Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:32

Шаҳрисабзнинг уч қишлоғини сув босди


22 апрел куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги тоғ этакларида жойлашган қишлоқларда тошқин рўй берган.

Шаҳрисабзнинг Ўрмонтепа, Дўнгқишлоқ ва Қорапойча деган қишлоқларда кучли жала ёғиши ортидан, сув тошқини юзага келиб, аҳолининг турар-жойлари сув остида қолган.

Бу ҳақда вазиятни ўрганган “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов Озодликка маълум қилди.

- Ўрмонтепа, Дўнгқишлоқ ва Қорапойчада сув тошқини бўлган. Маҳаллий аҳоли билан гаплашдик. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг навбатчилик қисми билан гаплашдик. Ҳозир биздаги дастлабки маълумотларга кўра, Ўрмонтепа, Қорапойча ҳамда Дўнқишлоқда аҳолининг уйларини сув босиш, кўчаларни сув босиш ҳолатлари кузатилган. Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Қашқадарё вилояти бўлимининг Зафар деган ходими билан гаплашдим. Ҳозирда ўша ерда МЧС ходимлари, психологлар одамларга маълум даражада ёрдам қўлини чўзишаяпти. Табиий офат талофатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилаяпти, дейди ҳуқуқ фаоли.

Ташановга кўра, тошқин остида қолган ўнлаб уйлардан аҳоли бошқа ҳудудга эвакуация қилинган.

- Кўпчилик аҳолининг эвакуация қилингани, бошқа жойларга кўчирилгани ҳақидаги маълумотларни олдик. Ўнлаб хонадонлар тошқин бўлган жойдан бошқа жойга эвакуация қилинган. Аҳолининг катта моддий талофат кўргани ҳақида маълумотлар бор. Жуда ҳам кучли жала ёғиши натижасида келган сел оқибатида, асосан, уйлар зарар кўрган. Ҳозирда қурбонлар йўқлиги айтилаяпти. Тошқиннинг зарар кўлами қанчалиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. МЧС ходимлари зарар кўрганларга товон пули, ёрдам берилиши ҳақида бизга гапиришди, деди Ташанов.

Айни пайтда Қашқадарёнинг бошқа туманларидаги тоғли ҳудудларда ҳам тошқин бўлиш хавфидан аҳоли огоҳлантирилган.

- Ҳозир тошқин тўхтаган. Биздаги маълумотларга кўра, тошқин фақат Шаҳрисабзда бўлган. Лекин ҳавода намлик ортиши, жала ёғиши оқибатида бошқа тоғли қишлоқларда ҳам сел келиши хавфи борлиги ҳақида аҳоли огоҳлантирилаяпти. Билайн ва бошқа уяли алоқа операторлари махсус сообщение юбориб, тоғли ҳудудларда тошқин бўлиши хавфидан огоҳлантириб хабарлар бераяпти. МЧС ходимларининг бизга айтиши бўйича, чора-тадбирлар кўрилаяпти. Табиий офатнинг олдини олиш, одамларга нисбатан кам зарар етказиш, зарарни олдини олиш чоралари кўрилаётган экан, дейди Абдураҳмон Ташанов.

20 февралдан 21 февралга ўтар кечаси ярим тунда Жиззахнинг Ғаллаорол туманидаги Турк, Жарбулоқ, Чўмичли, Жума, Каризқудуқ ва Тошкамар қишлоқлари сув остида қолган ва 234 та уй тошқиндан зарар кўрган эди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 4 апрел кунги қарорида Ғаллаорол туманида юз берган сел ва сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун 2 миллиард 92 миллион сўм маблағ ажратилиши айтилди.
XS
SM
MD
LG