Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:24

Йил якунлари: "Янги Ўзбекистон" ва эски Европа - Мирзиёевнинг Ғарб ва Шарқ дипломатияси


Президентлар Эммануэль Макрон ва Шавкат Мирзиёев.
Президентлар Эммануэль Макрон ва Шавкат Мирзиёев.

2023 йилда Ўзбекистон ва Европа ўртасида мулоқотлар фаоллашгани кузатилди.

Европа пойтахтлари билан мулоқотларнинг фаоллашишига Мирзиёевнинг бир умр ҳокимиятда қолишига йўл очган зиддиятли конституциявий референдум ва европалик кузатувчиларнинг ўзи танқид қилган баҳсли президент сайловлари ҳам тўсиқ бўла олмади.

Россиянинг Украинага босқини боис йил давомида Марказий Осиёга дунё эътибори ортаркан, Ўзбекистон ҳукумати минтақада ҳам фаол кўринишга ҳаракат қилди.

Президент Мирзиёев Ғарб пойтахтларига бирин-кетин сафарларида, Кремлнинг ошиб бораётган босимидан ҳимоя, ўсаётган ташқи қарз юкидан қочиш учун дастак излагани айтилди.

Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигига босимлар, танқидчи блогер, фаоллар ва мухолифларга қарши таъқибларнинг кучайиши, ҳокимиятнинг юқори доираларидаги коррупцияга доир янада кўпроқ фактлар юзага чиқиши манзарасида юз берди.

Референдумни “ютган” Ғарб

2023 йилда Мирзиёев Евроиттифоқнинг қатор давлат раҳбарларини Ўзбекистонда кутиб олди, ўзи ҳам қатор Ғарб давлатлари, жумладан,АҚШга сафар қилди. БМТ минбаридан туриб нутқ сўзлади.

Ўзбекистон раҳбари олдинги икки президентлик муддатини ноллаштириб, учинчи ва тўртинчи муддат президентликка йўл очган баҳсли Конституциявий референдум ўтказилган куннинг эртасига Берлинга борди.

Шу йилнинг 30 апрель куни ўзбекистонликлар мамлакат тарихидаги учинчи конституциявий референдумда овоз беришди.

65 фоиз янгиланган Конституция 65 яшар президентнинг 2 муддатини ноллаштирди - 13 йил бош вазир, икки муддат президент бўлган Мирзиёевга 2037 йилгача ёки амалда умрбод ҳокимиятда қолиш имконини тақдим қилди.

Гарчи мухолиф ва танқидчилари, Шавкат Мирзиёев ҳар жиҳатдан авторитар Ислом Каримовга ўхшаб бораётганини бот-бот айтишса-да, Ғарб ҳукуматлари бу референдумни сокингина тан олди.

Хусусан, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен, президентлик муддатини ноллаштирган референдум олдидан - 1 март куни Тошкентда бўлиб, президент Мирзиёев билан ёпиқ эшиклар ортидаги музокаралар ўтказди.

Музокарадан сўнг Озодликка эксклюзив интервью берган Тошкентдаги АҚШ элчисининг маслаҳатчиси Алексис Салливан “ҳар бир давлат ўз келажагини ўзи белгилаши керак” дея изоҳ берди:

"Қўшма Штатлар ҳар бир давлат ўз келажагини ўзи белгилаши керак деб ҳисоблайди. АҚШ ҳукумати қатор бошқа соҳаларда бўлгани каби, Мирзиёев бошлаган турли соҳалардаги ислоҳотлар борасида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Мирзиёевнинг ўзи таъкидлаган, бу ислоҳотлар ортга қайтмасдир ва халқ фаровонлигини оширишни мақсад қилган. Вашингтон бу борада барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишда ишончли ҳамкор сифатида кўрамиз. Конституциявий ислоҳотлар, бу тўғридаги муҳокамаларга келадиган бўлсак, биз ҳар бир давлатнинг ўз келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга, деб ишонамиз".

Минтақанинг “ислоҳотчи” раҳбари

Ислом Каримов даврида Ўзбекистон ва Марказий Осиёга нисбатан маънили сиёсати йўқлиги учун танқид қилинган Европа учун, таҳлилчилар фикрича авторитар раҳбарларнинг ўлими бир нави "имконият даричасидир".

2016 йил сентябрида Ислом Каримов ўлимидан сўнг ҳам шундай бўлди.

Европа, хусусан, унинг икки етакчи давлати бўлган Германия ва Франция Ўзбекистоннинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Каримов меросидан масофаланишга қаратилган қадамларини олқишлади ва унинг сиймосида эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилаётган "ислоҳотчи"ни кўрди.

Аммо орадан етти йил ўтиб, Европа пойтахтларида Мирзиёев "ислоҳотлари"дан умид унча катта эмас.

“Аслида Мирзиёевнинг аввалги фаолияти ва биографиясини инобатга олган ҳолда, у президентликка келганида биз экспертлар ва сиёсатчилар бироз эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлгандик. Кейин эса у ислоҳотлар ташаббуси билан чиқди ва демак, яхши ўзгаришларни бошлаш ниятида, деб умид қила бошладик. Ўйлашимча, бизнинг сиёсатчи раҳбарларимизда ҳам шундай таассурот бўлган. Аммо, кейинчалик ҳамманинг бироз ҳафсаласи пир бўлди. Чунки, ислоҳотлар кутилгани каби тез бўлмади ва яна қатор муаммолар ўртага чиқди”, дейди Берлиндаги Марказий Осиё бўйича тадқиқотчи Беата Ишмент.

Мирзиёевни “тушунган” Париж

2022 йил кузида президент Мирзиёев билан Парижга сафар қилган ўзбек делегацияси мулозимлари Озодлик мухбири билан ўзаро мулоқотларда, расмий Тошкент Париждан Ўзбекистоннинг бугунги вазиятига "тушуниш билан ёндашишни сўраётганини айтишгади.

Ўзбек расмийлари, Ғарбнинг мислсиз санкциялари остида қолган Россиянинг Марказий Осиёга ортиб бораётган босимини урғулашган.

Кремлнинг исталган пайтда, Россияда юрган миллионлаб меҳнат муҳожири ёки энергетик ресурслар устидан Тошкентни қисувга олиши мумкинлигидан хавотир билдирган эди.

Озодликка исми очиқланмаслик шарти билан гапирган расмийлар Париж раҳбарияти бу вазиятни тушунгани ва Ўзбекистонга ёрдам қўлини чўзганини айтишган.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов эса Озодлик билан интервьюда буни тасдиқлаган эди.

Ўзбекистон излаган “тушуниш” ишоратлари 2023 йил давомида Евроиттифоқнинг қатор пойтахларида ўтган учрашувларда кўринди.

Хусусан, 2023 йилнинг 2 ноябрида Тошкентга сафар қилган Франция президенти Эммануэл Макрон Шавкат Мирзиёев билан ўзаро самимий лаҳзалари акс этган қатор тадбирларни ўтказди.

Раҳбарлар кенг табассум билан қўл сиқишар экан, ўзбек расмий матбуоти, бу орада бизнес доиралари ғарб ширкатлари билан энергетика, логистика, ахборот технологиялари, медицина, туризм каби қатор соҳаларда бир неча 10 миллиард евролик келишувлар имзоланганини хабар қилишда давом этди.

Табиий, ўзбек ҳукумати матбуотга айтаётган ҳамкорликка оид рақамларнинг қанчаси муҳр урилган келишувларга кўчадию қанчаси амалга оширилган реал лойиҳага айланади - бу йиллар давомида очиқ қолаётган яна бир алоҳида баҳсли масала.

Кремл билан “орачи”

2023 йилда кузатилган яна бир қизиқ жиҳат - Ғарб раҳбарлари билан мулоқотлардан олдин ёки кейин Мирзиёевнинг Россия расмийлари ёҳуд бевосита президент Путин билан ўтган мулоқотлари бўлди.

Шахсан Шавкат Мирзиёевнинг ўзи бу йил икки марта Россияга сафар қилди.

Шу йил 5-6 ноябрь кунги сафарида эса Москвадаги номаълум рус аскари хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Ўзбек мулозимларига бош бўлиб, Москвадаги майдонда қисқа юриш ҳам қилди.

Молиявий аспект

Расмий Тошкент Европа пойтахтларида сиёсий тушуниш билан бирга иқтисодий ва молиявий дастак ҳам изламоқда. Таҳлилчиларга кўра, Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий соҳада режалаётган ислоҳотлари учун Ғарбнинг молиявий дастагига муҳтож.

Бу дастак Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги икки йирик шериги - Хитой ва Россия сармоялари ўрнини босолмайди, аммо салмоқли. Айниқса, савдо имтиёзлари ва технологиялар соҳасида.

2023 йилда Ўзбекистон сўнгги 20 йилда биринчи марта Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг йиллик анжуманига мезбонлик қилди.

Шу йил 16-18 май кунлари Самарқандда ўтган анжуманда ЕТТБ 32-йиллик йиғини бошқарувчиси сифатида тақдим қилинган Ўзбекистон президенти администрациясининг эндиликда собиқ раҳбари Сардор Умурзоқов ғарб молия институтларини Ўзбекистон сармоя киритиш учун энг қулай ва хавфсиз давлат эканига ишонтиришга уринди.

ЕТТБ экспертлари 2017 йилда халқаро молия институтларига эшигини очган Ўзбекистонни иқтисодий жиҳатдан истиқболли давлат сифатида баҳолайдилар.

Самарқанддаги тадбирда уларнинг аксари ўзбек томони ваъдаларига ишонч билдирди.

Гарчи, айрим халқаро инвесторлар ва экспертлар, Ўзбекистонда бизнес муҳитининг ҳануз шаффоф эмаслиги, хусусий секторда асосан ҳукумат мулозимларига афилланган бизнес етакчилик қилаётгани, ҳукуматнинг эса уларнинг манфаатини ҳимоя қилиши кенг тарқалганини айтишади.

Жаҳон банки эса ўтган йилги ҳисоботида Ўзбекистонда олигархиялашув кучайиб бораётганидан огоҳлантирганди.

Бундай иддаоларга ЕТТБ бош иқтисодчиси кескин қилиб, “бўлиши мумкин эмас” деб жавоб берган:

“Биз бу масалада жуда қатъий муносабатдамиз. Яъни сиёсатга аралашган шахсларга ҳар қандай кўринишда алоқаси бўлган ширкатлар билан мутлақо ишламаймиз. Бундай шахслар бошқарув кенгашида, менежментда бўлган, бенефициари бўлган, қариндош ёки оилавий алоқаларини ишга солган ёки ҳокимиятдаги ҳозирги ёки аввалги сиёсий алоқаларини ишга солишдан фойда кўрган шахсларга алоқадор бизнес вакиллари билан ишламаймиз. Албатта, бу биз ишлашимиз мумкин бўлган ширкатлар сонини чеклайди ҳатто. Яъни, одатан йирик ширкатлар эмас, балки ўзини ўзи яратган бизнес вакиллари билан ишлаймиз. Биз бунинг учун махсус текширувлар ўтказамиз ва махсус гуруҳимиз текшируви билан коррупция ва сиёсатдан ҳоли бизнес вакилларини танлаймиз. Бунда бирор шубҳани эътибордан четда қолдирмаймиз”, деганди ЕТТБ бош иқтисодчиси Эрик Ливни.

2023 йилда Озодлик ва ҳамкорлари ўтказган қатор журналистик суриштирувлар шубҳали бизнес алоқалари ҳукуматнинг энг юқори доиралари, шахсан президент Мирзиёев оиласи аъзоларига ҳам бориб тақалиши, айниқса энергетика соҳасидаги бизнес алоқалар тизгини Кремлга туташганини ўртага чиқарди.

2023 йил якунига келиб эса, Ўзбекистон газ сектори тафсилотлари жамоатчиликдан беркитилган янги шартномалар билан, яна 15 йилга Россиянинг “Газпроми” ширкатига боғлаб қўйилди.

"Россия гази импорти ҳақида гапирсак, ҳа, бу Қозоғистон орқали ўтади - бу муаммо эмас. Бу ерда муаммо - Ўзбекистоннинг ички энергия балансида. Ўзбекистон ҳозир саноатлаштиришнинг юқори суръатларида, айни пайтда энергия истеъмолига эҳтиёж юқори ва табиий газ ресурслари чекланган шароитда. Илгари захиралар кўп эди, аммо тобора камайиб бормоқда. Яъни, газ импорт қилиш истаги асосли. Лекин, сиз узоқ қўшнингиз Россиядан эмас, балки энг яқин қўшнингиз Туркманистондан газ олишингиз мантиқан тўғри бўларди. Бу ерда асосий савол шуки: Россия қандай сиёсий босим ўтказдики, Ўзбекистон газни бир қадам қўшниси Туркманистондан эмас, балки Россиядан олмоқда?!", дея савол ташлайди Марказий Осиёда энергетик хавфсизлик бўйича эксперт, БМТнинг Европа иқтисодиёти бўйича комиссияси маслаҳатлашув кенгаши аъзоси Жон Робертс.

Озодлик “Газпром” ширкати билан эришилган келишув шарти, сотиб олинаётган газ нархи ва ҳажмига оид саволларни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, хорижий матбуот билан ишлашга масъул ўлароқ Озодликка тақдим қилинган АОКА агентлигига мурожаат қилди. Аммо, ҳануз жавоб олгани йўқ.

“Прецедент”

Расмий матбуот, томонлар оламшумул янгича ҳамкорлик ҳақида бонг уриб турган кезда - томонлар ўртасида муқаддам кузатилмаган яна бир воқеа содир бўлди.

Ўзбекистонда диний экстремизм ва радикализмда айбланиб, қидирувга берилган илк ўзбекистонлик Муҳсинжон Аҳмедов Франциядан Ўзбекистонга депорт қилинди ҳамда аэропортданоқ қўлига кишан солиниб, ҳибсга ташланди.

Фаолларга кўра, бу - геосиёсий-иқтисодий мулоқотлар илиқлашуви фонида, Ғарб ҳукуматларининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, судлов тизими, ҳокимиятнинг юқори бўғинларидаги коррупция каби қатор муаммоларга аста-секин кўз юма бошлаганидан дарак берувчи илк жиддий ишоратдир.

“Франция халқаро ҳуқуқ билан зиддиятга киришмоқда, бир тарафдан. Бошқа тарафдан, бу ўринда Франциянинг Ўзбекистон томони берган ахборотга қанчалик ишониши ҳам муҳим. Айнан Аҳмедов ишида французлар Ўзбекистон берган ҳар бир далил-исботга ишонади, деган фикрдан йироқман. Лекин, бу ерда ҳозир Франция ва умуман бутун Европани хавотирга солаётган ташқи омиллар бор. Яъни Ўзбекистон Москва ва Хитойнинг қаттиқ таъсири остида қолиши мумкин, деган хавотир. Яъни, Ўзбекистонга нисбатан геосиёсий манфаатлар, инсон ҳуқуқлари борасидаги Европа стандартларининг пасайишига туртки бўлмоқда. Узоқ муддатда эса бу Европанинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида эришган нуфузига албатта путур етказади”, дейди сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов.

Аксар таҳлилчиларга кўра, 2022 йилнинг февралида Россия Украинага очган уруш ортидан, бутун дунё, хусусан Марказий Осиёда ҳам геосиёсий муҳит тамоман ўзгаргани оқибатидир.

Бу уруш, шуҳбасиз Марказий осиёга эътиборни оширди. Бир тарафда ҳануз ўзини ушбу минтақанинг хўжайини кўраётган Россия, яна бир тарафда бутун минтақага улкан кредитлар бериш орқали қон томиридек ёйилаётган Хитойнинг таъсири муттасил ошмоқда.

Таҳлилчилар минтақага бугунги эътиборнинг, ўтган асрнинг 1990 йиллари бошидаги совет иттифоқидан мустақилликка эришилган илк даврга қиёсламоқда. Айримлар эса, минтақанинг 2001 йилда АҚШнинг Афғонистонда кирган пайтидаги вазиятини ёдга олмоқда.

Мисол учун, биргина сентябрь-ноябрь ойининг ўзида минтақа дунёнинг ўнлаб давлати, жумладан Туркия ва Эрон, раҳбарларини меҳмон қилди. Булар орасида, Гаага трибунали томонидан ҳибс олиш ордеридан кейин учинчи бор хорижга ташриф қилган Россия президенти Путиннинг ўрни алоҳида бўлди.

Дипломатик тадбирлардан бўшамай қолган МО раҳбарларида эса, айни пайтда улкан танлов имкони пайдо бўлди.

Табиийки, Ғарбнинг минтақа давлатлари билан муносабатларига Марказий Осиёга қатнаб қолган Россия, Хитой ва Яқин шарқ раҳбарлари билан сиёсий мулоқотлар жиддий таъсир кўрсатди.

Бир тарафдан, Евроиттифоқ ҳам МОдаги режаларини кенгайтириш ҳаракатига тушди. Шу йилнинг июль ойида "Марказий Осиё - ЕИ" саммитида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳақида гап борди.

Иккинчи тарафдан, минтақадаги манфаатлари учун курашаркан, Ғарб давлатлари расмийлари ҳам шундай вазиятнинг юзага келиши сабаб бўлган асл муаммо - Россия босқини ва унга нисбатан санкциялар масаласини бироз унутгандай бўлди.

"Осон бўлмаяпти"

Фаоллар кетма-кет икки урушга гувоҳ бўлаётган дунёдаги вазият қанчалик таранглашмасин, Ғарб ҳукуматлари Ўзбекистон каби давлатлар билан мулоқотда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги принциплардан тоймаслиги керак, акс ҳолда бу айнан Ўзбекистон мисолида, оғир оқибатларга олиб келиши мумкин, деб огоҳлантирмоқда.

Бундайларга кўра, Шавкат Мирзиёев ҳозирданоқ давлат бошқарувида ўзидан аввалги авторитар раҳбар - тарихга диктатор номи билан кирган Ислом Каримов изидан оғишмай илгариламоқда.

2023 йилда бунинг исботи ўлароқ яна бир йирик қадамни ташлади - 9 июлда ортидаги 1 ярим муддатни ноллаштириб, учинчи муддат президентликка сайланди.

Сайланаркан, худди Ислом Каримов қилгани каби, президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириб олишни ҳам унутмади.

Мирзиёевнинг учинчи муддат президентлиги фуқаролик жамияти фаоллари, блогерлар ва диндорларга нисбатан босим ва ҳибсга олишлардан бошлангани мамлакат ичкариси ва ташқарисида жиддий хавотирларни пайдо қилган.

Фаоллар Мирзиёевни ҳануз сиёсий мухолифатга йўл бермагани, Каримовдан қолган сиёсий тузумни ислоҳ қилмагани, қариндош-уруғчилик ва коррупция учун танқид қилишади.

Тармоқларда Мирзиёевнинг ташқи сиёсати Москвадан масофа сақлашга уринган ўтмишдоши Каримов сиёсати билан бот-бот таққосланади. Фаоллар уни тажовузкор Москва билан жуда ҳам яқинлиги ҳамда ўзаро муносабатларда Ўзбекистон манфаатларини етарли даражада қатъийлик билан ҳимоя қилолмаётгани учун танқид қилишади.

Аммо 22 декабрь куни Тошкентда ўтган йиғилишда Мирзиёев ўзининг ташқи сиёсатини ҳимоя қилди.

"Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш". Тошкент "чуқур ташвишда", аммо норозилик нотаси йўқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:42 0:00

Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида гапирган Мирзиёевга кўра, дунёда кучайиб бораётган кескинликлар манзарасида "Ўзбекистон учун манфаатли бўлган тўғри йўлни топиш осон бўлмаяпти".

“Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти”, — деган Мирзиёев.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бундай шароитда Ўзбекистон “барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш”га ҳаракат қилмоқда.

Мирзиёев алоҳида бир давлат номини тилга олгани йўқ, аммо ушбу баёнотдан бир кун аввал - 21 декабрь куни Россиянинг Тошкентдаги элчиси Олег Мальгинов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига "таклиф этилган"ди.

Форум

XS
SM
MD
LG