Аммо бу даъволар ортида жиддий муаммолар – эскирган технологиялардан тортиб геосиёсий рақобатгача – яширинган.
Минтақа ушбу соҳада мутлақ етакчи бўлган Хитойга ҳақиқий муқобилга айлана оладими?
Ўзаро ваъдалар
Марказий Осиё дунё захираларининг салмоқли улушига эга ва Европа унга адолатли, алоҳида таклиф тақдим этмоқчи, — деди ўтган ой Самарқандда бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» («МО — ЕИ») саммити иштирокчиларига мурожаат қилган Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен.
Учрашув фонида АҚШ томонидан бошланган савдо уруши ва Хитойнинг стратегик фойдали қазилмалар экспортига қўйган чекловлари турарди. Шу сабабли, бешта Марказий Осиё давлати президентлари, Европа Комиссияси раиси ва Европа кенгаши президенти иштирок этган саммитда нодир масаласи марказий ўринни эгаллади.
Ноёб металлар ва нодир элементлар
- Ноёб ер элементларига 17 та металл киради: скандий, иттрий, лантан, церий, празеодим, неодим, прометий, самарий, европий, гадолиний, тербий, диспрозий, гольмий, эрбий, тулий, иттербий, лютеций.
- Уларнинг кўпчилиги табиатда қўрғошиндан кам учрамайди, аммо уларни олиш қийинлиги туфайли "ноёб" деб аталган — асосан қазилмаларда қўшилма кўринишида бўлади. Энг кам учрайдиган ва ягона радиоактив ноёб ер метали — прометий. У табиатда деярли учрамайди, сунъий йўл билан ядровий реакторларда олинади.
- Ноёб ер элементлари — камёб элементлар гуруҳининг бир қисми. Бу гуруҳга умумий 60 дан ортиқ элемент киради, жумладан литий, бериллий, ванадий, титан ва молибден.
ЕИ ўз ваъдаларида майдалашмади ва Global Gateway инвестиция пакети доирасида 2,5 миллиард еврони Иттифоқ учун муҳим деб кўрилган материаллар лойиҳаларига ажратди.
Саммит олдидан Қозоғистон ўз салоҳияти ҳақида жуда фаол гапира бошлади. Масалан, "тенгсиз кон" очилганини эълон қилди. Бу хабар мамлакат ташқарисига ҳам тарқади. ЕИнинг Остонадаги элчиси Алешка Симкич бу янгилик "Қозоғистоннинг стратегик хомашё соҳасидаги аҳамиятини оширди", деб баҳолади. Бироқ, кон бўйича изланиш олиб борган геологларнинг Озодликка билдиришларича, бундай баёнот шошма-шошарлик билан қилинган, захираларни тасдиқлаш учун ҳали кўп вақт ва катта маблағлар керак.
Нодир металларнинг аҳамияти нима?
- Нодир металлар юқори технология соҳалари учун деярли алмаштириб бўлмайди: улар электроника (смартфон, винчестер, дисплей), тиббий жиҳозлар (МРТ), мудофаа тизимлари (радар, нишонга олиш тизимлари) ишлаб чиқаришда ишлатилади.
- Улар «яшил технологиялар» учун жуда муҳим ва дунё давлатлари ана шу йўлга ўтишга қарор қилган. Масалан, неодим ва празеодим электродвигатель ва шамол турбиналаридаги кучли магнитларда ишлатилади. Электромобиллар ва шамол энергетикаси бум туфайли уларга талаб ортмоқда.
- Диспрозий магнитларни юқори ҳароратларга чидамли қилиш учун қўшилади — бу Tesla автомобиллари ва винчестерлар учун муҳим. Европий ва тербий дисплей ва LED лампалардаги люминофорларда, иттрий эса лазер ва юқори ўтказувчанлик технологияларида қўлланилади.
- Уникал хусусиятлари туфайли РЗЭни тўлиқ алмаштиришнинг ҳозирча имкони йўқ, ҳатто қисман алмаштириш ҳам кўпинча самарадорлик ёки харажатларда муаммоларга олиб келади.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров саммит пайтида мамлакатнинг салоҳияти ва ҳамкорликка тайёрлигини таъкидлади:
— Қирғизистонда нодир ва қимматли металлларнинг катта захиралари бор. Бу йўналишда алоҳида шериклик ёки "йўл харитаси" кўринишида ҳамкорликни фаоллаштиришни таклиф қиламиз, — деди у.
Ҳозирча Европа Иттифоқи стратегик хомашё бўйича расмий шерикликни фақат Қозоғистон ва Ўзбекистон билан расмийлаштирган — "йўл хариталари" ва ўзаро Англашув меморандумлари кўринишида. Март ойида Қозоғистон ушбу соҳада ЕИ билан 3 миллион евро қийматида шартнома имзолади.
ЕИ Ғарбнинг ягона ҳамкори эмас. АҚШ ҳам Хитойга муқобил излаб, Марказий Осиёга юз бурган. АҚШ Қозоғистонда Орол денгизи атрофида литий ва бошқа ноёб металлларни излашни молиялаштирмоқда ва Cove Kaz Capital Group қўшма корхонаси орқали Қўстанай вилоятида неодим, празеодим, диспрозий ва тербий излашни бошлади.
Ўзбекистон АҚШ билан 7 апрель куни стратегик материаллар бўйича келишув имзолади. Бу келишув геологик тадқиқотлар ва қазиб олишни ўз ичига олади. Ўтган йили ҳам Ўзбекистон бу борада Германия ва Жанубий Корея билан келишувлар тузган эди. Жами 2,6 миллиард доллар инвестиция киритмоқда.
Форум