлса, қисқартиришга тушган ходимларга ташкилотдаги бўш турган иш жойлари таклиф қилиниши керак эди. Бироқ бундай бўлмади. Ҳеч бўлмаса вояга етмаган фарзандлари бор аёлларга ҳам раҳм қилинмади. ЎзЛиДеП Фарғона вилояти Кенгаши раҳбари штатлари қисқартирилган ходимларни ҳеч қандай имтиёз ва имкониятсиз кўчага улоқтирди.

Фарғонада ЎзЛиДеП партияси вояга етмаган фарзандлари бор ва ҳаттоки ҳомиладор одамларга ҳам шафқат қилаётгани йўқ.

Партия раиси Президентни олдида бир икки кўриниш берган киши бўлиб ҳаммани оёқ учида кўрсатиб ташкилотнинг энг тажрибали ходимларини ишсиз қолдирди. Бундан илҳомланган аппарат раҳбари Ҳалимжон Раҳмонов ўзига ёқмаган ходимларни ёппасига ишдан бўшатди. Шунга айтишса керак, "онангни қози хафа қилса дардингни кимга айтасан" деб”.

Исми сир қолишини сўраган мактуб муаллифларидан бирининг Озодликка айтишича, вилоят бўйича 23 нафар ходим қисқартирилган:

“Аппаратдан сиёсий таълим маркази, ёшлар қаноти, мафкуравий тарғибот бўлими, хўжалик бўлими раҳбарлари ишдан бўшатилди. Қолган ходимлар эса туман бўлимларидан ишдан кетди. Меҳнат қонунчилиги бйўича, қисқартирилган ходимга ўзининг иш жойида бўш жой бўлса тавсия қилиниши керак. Аммо бизда ундай бўлмади. Ёш боласи уч ёшга тўлмаган ходимларимиз, ҳомиладор аёллар ишдан кетди. Аппарат раҳбари Ҳалимжон Раҳмонов ўзи ёқтирмаган одамларни ишдан бўшаттирди. Масалан 15 йил ишлаган одам бор эди, уни ҳам йўқотди. Хуллас, ўзига янги команда тузмоқчи”.

Ходимнинг айтишича, энг алам қиладигани сайлов ўтиши билан уларнинг кераксиз бўлиб қолганидир:

“Ўтган йилги президентлик сайловида кечаю кундуз ишладик. Марказий аппаратнинг ҳам хатоси шуки, эшаги лойдан ўтганидан сўнг, бизга шунақа ғайринсоний муомала қилди. Мафкуравий тарғибот бўлимини ҳам ёпишди. Сайлов ўтиб бўлди-да, энди тарғибот керак эмас. Янаги сайлов арафасида балки яна ташкил қилишар. Эркак ўқитувчиларимиз балки ўзларига бошқа иш топиб олишар, лекин аёл ходимларга қийин бўлди”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа ходимнинг айтишича, у ишдан бўшатилганидан сўнг партия аъзолигидан ҳам воз кечган:

“Тўғри-да, ишлатиб-ишлатиб кўчага улоқтирадиган бунақа партиянинг кимга кераги бор. Қаранг, сайлов октябрда бўлди, орадан бир ой ўтмай 21 ноябрда қисқартирилишимиз ҳақида огоҳлантириш олдик. Хафа бўлдим, партия аъзолигидан чиқиш ҳақида ариза ёздим ва бошқа иш топдим”.

ЎзЛиДепнинг Фарғона вилоятининг туманларидан биридаги бўлими раҳбарининг айтишича, партияда ишлаш мансаб пиллапоясидан кўтарилиш учун асос вазифасини ўтайди:

“Партияда ишлаш бу карьера қилиш учун трамплин. Ҳокимиятга яқинлашиш, яхши лавозимларни эгаллаш учун кўпинча партиялардан номзодлар танланади. Партиядан ишдан кетган карьерачи бирданига икки орзусидан ажралади. Биринчиси яхши маош ва иккинчиси карьера трамплинидан маҳрум бўлиш. Шунинг учун карьера қилмоқчи бўлганлар тиш-тирноғи билан партияга ёпишади”.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Фарғона вилояти Кенгаши аппарат раҳбари Ҳалимжон Раҳмонов суҳбатдоши Озодлик мухбири эканлигини эшитиши биланоқ, гўё бошқа эшитмаётгандек “ало, ало” деб алоқани узиб қўйди. Раҳмонов бошқа қўнғироқларга жавоб бермади.

ЎзЛиДеП Марказий кенгаши матбуот хизмати раҳбари Элмурод Панжиев штатлар қисқартирилиши ҳақидаги саволга жавоб бера олмаслигини айтди.

Ўзбекистонда ўтган йили кутилганидек, иқтидордаги Либерал-демократик партия мамлакатнинг амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев номзодини яна бир муддатга президентликка илгари сурган ва сайлов натижаларига кўра Мирзиёев ғолиб бўлган эди.

2021 йилдаги президент сайловига жами 300 млрд сўм, сиёсий партияларнинг ташвиқот ва тарғиботи учун 15 млрд 486 млн сўм, ҳар бир номзодга эса — 3 млрд сўмдан ажратилган эди.

Ўзбекистон Либерал Демократик партиясининг Фарғона вилоят фаоллари ўшанда президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг номзодини қўллаб-қувватлаш учун имзо йиғишда ортиқча талаб қўйилаётганидан шикоят қилган эдилар.

XS
SM
MD
LG