Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:37

Хитой ўз тарихида илк маротаба Марсга космик кема қўндирди


Марс сайёраси юзаси
Марс сайёраси юзаси

Хитой 15 май куни ўз фазо дастури тарихида биринчи марта Марсга космик кема қўндирди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар берди.

Режага биноан, кема бортида юборилган марсюрар бир неча кун давомида диагностик синовларни ўтказади. Бунинг ортидан ровер кемадан ажралиб, Марс сатҳига тушади ва Қизил сайёранинг Утопия текислиги номи билан танилган ҳудудини ўрганиш учун йўлга отланади.

Февраль ойида АҚШ юборган ровер ҳам Марсга етиб борган эди.

Ўтган ойда Хитой ўзининг Тяньгун – «Самовий сарой» космик станциясининг биринчи модулини орбитага учирганди. Фазода доимий яшаш жойини яратишга бел боғлаган Пекин учун бу катта ютуқ бўлди.

Xinhua расмий ахборот агентлигида кема муваффақиятли қўнгани ҳақида ёзилган мақолада «Хитой биринчи марта Марсда из қолдирди. Бу мамлакатимизнинг космик тадқиқотларида муҳим қадамдир», дейилган.

1976 йилдан бери АҚШ Марсга тўққиз маротаба муваффақиятли тарзда кема қўндирган. Совет Иттифоқи сайёрага 1971 йилда кема юборган, аммо аппарат Марс сатҳига қўнганидан кейин кўп ўтмай маълумот юбормай қўйган.

Айни дамда февраль ойида Марсга қўнган АҚШ марсюрари ва митти вертолёт Қизил сайёрани ўрганмоқда.

Хитой бундан олдин Ойга кема юборган эди. Аммо Марсга кема қўндириш бундан кўра анча мураккаб ишдир. Қизил сайёрага юборилган кемалар сайёра атмосферасига кириб бораётганида эриб кетмаслиги учун ҳимоя қатламлари билан ўралади. Шунингдек, Марсга юборилган кемаларни қўндиришда ҳам ракеталардан, ҳам парашютлардан фойдаланилади. Кема белгиланган жойда қўниши учун парашютлар ва ракеталар муайян вақтда аниқ ишга тушиши керак.

Xinhua хабарида айтилишича, капсула 125 километр баландликда Марс атмосферасига кириб борган. Бунинг ортидан 200 квадрат метрлик парашют очилган ва кейинчалик кемадан ажралган. Кейин эса ретро-ракета ишга тушиб, кема тезлигини секинлатган. Кема юзадан тахминан 100 метр баландликда қалқиб туриб, қўниш учун қулай жой танлаган.

«Ҳар бир қадамни ташлашимиз учун фақат битта имкониятимиз бор бўлиб, ҳаракатлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ эди. Агар бирон-бир нуқсон бўлганида, қўниш муваффақиятсиз тугаган бўлар эди», деган Хитой Миллий фазо бошқармаси расмийси Генг Ян.

Кема шанба куни Пекин вақти билан эрталабки соат 7:18 да қўнган. Ерда кема муваффақиятли қўнгани орадан бир соат ўтиб тасдиқланган. Ровер қўнганидан кейин қуёш панеллари ва антеннасини очган, сўнгра Ерга сигнал юборган. Сигналлар Ерга етиб келгунича 17 дақиқадан кўпроқ вақт ўтган.

Хитой кемасининг Марсга қўнгани ХХРдаги етакчи ижтимоий медиа платформаси ҳисобланувчи Weibo сайтида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуга айланди.

«Тяньвэнь-1» космик кемаси февраль ойидан бери Марс атрофида айланаётган эди. Кема Ердан 6,5 ойлик саёҳатдан кейин Қизил сайёрага етиб борган.

Олов худоси Чжужун номи берилган марсюрар 90 кун давомида Марсда ҳаёт изларини қидириши кутилмоқда. Тахминан кичкина автомобилга тенг келадиган ровер радар, лазер ҳамда атмосфера ва магнит сфераларини ўлчовчи сенсорлар жиҳозланган.

XS
SM
MD
LG