Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:50

“ИШИДчи” Авакяннинг яқинлари билан АҚШ Давлат котиби ўринбосари учрашди


ИШИД алоқадорлик айби билан қамалган Арамаис Авакян
ИШИД алоқадорлик айби билан қамалган Арамаис Авакян

Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди томонидан жорий йил февралида 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган Ўзбекистон фуқароси, этник армани насроний Арамаис Авакяннинг хотини ва онаси ҳамда Авакян билан судланган яна бир фуқаро Фурқат Жўраевнинг яқинлари ўтган ҳафта охирида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида қабул қилинди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг марказий телеканалларидан бирида Авакян ва у билан бирга судланганлар тўғрисида махсус кўрсатув эфирга узатилиши кутилаётганлиги айтилди.

Арамаиснинг онаси Флора Авакяннинг Озодликка айтишича, элчихонада бўлиб ўтган учрашув чоғида уни, келини Ширинни ҳамда Фурқат Жўраевнинг онасини АҚШ элчиси Памела Спратлен ҳамда ўтган ҳафтада Ўзбекистонга сафар қилган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниел Розенблюмлар қабул қилган ва улар Жиззах судида кўрилган иш тафсилотларини суриштирган.

Авакяннинг хотини Шириннинг айтишича, бир соатдан кўпроқ вақтга чўзилган учрашув охирида Америка расмийлари мазкур масала юзасидан Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилишга ваъда берган.

- Биз яқинларингиз юзасидан Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қиламиз, улар ноҳақ қамалган бўлса, ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини сўраймиз, дейишди, деди Ширин Авакян.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси телефонини кўтарган ходима учрашув бўлганини на тасдиқлади, на инкор этди; бу масала юзасидан информация беришга ваколатли ходимнинг ўзи Озодлик билан боғланажагини билдирди. Лекин ушбу хабар тайёрланаётган соатгача элчихона вакили Озодлик билан боғлангани йўқ.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниел Розенблюм 9 апрелда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди.

Учрашув чоғида икки томонлама муносабатларнинг бугунги аҳволи ва истиқболларини муҳокама қилинган. Учрашувда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен ҳам иштирок этган.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати Розенблюмнинг ўзбек расмийси билан учрашгани юзасидан бошқа тафсилотлар мавжуд эмаслигини Озодликка билдирган.

Айни пайтда...

Авакяннинг хотини Шириндан Ўзбекистон телеканалларидан бирида эри ва у билан бирга судланганлар тўғрисида кўрсатув намойиш қилиниши кутилаётганлиги маълум бўлди.

- Фурқат Жўраевнинг синглиси Тошкентда яшайди. У кеча кўрсатув рекламасини кўрибди. Акасини таниб қолибди. Унинг айтишича, кўрсатув бугун соат 9 да кўрсатилар экан, деди Ширин.

Унинг фикрича, бундай кўрсатув намойиш қилишга телевидениенинг ҳаққи йўқ.

- Чунки шофёр бола (судланганлардан бири) кассация аризаси берган, унинг суди битмади, биз апелляцияга берганмиз, Олий Судга арз қилганмиз, Олий Суд аризамизни ҳали кўриб чиққани йўқ, деди Ширин.

Авакяннинг хотинининг тахминича, намойиш қилиниши кутилаётган кўрсатувни Жиззах телевидениеси суратга олган.

- Суд тугамай туриб, нима учун телевидениега чиқараяпти, деб сўраш учун Жиззах телеканалига бордик. Сўрасак, "биздан хафа бўлманглар, биз съёмка қилиб бердик, холос, дискини миллий хавфсизликка бердик", деб айтишди, деди Ширин.

Жиззах вилоят телевидениесидан изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Этап

Арамаиснинг онаси Флора Авакяннинг айтишича, ўғли кеча (11 апрель) Қаршидаги жазо ўташ муассасасига кўчирилган.

***

Жиззах вилояти суди 22 март кунги мажлисида Арамаис Авакян билан бирга 5 йилдан 12 йилгача муддатларга қамалган яна 3 шахс - Фурқат Жўраев, Бектемир Умрзоқов, Дилшод Олимовларнинг қуйи инстанция суди ҳукми устидан апелляция аризасини кўриб чиқиб, қондирмаган.

Жорий йил февралида жами 13 киши Жиззах вилояти Пахтакор туманида ИШИДга хайрихоҳ террор гуруҳини тузиш ва ҳамюртларини "Исломий давлат"га йўллашга ҳозирлик кўришда айбланиб судланган, улардан 5 нафари қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

XS
SM
MD
LG