Ўзбекистон президентининг 19 январь куни имзоланган қарори билан шаҳар, қишлоқ ва овулларда “Ёшлар етакчиси” лавозими жорий қилинди.
Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, ёшлар етакчиси “Ёшлар баланси”ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали иш ташкил қилиш, маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий халқ ўйинлари ва спорт турларини ёшлар орасида оммалаштириш, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни амалга ошириш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш каби ишлар билан шуғулланади.
Етакчиларнинг ойлик маоши ҳам маҳалла оқсоқолининг маошидан икки баравар кўп, 4,1 миллион сўмдан қарийб 6 миллион сўмгача қилиб белгиланди.
Дунё, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиёти пандемияни бошдан кечираётган, бюджет дефицити ташқи қарз ўсиб боришининг асосий омилларидан бўлиб қолаётган бир пайтда бошқарув аппаратининг янада кенгайтирилишига қанчалик зарурат бор эди?
Ёшлар етакчисининг маҳаллалардаги ёшлар муаммоларини ҳал қилишда қанчалик ўрни бўлиши мумкин?
Ангор туман, Навшаҳар маҳалла фуқаролар йиғинининг собиқ котиби Эркин Гаппаров Озодликнинг бу ва бошқа саволларига жавоб берди.
“Мен президентнинг ҳақиқатан жон куйдириб, маҳалла ёшларининг муаммоларини ҳал қилишга қаратган ҳаракатларини ижобий баҳолайман. Лекин, бу “етакчилар” ҳам ўтмишдошлари каби абстракт бир ҳаракат бўлиб қолишидан хавотирдаман. Бюджет пулларини беҳуда сарфлаш халққа хиёнатдир. Бу пуллар халқнинг пешона тери билан топилган пуллардир. Халқ бу пулларни қайсидир амалдорни қават-қават уй қуриши, энг сўнгги автомобилда юриши ёки чет элларда саёхат қилиш учун солиғидан тўлаган эмас.
Шу вақтгача ташкил этилиб бекор бўлган ёшлар бўйича ўринбосарлар, “Камолот”, “Камалак” каби ёшларни қўллаб қувватловчи етакчилар ўзини оқламади. Агар ўзини оқлаганида эди маҳаллалардаги ўз жонига қасд қилишлар, ёшлар ўртасидаги жиноятлар сони сезиларли ўзгарган бўлар эди. Чунки жамиятимизда ўз жонига қасд қилишлар холатларнинг кўпчилиги ёшлар ҳиссасига тўғри келади.
Бу ишларнинг ҳаммаси қоғозда жуда чиройли бажарилади. Амалда эса кўплаб ёшлар Россияга, қўшни давлатларда ишлаш учун оила аъзоларидан кечиб кетишади. Қолганлари хам ишсиз иш қидириб сарсон бўлиб юришади.
Аҳолини иш билан таъминлашга масъул бўлган бандликка кўмаклашиш маркази эса номига иккита қаердаги ишни таклиф қилиб(у ишда ҳеч қачон ҳеч ким ишламайди) таклиф қилинган ишни рад қилди деб қоғоз қоралаб қўйилади.
Давлат бюджетидан эса миллиардлаб пуллар ҳавога совурилади.
Қарорда миллий халқ ўйинлари, ёшлар фестивалларини ташкил этиш, спорт турларини оммалаштириш каби ишлар белгиланган. Оч қоринга ёки оиласи фарзандлари ишсизликдан қийналаётган бир вақтда бу кўнгилочар нарсалар инсонга татирмиди.
Ёшларга етакчи эмас, ёшларга имконият керак, ёшларга иш керак!”
Аввалроқ Ўзбекистонда президент Ш. Мирзиёев кўрсатмаси билан ҳоким ёрдамчиси лавозими таъсис этилган. Маълумотларга кўра, янги йилдан жойларда 9 минг 309 нафар ҳоким ёрдамчиси иш бошлаган ва уларга кўмак бериш учун вазирликлардан 300 нафар раҳбар-ходимлар хизмат сафарига юборилган.
Айни пайтда мамлакатда бюджет тақчиллиги ва пандемия шароитида солиқ тўловчилар ҳисобидан миллионлаб сўм ойлик тўланадиган янги лавозимларнинг таъсис этилиши танқидларга сабаб бўлмоқда.